Ўзбекистон | 21:29 / 31.08.2021
7823
7 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг иқтисодий ютуқларини халқаро нуфузли тузилмалар рейтинглари ҳам тасдиқламоқда

Президент сармоядорларнинг мамлакат иқтисодиётига бўлган ишончини кескин оширишга муваффақ бўлингани ҳақида гапирди.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган давлат тадбирида сўзлаган нутқида иқтисодиётдаги таркибий ислоҳотлар ва асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар ҳақида айрим маълумотларни келтириб ўтди.

«Шуни алоҳида таъкидлаш зарурки, ўтган беш йиллик вақт барчамиз, бутун мамлакатимиз, халқимиз учун кескин синовлар даври бўлди. Айниқса, 2020 йили бошланган коронавирус пандемияси ва шу сабабли келиб чиққан иқтисодий инқироз глобал дунёнинг ажралмас қисми сифатида Ўзбекистон учун ҳам жиддий муаммоларни юзага келтирди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти хулосасига кўра, пандемия Иккинчи жаҳон урушидан кейин дунё миқёсида юз берган энг улкан синовдир. 

Ёдингизда бўлса, биз пандемия бошланган илк кунларда бу қийинчиликлардан янада тобланиб, кучли ва қудратли бўлиб чиқишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйган эдик. Яратганнинг инояти, эл-юртимизнинг аҳиллиги ва фидокорона меҳнати билан бу машаққатли синовларни мардона енгиб ўтмоқдамиз. 

Мамлакатимизда олиб борилаётган жадал ва кенг кўламли ислоҳотлар юртимизда янги даврни – янги Ўзбекистон даврини бошлаб берди. 

Бугун юртимизда тарихан қисқа фурсатда бутунлай янгича сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, илмий-маърифий ва маданий муҳит пайдо бўлди, деб айтишга барча асосларимиз бор. Халқаро валюта жамғармаси ва нуфузли рейтинг агентликлари таҳлилларига кўра, ҳозирги қийин ва мураккаб шароитда Ўзбекистон жаҳоннинг саноқли мамлакатлари қаторида молиявий-иқтисодий барқарорликни таъминлаш, ишлаб чиқариш тармоқларини тиклаш ва иқтисодий фаолликни оширишѓа эришиб келмоқда.

Мана, яқинда Америка Қўшма Штатларининг J.P.Morgan инвестиция банки томонидан эълон қилинган «Ўзбекистон: қуёш каби кўтарилиш» номли таҳлилий ҳисоботда ҳам айни шу фикрлар баён этилган», деди президент.

Ташқи савдо айланмаси 2016 йилдаги 24 миллиард доллардан 2020 йилда 36 миллиард долларга кўпайган.

«2017-2020 йилларда мамлакатимизнинг иқтисодий ўсиш даражаси 18,3 фоизни ташкил этиб, ялпи ички маҳсулот 60 миллиард долларга етди. Бу ҳақда гапирганда, ташқи савдо айланмаси 2016 йилдаги 24 миллиард доллардан 2020 йилда 36 миллиард долларга кўпайганини таъкидлаш лозим.

Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 369 триллион сўмни ташкил қилиб, 2016 йилга нисбатан 23,4 фоизга ўсди. Натижада саноат маҳсулотларининг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 19,5 фоиздан 27,4 фоизга кўтарилди.

Иқтисодий соҳани, жумладан, божхона тартибларини либераллаштириш туфайли 2020 йилда экспорт ҳажми 15,1 миллиард долларни ташкил қилиб, 2016 йилга нисбатан 25 фоизга ўсди.

Ислоҳотларимиз самарасининг турли халқаро рейтингларда тан олиниши мамлакатимиз учун халқаро молия бозорларига чиқиш имкониятини яратди. Жумладан, жорий йилда 635 миллион долларлик ва 2,5 триллион сўмлик давлат еврооблигациялари, Ипотека банкининг 785 миллиард сўмлик ва «Ўзавтомоторс» акциядорлик жамиятининг 300 миллион долларлик корпоратив облигациялари чет эл инвесторларига сотилди.

