Жаҳон | 21:53 / 11.02.2023
67697
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Россияга дўстона давлатлар қаторига киритилди 

Россияга қўшни бўлган 14 та давлатдан 8 таси «дўстона» деб топилди. 

Фото: Reuters

Россия 14 қўшни давлатдан камида саккизтаси билан яхши муносабатларга эга. Бу ҳақда Россиянинг Коммуникацияларни ривожлантириш миллий тадқиқот институтига (Национальний исследовательский институт развития коммуникаций, НИИРК) таяниб, «Коммерсантъ» хабар берди. 

10 феврал куни НИИРК Россиянинг қўшни давлатлари дўстоналиги бўйича йиллик мониторинг натижаларини тақдим этди.  

Тадқиқотлар 14 давлатда ўтказилди, улардан саккизтаси дўстона, тўрттаси (Эстония, Латвия, Литва ва Украина) эса очиқ душманлар тоифасига кирди. Яна иккитаси, Грузия ва Молдова «нисбатан дўстона давлат» сифатида саналди. 

НИИРК директори ўринбосари Валентина Комлева сўзларига кўра, тадқиқотда нафақат сиёсий компонент, балки аҳолининг Россияга нисбатан умумий муносабати ҳам ҳисобга олинган. Маҳаллий ва хорижий экспертлар ҳаракат эркинлиги, рус тилига муносабат, иқтисодий алоқалар, илмий ва маданий алоқалар, БМТда овоз бериш каби жами 68 та кўрсаткични таҳлил қилган. 

«Дўстоналик» рейтингида Беларус яққол етакчи бўлиб турибди. Ушбу давлат билан барча алоқа турлари юқори балл олган. Фақат нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) ўртасидаги муносабатлар истисно қилинган. 

Қирғизистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон каби дўстона давлатлар билан алоқалар динамикаси яхшилангани қайд этилган. Аммо Арманистон ва Қозоғистон «ўзгарувчан режимлар» гуруҳига киритилган. Қайд этилишича, бу давлатларда Россия билан муносабатлар тарихи қайта кўриб чиқила бошлаган. Шу сабабли, коммуникацияларни ривожлантириш шартлари ёмон томонга ўзгариши мумкин, деб огоҳлантирмоқда экспертлар.  

Мутахассислар, шунингдек, Россияга қарши санкцияларга қўшилишдан бош тортган ва иқтисодий ҳамкорлик имкониятларини кенгайтираётган Грузия билан муносабатлар яхшиланганини қайд этган. Шу билан бирга, Молдова алоқа шароитларининг ёмонлашуви йўлидан бормоқда, дейди тадқиқот муаллифлари. 

Сиёсатшунос Евгений Минченконинг фикрича, рейтинг сиёсатчиларнинг амалий ишларида фойдали бўлиши мумкин, чунки бу тадқиқот маълумотлари юзлаб жилдли китоблардан афзалроқ. «Рейтинг асосида сиёсатчиларга нимага эътибор бериш кераклиги, қандай воситалардан фойдаланиш, қайси йўналишларга эътибор қаратиш кераклиги дарҳол аниқ бўлади», деди у. 

Экспертларнинг қайд этишича, дўстоналик рейтинги ҳар доим ҳам сиёсатчиларнинг хизмати эмас, кўп нарса аҳолининг қўшниларга нисбатан анъанавий яхши муносабатига боғлиқ. Аммо бу муносабатларни узоққа олиб бормайди, баъзи мамлакатларда алоқани ривожлантириш учун қўшимча ҳаракатлар талаб қилиниши мумкин. 

Мавзуга оид