Ўзбекистон | 15:54 / 18.12.2020
49929
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонга совуқ ва нам ҳаво оқими кириб келиши кутиляпти

Бугун декабр ойи ниҳоят Ўзбекистон аҳолисини қисқа муддатли, аммо узоқ кутилган илиқ ҳаво билан хурсанд қилди. Республиканинг барча ҳудудларида асосан қуёшли об-ҳаво кузатилди. Кун ўртасида ҳаво 5-10 даража илиқ, жанубда баъзи жойларда 13 даража илиқ бўлди. Илиқ ҳаво баъзи жойларда шамолнинг кучайиши билан кузатилади.

«Ўзгидромет» хабарига кўра, илиқ ва асосан қуёшли об-ҳаво Ўзбекистоннинг тоғли ҳудудларида ҳам сақланиб турди, тоғларда ҳарорат 0-5 даража илиқ атрофида бўлди.

Дам олиш кунлари эса Россиянинг жанубий ҳудудларидан совуқ ва нам ҳаво массалари кириб келиши Ўзбекистон бўйлаб об-ҳавонинг ёмонлашишига сабаб бўлади. Республика шимолида қор кўринишидаги бироз ёғингарчилик жумладан шанба кунига ўтар кечаси бошланади. Барча жойларда ёмғир кўринишидаги ёғингарчилик қорга айланиши билан кузатилади. Баъзи жойларда шамол 15-20 м/с гача кучаяди. Фақат шарқда (Андижон, Наманган, Фарғона вилоятлари) шанба куни кун давомида ҳаво булутли, лекин қуруқ бўлиши кутилмоқда.

Якшанба куни ғарбий ҳудудларда ёғингарчилик кузатилмайди, Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Қашқадарё вилоятларида қор кўринишидаги ёғингарчилик куннинг иккинчи ярмигача давом этади. Фақат жанубда ва Фарғона водийсида ёғингарчилик кун давомида давом этади.

Ҳаво ҳарорати якшанба кунига 2 даража совуқ - 3 даража илиқ қийматларигача пасаяди.

Мавзуга оид