Кўча пойгалари: Самарқанд шаҳридаги чорраҳаларга қоидабузарликларни қайд этадиган камералар қачон ўрнатилади?
Самарқанд шаҳридаги кўплаб марказий чорраҳаларга камералар ўрнатилган. Лекин улар қоидабузарликларни қайд этмайди. Шу сабабли шаҳар кўчаларида айрим ҳайдовчилар йўл ҳаракати қоидалари билан эмас, балки «ўрмон қоидалари» билан машина бошқармоқда.
Сўнгги йилларда Самарқанд шаҳрида машина бошқариш қийин ва хавфли бўлиб қолди. Кўчалардаги чорраҳаларда ўрнатилган камералар қоидабузарликларни қайд этмаслиги туфайли аксарият ҳайдовчилар машиналарни ўзлари истагандек, бошқаларга халақит берган ҳолда бошқаришмоқда.
Қолаверса, Самарқандда ҳам машиналар оқими жуда зичлиги сабабли тартибли ҳайдовчилар қоидабузарларнинг кутилмаганда тўқнашув содир этишидан чўчиб рулга ўтиришади.
Қоидабузарлиги учун жазоланмаслигини биладиган ҳайдовчилар қизил чироқда машиналар тўхташ чизиғини босиб тўхтайди. Айримлари ҳатто бошқаларга халақит берган ҳолда чорраҳанинг ўртасигача чиқиб боради.
Бундан ташқари, бошқаларнинг ҳаётига хавф туғдирган ҳолда светофорнинг қизил чироғидан ошкора ўтиб кетаётган ҳайдовчилар сони ҳам кўп. Буни ижтимоий тармоқларга юкланаётган айрим видеолардан ҳам билса бўлади.
1-мисол. 2021 йил январ ойида Самарқанд шаҳридаги Мирзо Улуғбек ва Гагарин кўчалари чорраҳасида Lacetti машинаси бошқа транспорт воситаларининг ҳаракатига халақит берган ҳолда қизил чироқдан ўтади. Оқибатда, яшил чироқда чорраҳага чиққан, оралиқ масофаси яқин бўлган автобус ва Маtiz машиналари кескин тормоз босилиши натижасида ўзаро тўқнашади.
Қизиғи, ана шу ҳодиса ортидан Самарқанд вилоят ИИБ ситуацион марказидаги кузатув камераларининг архив фонди кўздан кечирилиб, айбдор топилади.
Яъни чорраҳаларда кузатув камералари бор. Ситуацион марказ ташкил қилинган ва у ерда чорраҳалардаги транспорт воситалари оқими кузатилади ва видеотасвир ёзиб олинади. Аммо қоидабузарлик қайд этилмайди.
2-ҳодиса. 2021 йил ёз ойларидан бирида Мирзо Улуғбек кўчаси бўйлаб тез ҳаракатланиб келган Spark бошқарувни йўқотиб, йўлдан чиқиб кетди. Оқибатда Мирзо Улуғбек ва Мир Саид Барака кўчалари кесишган чорраҳага ўрнатилган светофорнинг устунини ағдариб юборди.
3-ҳодиса. 2021 йил ёз ойларида аввалроқ Spark светофор устунини ағдариб юборган жойда бошқа бир Spark тез ҳаракатланиб келиб, бошқарувни йўқотди ва ўсиб турган дарахт билан тўқнашди. Оқибатда дарахт синди. Машина эса пачоқ бўлди.
4-ҳодиса. Тез ҳаракатланиб келган Lacetti светофорнинг қизил чироғидан ўтиб, йўлни иккига ажратиб турган кичик бетон бўлаги устига чиқиб қолди. Агар у бетон тўсиқни ошиб йўлнинг қарама қарши томонига ўтиб кетганда рўпарадан келаётган машиналар билан тўқнашиши аниқ эди. Кўз ўнгимизда содир бўлган бу ҳодиса аввалида иккита машина ўзаро пойга уюштириб келаётганди.
5-ҳодиса. Мирзо Улуғбек кўчасидан келиб Мир Саид Барака кўчасига қайрилмоқчи бўлган Damas машинасини Мирзо Улуғбек кўчасида рўпарадан тез ҳаракатланиб келаётган Captiva уриб юборди. Оқибатда Damas ҳайдовчиси жиддий тан жароҳатлари олиб, шифохонага ётқизилади.
Қизиғи шундаки, юқоридаги ҳодисаларнинг тўрттаси бир жойда, тунда содир бўлди. Бу биз бевосита гувоҳи бўлган «авария»лар. Гувоҳи бўлмаганларимиз ва шаҳарнинг бошқа жойларида содир бўлаётганлари қанча экан?!
