Ўзбекистон | 16:55 / 09.11.2022
6451
9 дақиқада ўқилади

Навоий вилоятида “Маданият карвони”, “Маънавият фестивали” юксак мақом касб этди

Фото: Маънавият фестивали

Раият ўртасидаги узвий меҳр-муҳаббат, ўзаро ишонч, маъмурчилик ва фаровонликка эришишга интилиш ҳиссини янада такомиллаштириш борасидаги эзгу ва бахайр ибратли фазилатларни тўла намоён қила оладиган енгилмас куч бу МАЪНАВИЯТ ҳисобланади. Баайни Республикамиз бўйлаб қутлуғ сафарга отланган “Маданият карвони” жойларда “Маънавият фестивали” доирасида кўплаб кечиктириб бўлмас хайрли ишларни амалга оширишга муваффақ бўлаётгани алоҳида эътироф этишга лойиқ ҳаётий жараёндир. Муайян асосларга эга тизимли ижтимоий лойиҳаларни қўллаш ва маърифий тадбирларни амалга ошириш давомида ҳам ана шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳар бир ҳудудга кўплаб таниқли олимлар, зиёлилар, ижодкорлар ҳамда санъат аҳли жалб этилиб, улар гуруҳларга бўлиниб, республикамизнинг энг чекка қишлоқ, овулларигача бориб, маҳаллий аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар уюштириб, уларнинг ўй-ташвишлари, қувонч-у ютуқларига шерик бўлишиб, барча жабҳаларда ҳамдард-у ҳаммаслак бўлишмоқда.

Бинобарин, одамлар қалбига илиқлик олиб кираётган, эл-юртда илм-маърифат нурларини янада кенг тарғиб этиб, зиёлиларни маънан бирлаштираётган “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остида ўтказилаётган “Маданият карвони” ҳамда “Маънавият фестивали”нинг навбатдаги манзили Навоий вилояти бўлди. Пойтахтдан йўл олган 150 нафардан ортиқ зиёлилар, ижодкорлар, санъаткорлар Навоий шаҳар темирйўл вокзалида тантанали равишда кутиб олинди. Шундан сўнг тарғиботчилар вилоятдаги 326 маҳалладаги маданий-маърифий тадбирларда иштирок этиш учун белгиланган манзилларга йўл олишди.

Фестивалнинг дастлабки куни Навоий шаҳридаги файзбахш "Алишер Навоий боғи" дам олиш мажмуасида “Маънавият кубоги” лойиҳаси доирасида “Соғлиқ учун 5000 қадам” марафони ташкил этилди. Унда 2000 нафардан ортиқ маҳаллий аҳоли вакиллари иштирок этди. 

Шунингдек, мазкур лойиҳада спортнинг минифутбол, шахмат, шашка турлари бўйича ҳам мусобақалар ўтказилди. Минифутболда Хатирчи тумани жамоаси ғолибликни қўлга киритди. Барча совриндорларга Республика Маънавият ва маърифат маркази, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти томонидан эсдалик совғалар ҳамда дипломлар топширилди.

Шу куни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти ҳамкорлигида ташкил этилган “Китоб карвони” лойиҳаси ҳам адабиёт муҳибларини хушнуд этди. Чунончи, аҳоли ўртасида китобхонлик маданиятини ошириш, ёш авлод онг-у шуурида мароқли мутолаага бўлган иштиёқ ва меҳрни юксалтириш мақсадида жаҳон ва ўзбек адабиёти дурдоналаридан иборат 10 мингдан зиёд илмий ва бадиий асарлар ортилган автокарвон вилоятнинг барча туман ва шаҳарлари томон йўл олди.

Шунингдек, Навоий шаҳрининг кўркам ва ўктам обидаларидан бири — “Фарҳод” маданият саройида "Ўзбекистон Қаҳрамонлари” китоб-альбоми тақдимоти ҳамда “Менинг фарзандим — Ўзбекистон фахри” лойиҳаси бўйича маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Унда Навоий заминидан етишиб чиққан Ўзбекистон Қаҳрамонларининг Ватан равнақи, эл-юрт фаровонлиги, фарзандлар таълим-тарбияси йўлида бахшида бўлган шарафли умр йўллари ҳақида мухтасар тўхталиб, қаҳрамонлар ва уларнинг оила-аъзоларига чуқур ва самимий миннатдорчиликлар билдирилди. Шунингдек, турли спорт ва фан олимпиадалари совриндорлари бўлган ҳудуддаги 11 нафар энг фаол, интилувчан, истеъдодли ёшлар ҳамда уларнинг ота-оналари Республика Маънавият ва маърифат маркази, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти томонидан тақдирландилар. 

Навоий вилоят Маънавият ва маърифат маркази анжуманлар залида ва Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетида 120 нафар мактаблардаги Ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилар, олий таълим муассасаларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича масъуллари, олимлар, профессор-ўқитувчилар иштирокида жойлардаги тарғиботчиларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш мақсадида “Зиёлилар форуми” ва “Маънавият. Асосий тушунчалар луғати” китоби тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.

