17:35 / 02.05.2024
7931

Абдулла Арипов Қамбарота ГЭСи ҳақида: “Бу Ўзбекистон учун стратегик лойиҳа”

Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон иштирокида Қирғизистонда қуриладиган 1860 мегаваттлик Қамбарота ГЭСи қиймати 2,9 млрд долларни ташкил этади. Станцияда ишлаб чиқарилган электр энергиясининг Қирғизистон эҳтиёжидан ортган қисмини Ўзбекистон ва Қозоғистон кафолатли сотиб олади. Бу ҳақда Тошкент инвестфорумидаги нутқида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов маълум қилди.

Фото: Бош вазир матбуот хизмати

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Тошкент халқаро инвестиция форумидаги нутқида мамлакатнинг яшил энергияга ўтиши ҳамда қўшни мамлакатлар билан амалга оширилаётган иккита йирик гидроэлектр станцияси лойиҳалари ҳақида гапирди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Ариповнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда ҳар йили энергияга бўлган талаб 5-6 фоизга ошяпти. Ушбу талабни қондириш учун турли чоралар кўриляпти.

“Тармоққа уланган қайта тикланувчи энергия манбалари натижасида 1,5 млрд киловатт электр энергияси ишлаб чиқарилди. Хорижий ҳамкорлар билан 14 млрд долларга тенг 12 гигаваттлик 31 та яшил генерация қувватлари барпо этилмоқда. Президент томонидан қуёш электр станциялари доирасида 300 мегаватт қувватлар тармоққа уланди. Жорий йил якунига қадар яна 2 гигаваттдан ортиқ яшил энергия қувватлари ишга туширилади. Натижада жорий йил якунига қадар яшил энергия қувватларини ҳозирги 18 фоиздан 30 фоизга етказиш кутиляпти”, – деди бош вазир.

Унинг сўзларига кўра, 2030 йилгача Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган жами электр энергиясининг 50 фоизи яшил энергия бўлиши режалаштирилган. Абдулла Арипов гидроэнергетика яшил энергетиканинг ажралмас қисми ҳисобланишини таъкидларкан, бу йўналишда қўшнилар билан ҳамкорликда 3,2 млрд долларлик қийматдаги 2 та йирик лойиҳа амалга оширилаётганини айтди.

“Биринчиси, Қирғизистон ва Қозоғистон билан биргаликда қиймати 2,9 млрд долларлик 1860 мегаватт қувватга тенг Қамбарота гидроэлектр станцияси қурилиши лойиҳасини амалга оширишни режалаштирганмиз. Мазкур лойиҳа Қирғиз Республикаси ҳудудида Норин дарёсида барпо этилиб, 5,6 млрд киловатт соат экологик тоза электр энергиясини ишлаб чиқариш имконини беради. Бу Ўзбекистон учун стратегик аҳамиятга эга лойиҳа. Бундан нафақат экологик тоза энергия ишлаб чиқарилади, балки минтақадаги сув ресурсларини самарали бошқариш ва ундан оқилона фойдаланиш имкони ҳам яратилади”, – деди у.

Абдулла Арипов Жаҳон банки ушбу лойиҳани амалга оширишни биринчилардан бўлиб қўллаб-қувватлаганини таъкидларкан, минтақадаги муаммоларни ҳал этишга қаратилган бу лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқишга грант маблағларини ажратгани учун Ўзбекистон ҳукумати номидан банкка миннатдорчилик билдирди.

“Бошқа халқаро молия институтларини ҳам ушбу лойиҳада фаол иштирок этишга таклиф қиламиз. Қисқа муддатда уч томонлама ҳукуматлараро битимни имзолаб, амалий ҳаракатларни бошлаш учун қўшма корхона ташкил этиш ниятидамиз. Станция томонидан ишлаб чиқарилган электр энергиясининг Қирғиз Республикаси эҳтиёжидан ортган қисмини Ўзбекистон ва Қозоғистон томонидан кафолатли сотиб олиш бўйича шартнома имзолаймиз”, – деди у.

Бош вазир шу каби иккинчи лойиҳа Тожикистон билан ҳамкорликда Зарафшон дарёсида барпо этилиши режалаштирилган 550 млн долларлик 320 мегаваттли Яман гидроэлектр станцияси ҳақида ҳам гапирди.

“Ушбу лойиҳа икки босқичда амалга оширилиб, биринчи босқичда 100 мегаваттли станция ишга туширилади, у йиллик 430 млн киловатт электр энергиясини ишлаб чиқаришга мўлжалланган. Лойиҳани амалга ошириш бўйича Ўзбекистон ва Тожикистон қўшма корхонаси ташкил этилган ва лойиҳа қурилиш ҳудудида қидирув ишлари амалга оширилмоқда. Жорий ой якунига қадар лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун масъул компанияни танлаш учун халқаро тендер эълон қилинган. Умуман олганда, лойиҳаларнинг амалга оширилиши минтақадаги муносабатларнинг янада яхшиланиши ва ишонч ортишига ҳисса қўшади. Инвесторларни ушбу истиқболли лойиҳаларда фаол қатнашишга чақираман”, – деди Абдулла Арипов.

Аввалроқ, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон Қамбарота ГЭС-1 қурилиши ва эксплуатацияси лойиҳасини амалга ошириш мақсадида акциядорлик жамияти ташкил этиш ниятида экани, бунда Қирғизистон томонининг лойиҳадаги ва устав капиталидаги улуши 34 фоизни, Қозоғистон ва Ўзбекистон томони эса 33 фоиздан бўлиши хабар қилинганди.

Лойиҳа амалга оширилгач, Қамбарота ГЭС-1 акциялари ва активлари тўлиқ қирғиз томонининг мулкига ўтади.

2023 йил январ ойида Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон энергетика идоралари раҳбарлари Норин дарёсида Қамбарота ГЭС-1 қурилиши лойиҳасини амалга ошириш бўйича йўл харитасини имзолаган эди.

Қозоғистон Энергетика вазирлигининг фикрича, Қамбарота ГЭС-1 Қирғизистондаги энг йирик электр станцияга айланиши керак ва Марказий Осиё мамлакатларини электр энергияси билан таъминлайди, шунингдек, минтақанинг сув таъминотини барқарорлаштиради.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров Қамбар-Ота-1 ГЭСи қурилиши 5-6 миллиард долларга тушишини айтган.

Top