Ўзбекистон | 08:11 / 16.04.2024
12352
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон Қамбарота ГЭС-1 бўйича АЖ ташкил этиш ниятида 

Мамлакатлар тегишли битим тузишга тайёрланмоқда.

Фото: Knews

Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон Қамбарота ГЭС-1 қурилиши ва эксплуатацияси лойиҳасини амалга ошириш мақсадида акциядорлик жамияти ташкил этиш ниятида.

Knews’нинг ёзишича, бунда Қирғизистон томонининг лойиҳадаги ва устав капиталидаги улуши 34 фоизни, Қозоғистон ва Ўзбекистон томони эса 33 фоиздан олади. Тегишли уч томонлама ҳукуматлараро битим лойиҳаси Қозоғистоннинг «Очиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар» сайтида эълон қилинди, деб ёзади.

Ҳужжатда қайд этилишича, «томонларнинг лойиҳа доирасидаги ҳамкорлиги асосий тамойиллари Қамбарота ГЭС-1да ишлаб чиқариладиган электр энергиясининг барча ҳажмини томонлар белгилаган ташкилотлар томонидан кафолатланган харид қилишдан иборат». 

Лойиҳа амалга оширилгач, Қамбарота ГЭС-1 акциялари ва активлари тўлиқ қирғиз томонининг мулкига ўтади, дейилади шартнома лойиҳасида. 

2023 йил январ ойида Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон энергетика идоралари раҳбарлари Норин дарёсида Қамбарота ГЭС-1 қурилиши лойиҳасини амалга ошириш бўйича йўл харитасини имзолаган эди. 

Қозоғистон Энергетика вазирлигининг фикрича, Қамбарота ГЭС-1 Қирғизистондаги энг йирик электр станцияга айланиши керак ва Марказий Осиё мамлакатларини электр энергияси билан таъминлайди, шунингдек, минтақанинг сув таъминотини барқарорлаштиради. 

Аввалроқ президент Садир Жапаров Қамбар-Ота-1 ГЭСи қурилиши 5-6 миллиард долларга тушишини айтган эди. 

Мавзуга оид