Сўнгги пайтларда одамларни бошқа бир жиддий масала ўйлантиряпти. Самарқанд шаҳридаги марказий кўчаларида тунда уюштирилаётган автопойгаларга қачон барҳам берилади? Ёки чорраҳаларда қоидабузарликларни қайд этувчи камералар йўқлиги ва ишламаётгани учун катта тезликда ҳаракатланаётган ҳайдовчиларга қачон чора кўрилади?
Тунги кўча пойгаларини ёки шунчаки катта тезликда ҳаракатланадиган бошқа ҳайдовчиларни инсон омили билан тартибга олиб бўлмайди. Шу учун ҳам бу муаммонинг энг тўғри ечими — қоидабузарликларни қайд этадиган камераларни тезроқ ишга тушириш.
Мисол учун, бир пайтлар Тошкент шаҳри чорраҳаларидаги ҳолат ҳозирги Самарқанддагига жуда ўхшаш эди. Қоидабузарликларни қайд этадиган камералар йўқлиги учун ҳайдовчилар чорраҳаларда «стоп-линия» босиб тўхтарди.
Ўшанда светофорда тўхтаб турган ҳайдовчилар светофорнинг огоҳлантирувчи сариқ чироғи ёнгандаёқ «юр» деган маънода ўзидан олдинги машинага сигнал чаларди. Шунингдек, айримлар намойишкорона чорраҳа ўртасига чиқиб кетарди. Бундан ташқари, светофорнинг қизил чироғида ўтиб кетиш ҳам одат тусига кирганди.
Шундан сўнг ҳолатни тартибга солиш учун чорраҳаларда қоидабузарликларни қайд этадиган камералар ўрнатилди. 2017 йил 15 март куни Тошкент шаҳридаги 115 та чорраҳада камералар ишга тушди. Шундан сўнг пойтахт чорраҳаларида қизил чироқда ўтиб кетиш, «стоп-линия»ни босиб тўхташ ва пиёдаларни ўтказмаслик каби қоидабузарликлар кескин камайди.
Самарқанд ва бошқа вилоятлар марказларида чорраҳаларни, қоидабузарликларни қайд этадиган камералар билан жиҳозлаб, шу йўл билан қоидабузарликларни кескин камайтириш шунчалик қийинми? Ёки бунинг одамларга номаълум бўлган бошқа сабаблари борми?
Тошкентда жами 115 та чорраҳага қоидабузарликларни қайд этадиган камералар ўрнатилган бўлса, вилоят марказлари анча кичик. Уларда чорраҳалар сони камлиги сабабли пойтахтдагидан анча кам пул сарфлаб камераларни ўрнатса бўлади
Агар чорраҳаларни камера билан жиҳозлаб чиқишга бюджетдан пул топилмаса, бу ишни хусусий тадбиркорларга топшириш ва шу йўл билан шаҳар кўчаларида тартиб ўрнатиш ҳам мумкин.
Яқинда, сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Facebook'даги саҳифасига жойлаштирган постида «Ўзбекистон йўлларида юрганда, ўзимни камикадзелар орасида юргандек ҳис қиламан» ёзди. Сиёсатшунос бу гаплари билан биздаги ҳолатга аниқ баҳо берди.
Умуман олганда, ЙТҲларнинг олдини олиш учун ҳали жуда кўп ишлар қилиниши керак. Аммо ҳозир энг биринчи навбатда зудлик билан вилоят марказларидаги чорраҳаларни қоидабузарликларни қайд этадиган камералар билан жиҳозлаш керак. Шу иш бажарилса йирик шаҳарларда содир бўлаётган ЙТҲларни кескин камайтириш мумкин.
Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХБ ахборот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича Самарқанд шаҳри чорраҳаларида ўрнатилган камералардан қоидабузарликларни қайд этишда фойдаланса бўлади. Бунинг учун мониторинг маркази ташкил этилса бўлди. Демак, Самарқанд кўчаларидаги қоидабузарликларни тартибга олиш унчалик қийин эмас. Шунчаки, масъулларда хоҳиш уйғониши керак, холос.
Ғайрат Йўлдош, Kun.uz мухбири
Мавзуга оид
13:49 / 14.11.2024
Самарқандда ўқувчи автобус уриб юбориши оқибатида ҳалок бўлди
09:28 / 08.11.2024
Самарқандга 100 та электробус олиб келинади
10:53 / 07.11.2024
Миср Самарқанд вилояти туман ва шаҳарларида сув таъминоти тизимини модернизация қилиши мумкин
21:44 / 01.11.2024