Ўзбекистон | 21:13 / 10.09.2020
18354
2 дақиқада ўқилади

Янги авлод машиналари кунига 20 тоннагача пахта теради —Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводидан репортаж

Ўзбекистонда пахта йиғим-терим мавсуми яқинлашмоқда. Пахта теримида мажбурий меҳнатдан воз кечилиши, теримда қўл меҳнатини камайтириш пахта териш машиналарига талабни оширади. Хўш, бундай талаб қай даражада қондирилмоқда? Ўзбекистонда қанча миқдорда пахта териш машиналари ишлаб чиқариляпти? Уларнинг имкониятлари қай даражада?

Шу каби саволлар юзасидан Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводида ОAВ учун пресс-тур ташкил этилди.

Биламизки, пахтачилик ривожланишининг замонавий ҳолати пахта етиштириш ва ҳосилни йиғиштириб олишнинг барча жараёнлари қанчалик механизациялашгани билан белгиланади.

Ҳукумат шу йил 14 январда «Республика ҳудудларида пахта ҳосили теримини механизациялаш даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» қарор қабул қилган эди. Унга асосан:

  • Биринчи босқичда (2020–2022 йиллар) Жиззах, Қашқадарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида;
  • Иккинчи босқичда (2023–2026 йиллар) республиканинг қолган ҳудудларида пахта хосилини йиғиштириб олишни механизациялашни жадаллаштириш белгиланган.

«Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводи» AЖ бу йилги мавсумга 850 дона пахта териш машиналарини ишлаб чиқаришни ва республика ҳудудларига етказиб беришни режалаштирган.

Шундан 550 таси – CE-220 русумли (Cаsе) горизонтал шпинделли, 300 донаси – МХ-1.8 русумли вертикал шпинделли пахта териш машиналари.

Маълум қилинишича, ҳозирда заводдан CE-220 русумли пахта териш машиналари трансформер шаклида ишлаб чиқарилмоқда. Пахта мавсумида ушбу моделдан пахта териш машинаси сифатида, қолган даврларда универсал-ҳайдов трактори сифатида фойдаланиш мумкин. Яъни фермер бундан фақат пахта териш учун эмас, қолган қишлоқ хўжалик юмушларида ҳам фойдаланиши мумкин. Моделнинг асосийси ютуғи ана шунда.

Янги авлод пахта териш машинасининг иш унумдорлиги кунига 20 тоннагача бўлиб, 400 нафаргача теримчи ўрнини боса олади.

Ҳозирда ушбу машиналар бутловчи қисмларининг 20 фоизидан ортиғи локализация қилинган.

Таъкидланишича, машиналар фермерларга CE-220 русумли пахта териш машиналари 10 йил муддатга, МХ-1.8 русумли пахта териш машиналари эса 7 йил муддатга устувор равишда пахта-тўқимачилик кластерлари ва фермер хўжаликларига етказиб берилмоқда.

Мавзуга оид