Жаҳон | 19:52 / 20.06.2021
25999
8 дақиқада ўқилади

Коронавирус: Бразилияда 500 минг ўлим ва «Гамма», Москвада рекордлар, бутун дунёда «Дельта»

​​​​​​​Бразилияда Covid-19 туфайли вафот этганларнинг жами сони 500 минг кишилик нуқтадан ўтди, экспертлар вакциналар етишмовчилиги туфайли вазият янада оғирлашиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда. Бу вақтга келиб Хитойда эмланганлар сони миллиарддан ошди, Россия регионларида эса мажбурий вакцинация жорий этилмоқда.

Бразилиядаги Fiocruz соғлиқни сақлаш институти мамлакатда танг ҳолат юзага келганини маълум қилди. Аҳолини эмлаш кўрсаткичи 15 фоиздан ошмаган, шу билан бирга, бутун мамлакат бўйлаб ковидга қарши чоралар енгиллаштирилган.

Мухолифат президент Жаир Болсонаруни сиёсий сабаблар туфайли вакцина сотиб олиш жараёнини секинлаштираётганликда ва коронавирус солаётган хавфга эътиборсизлик билан қараётганликда айбламоқда.

Бразилияда эпидемиологик вазият ёмонлашиши Covid-19’нинг нисбатан осон юқувчи штамми тарқалгани билан боғлиқ, дастлаб Амазонияда қайд этилган бу штаммга «Гамма» номи берилган: ўтган ҳафтада мамлакатда кунига ўртача 70 минг киши шу вариантга чалингани маълум бўлган.

Бразилиянинг кўплаб штатларидаги шифохоналарда мавжуд ўринларнинг 80 фоизи банд қилинган, экспертлар совуқ кунлар келиши билан жанубий яримшардаги ҳудудларда касалланиш кескин ўсишидан хавотир билдиришмоқда.

Бразилия соғлиқни сақлаш вазири Марселу Кейрога твиттердаги саҳифасида коронавирус қурбони бўлганларнинг яқинларига ҳамдардлик билдирди. «Бизнинг Бразилия ва бутун дунёга зарба берган пандемия 500 минг кишини ҳаётдан олиб кетди. Мен барча бразилияликлар қисқа муддатда эмлаб бўлиниши ва бир йилдан ортиқ вақтдан буён барчамизни қийнаб келаётган бу сценарийни ўзгартириш учун тиним билмай ишлайман», дея ёзган у.

Бугунги кунда Бразилия Covid-19 туфайли вафот этганлар сони бўйича жаҳон рейтингида АҚШдан кейинги иккинчи ўринда жойлашган. Март ойидан буён мамлакатда ҳар куни ўртача 1,5 мингдан ортиқ киши вафот этмоқда. Бразилиянинг соғлиқни сақлаш бўйича миллий назорат агентлиги (Anvisa) собиқ директори Гонсалу Весинанинг сўзларига кўра, вакцинация жараёни секин кетаётгани вазиятни янада оғирлаштириши мумкин.

«Бизда ўлимлар сони 500 мингга етди, афсуски, бу рақам ўсишда давом этади, чунки аҳолини эмлашни кенгайтириш учун ҳали кўп вақт керак. Эҳтимол, бу йил ҳам жуда оғир кечар, чунки биз сотиб олишга жуда кеч ҳаракат қилингани туфайли вакциналар етказиб берилишини кутишга мажбурмиз», деган у.

Шанба куни Бразилияда Болсонару ҳукуматига қарши кенг кўламли намойишлар бўлиб ўтди. Акция иштирокчилари аҳолини эмлаш дастурини тезлаштиришни ҳам талаб қилишган.

Хитой миллиарддан ортиқ вакцина қўлланди
ХХР соғлиқ масалалари бўйича давлат қўмитаси хабарига кўра, Хитойда 1 миллиард 10 миллион доза коронавирусга қарши эмланган. Шу билан бирга, қанча одам биринчи дозани, қанча одам икки доза қабул қилганига аниқлик киритилмаган.

Хитой вакцина ишлаб чиқарувчилари ассоциацияси раҳбари Фэн Доцзя аввалроқ Хитой йил охиригача аҳолининг 70 фоизини тўлиқ эмлаб бўлишни режалаштиргани ҳақида гапирганди.

