Ўзбекистон | 09:10 / 31.05.2024
6202
5 дақиқада ўқилади

Ҳокимлар учун ҳафтанинг пайшанба куни тўлиқ жисмоний тарбия куни сифатида белгиланади

Спорт вазирлиги тизимидаги спорт мактаблари фаолияти янги тартибда ташкил этилади.

“Давлат спорт мактаблари фаолиятини янада такомиллаштириш, ёшларни спорт билан мунтазам шуғулланишига қўшимча шарт-шароитларни яратиш тўғрисида”ги президент қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Вазирлар Маҳкамаси ва Спорт вазирлигининг қуйидаги таклифларига розилик берилиши мумкин:

  • Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари учун ҳар ҳафтанинг пайшанба кунини тўлиқ жисмоний тарбия ва спорт куни сифатида белгилаш;
  • Спорт вазирлиги тизимидаги спорт мактаблари фаолиятини янги тартибда ташкил этиш.

Белгиланишича:

  • а) туман (шаҳар)ларда спорт соҳасидаги давлат сиёсатини юритиш, оммавий ва профессионал спортни ривожлантириш спорт мактаблари томонидан амалга оширилади.
  • Бунда, спорт мактаби 2 та бўлган туман (шаҳар)ларда спорт соҳасидаги давлат сиёсатини юритадиган спорт мактаби Спорт вазирлиги томонидан белгиланади;
  • б) спорт мактаблари фаолияти болалар, ўсмирлар ва ёшлар ўртасида жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, спорт билан мунтазам шуғулланувчилар сонини босқичма-босқич ошириб боришга йўналтирилади ҳамда улар профессионал спортчилар захирасини яратиш борасида селекция маркази ҳисобланади;
  • в) спорт мактабларида қуйидаги спорт турлари бўйича ўқув гуруҳлари ташкил этилиши мумкин:
  • Олимпия ва Паралимпия, Осиё ва Параосиё ўйинлари дастурига киритилган спорт турлари;
  • миллий ва белбоғли кураш ҳамда ҳукумат алоҳида қарорлари билан белгиланган спорт турлари;
  • г) 2025-2026 ўқув йилидан бошлаб спорт мактаблари ходимларининг базавий тариф ставкасига устамалар спорт мактаби томонидан туман ва шаҳарларда ёшларнинг спортга жалб қилинган болалар, ўсмирлар ва ёшлар улуши ҳамда нуфузли халқаро ва республика спорт мусобақаларида эришилган натижалар учун белгиланади;
  • д) спорт мактабларига ўқувчиларнинг ҳужжатларини қабул қилиш ҳамда уларнинг ўқишини кўчириш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали йил давомида амалга оширилади.

Қуйидагилар спорт мактабларининг қўшимча вазифалари этиб белгиланади:

  • мамлакатда болалар, ўсмирлар ва ёшлар ўртасида жисмоний тарбия ва спортни, шунингдек соғлом турмуш тарзини оммалаштириш;
  • болалар, ўсмирлар ва ёшларни спорт билан мунтазам шуғулланишга жалб этиш, шунингдек уларнинг соғлиғини мустаҳкамлашга ва ҳар томонлама жисмоний камол топишига йўналтирилган спорт-соғломлаштириш ва тарбиявий ишларни олиб бориш;
  • болалар, ўсмирлар ва ёшларда спорт билан шуғулланиш қобилиятларини аниқлаш ва уларни спортнинг алоҳида турлари бўйича ихтисослаштирилган спорт машғулотларига жалб қилиш;
  • спорт бўйича ўқув-машғулотларни ўтказиш учун малакали тренерлар таркибини шакллантириш, спорт захираси ва спорт турлари бўйича профессионал спортчилар захирасини яратиш;
  • спорт мактаблари ўқувчи-спортчилари учун спортнинг алоҳида турлари бўйича ўқув-машғулот жараёнини ташкил этиш, шунингдек уларни ўқитиш усуллари ва шаклларининг узвийлигини таъминлаш;
  • ҳудудий спорт федерациялари (уюшмалари) ва бошқа жисмоний тарбия-спорт ташкилотлари билан ҳамкорликни ривожлантириш.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳар йили 1 февралга қадар Спорт вазирлиги билан келишган ҳолда ўз ҳудудларида жисмоний тарбия ва спорт соҳасида амалга оширадиган вазифалари ва эришилиши лозим бўлган кўрсаткичларини белгилашни назарда тутувчи йиллик жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш дастурларини тасдиқлайди.

Ҳудудларда ёш истиқболли спортчиларни саралаш, танлаб олиш ва тайёрлаш, шунингдек ҳудудий спорт федерациялари (уюшмалари) билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ҳудудий терма жамоаларни шакллантириш бўйича ишларни тизимли ташкил қилиш мақсадида, Спорт вазирлиги тизимидаги ихтисослаштирилган спорт мактаблари негизида ҳудудий спорт турларини ривожлантириш марказлари ташкил этилади.

2026 йил 1 январдан бошлаб реестрга киритилган нодавлат жисмоний тарбия-спорт ташкилотларига давлат бюджетидан спорт соҳасини ривожлантиришга йўналтириладиган маблағлар доирасида субсидия бериш тизими йўлга қўйилади.

Бунда, субсидия Олимпия ва Паралимпия спорт турларига жалб қилинган болалар, ўсмирлар ва ёшлар сонидан ҳамда Олимпия, Паралимпия, Осиё ва Параосиё ўйинлари, Олимпия ва Паралимпия спорт турлари бўйича жаҳон ва Осиё чемпионатларида эришилган натижалардан келиб чиқиб берилади.

Мавзуга оид