Ўзбекистон | 20:15 / 04.12.2020
21887
3 дақиқада ўқилади

Бу кўп жиҳатдан ноёб завод ҳисобланади – Президент очиб берган Тошкент металлургия заводига саёҳат

 Бугун, 4 декабр куни, давлат раҳбари бошчилигида Тошкент металлургия заводи очилди. Янги завод Ўзбекистон учун ноёб лойиҳа ҳисобланади.

2017 йил 7 апрелда Ўзбекистон президентининг “Тошкент металлургия заводи қурилиши” инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2874-сонли қарори қабул қилинди. Шу йилнинг ўзида совуқ ҳолда прокатланган ҳамда рух ва полимер қопламали пўлат листлар ишлаб чиқариш корхонасининг қурилиши бошланди.

Тошкент металлургия заводининг қурилиш лойиҳаси умумий ҳисобда 326,7 миллион евро миқдоридаги, шу жумладан, 226 миллион евро миқдоридаги чет эл инвестицияларини жалб этиш эвазига амалга оширилган. Жалб этилган маблағнинг ўзига хос жиҳати шундаки, бунда давлат кафолати тақдим этилмаган.

 Давлат раҳбари томонидан очилган янги завод дастлабки босқичда йилига 500 минг тонна, кейинчалик 750 минг тоннага қадар маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга. 700 нафарга яқин иш ўринлари яратилган. Маҳсулотнинг асосий қисми импорт ўрнини босувчи бўлиб, нарх жиҳатидан ҳам талабга мос ҳисобланади.

 

Улкан заводнинг энг катта ютуқларидан бири “яшил технология”лар асосида бунёд этилгани, яъни атроф-муҳитга зарари минимал даражага туширилганидир. Завод барча чиқиндиларни ўз ҳудудида қайта ишлайди. На ҳавога, на тупроққа ва на сувга зарарли моддаларни туширмайди.

Тошкент металлургия заводи дунёдаги энг йирик металлургия ускуналари ишлаб чиқарувчилардан бири ҳисобланган Италиянинг “Danieli” компанияси томонидан жиҳозланган. Лойиҳалаш ва қуриш Россиянинг “МетПром” компанияси томонидан амалга оширилган.

 

Завод молия бўлими бошлиғи Тўлқин Зиёевнинг сўзларига кўра, маҳсулотлар жуда кўп соҳаларда, айниқса қурилиш ва ишлаб чиқаришда кенг қўлланилади. Бу турдаги тайёр маҳсулотларнинг асосан Россия ва Хитойдан кириб келиши, бирининг қимматлиги, яна бирининг эса сифат талабларига мос эмаслиги туфайли Тошкент металлургия заводи маҳсулотларига талаб катта бўлиши кутилмоқда.

 Биргина 2019 йилда 480 минг тоннадан ортиқ маҳсулот импорт қилинган. Мана шу рақамнинг ўзи ҳам заводнинг ишлаб чиқариш кўрсаткичлари аҳамиятини кўрсатади.

 Аброр Зоҳидов, тасвирчи Нуриддин Нурсаидов.

Мавзуга оид