Ўзбекистон | 08:01 / 01.05.2019
31753
4 дақиқада ўқилади

Таълим муассасаларининг намунавий штатларида жиддий ўзгаришлар юз беради

Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига Халқ таълими вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг “Умумтаълим муассасалари ҳамда “Меҳрибонлик” уйлари бошқарув, техник, хизмат кўрсатувчи ва ўқув-ёрдамчи ходимларининг намунавий штатларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарор лойиҳаси жойлаштирилди.

Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати хабарига кўра, шу кунга қадар таълим муассасаларининг намунавий штатлар жадвали Халқ таълими вазирлигининг 2012 йил 26 апрелдаги 141-сонли буйруғи билан тасдиқланган, аммо ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмаган. Мазкур қарор лойиҳаси эса таълим муассасаларининг амалдаги намунавий штатлар жадвалларида юзага келаётган муаммолар бартараф этилиб, шаффоф механизм асосида замон талабларидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган.

Мазкур қарор лойиҳасига кўра, умумтаълим муассасаларида 10-11-синфни жорий этилиши муносабати билан киритилган Ҳарбий чақириққача тайёргарлик раҳбари лавозими Ватанпарварлик руҳида ёшларни тайёрлаш бўйича директор ўринбосари сифатида ўзгартирилмоқда. Шу билан бир қаторда, давлат раҳбари томонидан ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича илгари сурилган 5 та муҳим ташаббусни амалга ошириш мақсадида таълим муассасаларининг янги таҳрирдаги намунавий штатлар жадвалига 1,0 штат бирлик оммавий тадбирлар ташкилотчиси лавозими ҳам киритилмоқда.

Бугунги кунда ҳукумат томонидан ўз йўналиши бўйича мамлакат ривожига ҳисса қўшган аллома, ёзувчи ҳамда шоирлар хотирасини абадийлаштириш ҳамда ёшларни уларнинг ҳаёт йўли билан таништириш мақсадида таълим муассасаларида музейлар ташкил этилмоқда. Ушбу ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ташкил этилган музейлар фаолиятини тўғри ва самарали йўлга қўйиш мақсадида уларнинг намунавий штатлар жадвалига 1,0 бирлик музей кузатувчиси лавозимини киритиш таклиф этилган.

Аҳамиятлиси, таълим муассасаларида психолог лавозимларининг амалдаги меъёрлари синфлар сонидан келиб чиқиб киритилган бўлса, янги таҳрирдаги намунавий штатлар жадвалларида ўқувчилар сонига кўра умумтаълим муассасаларида 3,0 штат бирликкача ва тарбияланувчилар сонига кўра “Меҳрибонлик” уйларида 2,0 штат бирликкача психолог лавозими киритилмоқда.

Шунингдек, “Меҳрибонлик” уйларининг амалдаги намунавий штатлар жадвалида кўзда тутилмаган штатлар, ишлаб чиқилган қарор лойиҳаси асосида тарбияланувчиларнинг санитария қоидалари ва меъёрларига мувофиқ хавфсиз овқатлантирилишини таъминлаш мақсадида 1,0 штат бирлик диетолог лавозими, қолаверса, уларнинг соғлом ва баркамол авлод қилиб тарбиялаш, бўш вақтини сермазмун ташкил этиш мақсадида 1,0 штат бирлик тренер-йўриқчи лавозими ҳам кўзда тутилган.

Бундан ташқари, таълим муассасалари учун амалда қўлланилаётган (3 штат бирлик) қоровул лавозими ҳар бир бино учун 4,0 штат бирликдан киритилмоқда. Қолаверса, муассасаларнинг техник кўрсаткичлардан келиб чиқиб, супуриладиган ҳудудга кирадиган майдон турлари (асфальт, бетон, брусчатка ва спорт майдонлари) аниқ кўрсатилмоқда. Шу билан бирга, биноларнинг ички тозаланадиган қисмлари хизмат хоналари, йўлаклар, зинапоялар, фаоллар зали ва спорт зал ҳамда ўқув синфларга ажратиш орқали уларга белгиланган амалдаги фаррош лавозимининг штат бирликлари сақлаб қолинмоқда.

Мавзуга оид