Қизилтепа ва Нурота туманларида ўтказилган «Яшил макон» лойиҳаси доирасида мингга яқин янги дарахт кўчатлари ўтқазилди.

Булардан ташқари, Кармана ва Хатирчи туманларида оилавий ажримларнинг олдини олиш, эрта турмуш қуришнинг салбий оқибатларини тарғиб этиш, тазйиққа учраган хотин-қизларга руҳий кўмак беришга қаратилган “Оила — маънавият қўрғони” лойиҳаси бўйича тадбир бўлиб ўтди. Унда ҳар хил келишмовчиликлар туфайли жар ёқасига келиб қолган оилаларда ижтимоий муҳитни яхшилаш юзасидан тажрибали мутахассислар томонидан зарур йўл-йўриқлар кўрсатилди.

Сўнгра Республика Маънавият ва маърифат маркази “Маърифат” тарғиботчилар жамияти фаоллари, масъуллар, вилоят мутасаддилари, ижодкорлар ва санъаткорлар Навоий вилоят болалар кўптармоқли тиббиёт марказига ташриф буюришди ва шифоталаб болажонларга 250 дан ортиқ юмшоқ ўйинчоқлар, бадиий китоблар совға қилишди. Шунингдек, Конимех туманида уйида даволанаётган нуронийлар ҳолидан ҳам хабар олинди. Муҳими, мазкур лойиҳа давомида хасталик билан курашаётган кўплаб ҳамюртларимизнинг кайфияти кўтарилди, лабларидаги майин табассум аломатлари тафтли меҳр ришталари бўлиб қалблардан қалбларга кўчди. Ундан кейин “Маънавият фестивали” доирасидаги “Инсон қадри учун” лойиҳаси бўйича Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Навоий вилоят филиалида даволанаётганлар ҳузурида ўз ижодлари ва санъатларини намойиш қилишиб, меҳрга муҳтож инсонларнинг кўнгилларини хушнуд этишди.

Айтиш керакки, “Маърифат тур” лойиҳаси ҳам аҳоли томонидан илиқ кутиб олинмоқда. Мазкур лойиҳа давомида “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”, “Темир дафтар”га киритилган оила вакилларидан 60 нафардан ортиғи Қизилтепа туманидан Бухоро шаҳри томон йўл олишди. Улар “Арк”, "Минораи Калон", "Абдуллахон мадрасаси" ҳамда қадимий Болоҳовуз масжидини зиёрат қилишди. Шу билан бирга фестиваль иштирокчилари Яккатом маҳалласида жойлашган “Хўжакалон Абдулмоний” зиёратгоҳида ҳам бўлишди. Улар қадим Ахсикент оид топилган осори-атиқалар жамланган музей фаолияти билан танишди.

Конимех, Томди туманида фарзандларимизни миллий ғурур, юксак ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, маънавий меъросимизнинг нодир намуналари, миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш ва аҳоли орасида тарғиб этиш мақсадида “Миллий қадриятлар” ҳафталиги ҳам ўтказилди. 

Марказий ҳарбий округнинг 20022 ҳарбий қисмида, Ғозғон шаҳридаги “Premier Textile” фабрикаси, “Мармаробод”МЧЖ, Қизилтепа тумани “Тошработ текстил” фабрикасида “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзолари иштирокида “Маърифат соатлари” ўтказилди.

“Маданият карвони”, “Маънавият фестивали”нинг навбатдаги манзили Қизилтепа туманидаги 10-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида “Зукко Болажон” фотоальбоми тақдимоти бўлиб ўтди.

Навоийликлар, айниқса, Киноматография агентлиги томонидан амалга оширилаётган “Кинокарвон” лойиҳасини катта қизиқиш билан кутиб олишди. Кинокарвон доирасида “Барон-2. Соғинч”, “Ватан остонасида”, “101 рейс”, “Аёл қисмати”, “Мерос”, “Бир кунлик тўй” каби 11 номдаги бадиий ва ҳужжатли фильмларнинг намойишлари ўтказилди. Эътиборли жиҳати эса мазкур жараёнда элимиз суйган санъаткорлар, киноижодкорлар иштирок этиб, ижодий учрашувлар ташкил этмоқда.

Эътироф этиш керакки, навоийликлар мумтоз қўшиқларимизни ҳам, бугунги адабиётимизни ҳам яхши ўқиб-ўрганганлиги уларнинг мулоқотларида яққол сезилиб турди. “Маънавият фестивали” доирасидаги ушбу лойиҳа ҳам маҳаллий аҳоли вакилларини жуда хурсанд қилди. Тадбирларда пойтахтдан ташриф буюрган илм-фан, адабиёт, санъат, маданият намояндалари фаол иштирок этишди.

«Маърифат» тарғиботчилар жамияти ахборот хизмати

 (Реклама ҳуқуқи асосида)

Мавзуга оид