Сармоядорларнинг мамлакатимиз иқтисодиётига бўлган ишончини кескин оширишга муваффақ бўлдик. Инвестицияларнинг умумий ҳажми қисқа муддатда 2,1 мартага, шу жумладан, хорижий инвестициялар ҳажми 3 баробарга яқин ўсгани ҳам бунинг исботидир.

Ўтган уч йил мобайнида солиқ соҳасида янги тизим жорий этилди. Солиқлар сони сезиларли даражада камайтирилди, айланма маблағдан олинадиган солиқлар бекор қилинди. Қўшилган қиймат солиғи ставкаси 20 фоиздан 15 фоизгача пасайтирилиб, ушбу солиқ занж́ирининг яхлит тизими яратилди.

2017-2020 йилларда банкларимиз капиталини 5,7 баравар ёки 5 миллиард долларгача оширишга эришдик.

Электроэнергетика, нефть-газ, коммунал соҳаларда амалга оширилган таркибий ўзгаришлар натижасида давлат бошқаруви ва хўжалик функциялари бир-биридан ажратилди, рақобат муҳитини яратиш учун муҳим қадамлар ташланди», дейди президент.

Давлат раҳбари нутқида янги-янги инфратузилма тармоқлари барпо этилгани, минглаб километр узунликдаги янги йўллар, электр ва газ тармоқлари қурилгани ва таъмирлангани, жамоат транспорти изчил ривожланаётгани айтиб ўтилди.

«Жумладан, Тошкент шаҳрида 2та янги метро станцияси ҳамда қарийб 12 километрлик ер усти метро линияси фойдаланишга топширилди. «Сергели» йўналиши бўйича 6,2 километрлик қурилиш ишлари якунланди.

Айни пайтда Ўзбекистонда кўплаб йирик инвестициявий лойиҳалар амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Шулар қаторида, яқинда Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг қиймати 2 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган 3-мис бойитиш фабрикаси қурилишига тамал тоши қўйилганидан барчангиз хабардорсиз.

Куни кеча Навоий вилоятининг Кармана туманида 110 миллион доллар инвестиция ҳисобидан ишга туширилган қуёш фотоэлектр станцияси Ўзбекистон энергетика тизимида биринчи улкан қадам бўлди.

Айни пайтда «Навоийазот» акциядорлик жамиятида иккита янги завод – азот кислотаси ҳамда аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш корхоналари ишга туширилди. Умумий қиймати 1,5 миллиард доллар бўлган ушбу лойиҳалар эвазига «Навоийазот»да маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 3 баробарга ошади.

Бундай муҳим воқеалар миллий саноатимиз тарихида янги давр бошланаётганидан далолат беради», деди президент.

Жаҳон банкининг «Бизнесни юритиш» халқаро рейтингида Ўзбекистон беш йил ичида 141-ўриндан 69-ўринга кўтарилган. 

«Юртимизда кичик ва хусусий бизнес субъектлари икки баробар кўпайиб, соҳада 1 миллион 400 мингта янги иш ўрни яратилди. Бу корхоналарнинг ярмидан кўпроғи кейинги уч йилда ташкил этилгани алоҳида аҳамиятга эга. 

Тадбиркорлик фаолиятини эркинлаштириш мақсадида 16та қонун, 100дан зиёд қарор қабул қилинди.

Ўтган бир йил давомида лицензия ва рухсатномаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди ҳамда уларни бериш муддатлари қисқартирилди. Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида барча теќширувлар учун мораторий эълон қилинди.

Шунингдек, ўзини ўзи иш билан банд қилган аҳоли учун қулай шароит яратиш натижасида бир йилда 500 минг нафар фуқаро рўйхатдан ўтиб, фаолиятини қонуний асосда йўлга қўйди.

Тадбиркорлик соҳасидаги мана шундай ёндашув натижасида Жаҳон банкининг «Бизнесни юритиш» халқаро рейтингида Ўзбекистон беш йил ичида 141-ўриндан 69-ўринга кўтарилди. 

Албатта, бу жиддий кўрсаткич, аммо у ҳали бизни қониқтирмайди. Шунинг учун биз ушбу йўналишдаги ишларимизни изчил давом эттирамиз», деди президент.

Мавзуга оид