Бугунги кунда Хитойда оммавий қўллаш учун тўрт вакцинага рухсат берилган. Мамлакатда вакцинация текин ва кўнгилли асосда ўтказилмоқда.

Россияда февралдан буён энг юқори кўрсаткичлар
Россияда 18 июнь куни 17,9 минг кишида вирус аниқланди - бундай кўрсаткич сўнгги бор февраль ойида қайд этилганди. Москвада эса пандемия давридаги энг юқори кўрсаткичлар кузатилди - пойтахтда бир кунда 9,1 минг янги ҳолат аниқланди. 19 июнь куни эса кўрсаткичлар мос равишда 17,6 минг ва 8,3 мингтани ташкил этган.

РФ ҳудудида сўнгги икки кунда 466 ва 450 ўлим қайд этилган. 

Эпидемик вазият оғирлиги бўйича Москвадан кейин кунига мингдан ортиқ ҳолатлар аниқланаётган Москва области ва Санкт-Петербург жойлашган.

Москва ортидан Россиянинг бошқа регионлари ҳам ковидга қарши янги чоралар жорий этиб, аҳолини эмлаш жараёнини тезлаштирмоқда. Шанба куни Санкт-Петербург администрацияси 15 августга қадар давлат хизматчилари, шунингдек, давлат корхоналаридаги ходимларнинг 65 фоизини эмлаш бўйича фармойиш чиқарди.

Шаҳардаги олий таълим муассасаларига талабалар орасида «эмланишни рағбатлантириш бўйича тадбирлар ўтказиш» тавсия этилган.

Якшанба куни Ненецк автоном округида кунлик касалланиш ҳолатлари ортиши фонида аҳолининг маълум тоифаларига мансуб бўлганларнинг 60 фоизини мажбурий эмлаш бўйича кўрсатма берилди, хусусан, транспорт ва энергетика соҳасидаги ташкилотлар ходимлари, ҳуқуқ-тартибот органлари, қўриқчилар, кўнгиллилар, ҳарбий хизматчилар, хизмат кўрсатиш соҳалари ходимлари, ҳамда 18 ёшдан катта талабаларнинг камида учдан икки қисми эмланган бўлиши керак. Регионда кўнгилочар муассасалар ҳамда маданий масканларнинг иш фаолияти ёз охиригача чекланган.

Ненецк расмийлар аҳолининг бир қисмини мажбурий эмлашни жорий этган Россиядаги саккизинчи регион бўлди.

Россия меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазири Антон Котяков қайсидир ҳудудда алоҳида тоифадаги ходимларни мажбуран эмлаш тўғрисида санитар врач фармони чиқарилган бўлса, эмланган ходимлар ишдан бўшатилиши мумкинлиги ҳақида гапирди. «Агар эпидемиологик вазият туфайли мажбурий вакцинация бўйича қарор чиқарилган бўлса, ҳужжатда кўрсатилган тегишли ходимлар учун эмланиш мажбурий бўлади», деган у.

«Ҳиндча» штамм бутун дунёда устунликка эришмоқда
Коронавируснинг биринчи марта Ҳиндистонда аниқланган дельта варианти бутун дунёда устунликка эришмоқда. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) бош илмий ходими Сумия Сваминатан маълум қилган. «Ушбу вариант одамдан одамга осонроқ юқиши туфайли бутун дунёда устунликка эга бўлмоқда», деган у.

Дельта-вариант Буюк Британияда ҳукмронлик қилувчи «британча» штамм (альфа-вариант) ортидан 2020 йил октябрида Ҳиндистоннинг Нагпур шаҳрида аниқланган ва тез орада бутун дунёга тарқалишни бошлаган «ҳиндча» штаммдир. Вируснинг ушбу тури дунёнинг 80дан ортиқ давлатида аниқланиб, тарқалиб боргани сари кўпроқ мутацияга учрамоқда.

ЖССТ маълумотларига кўра, коронавируснинг дельта варианти альфа-штаммдан 60 фоизга фаолроқ бўлиб чиққан. У, шунингдек, оғирроқ симптомлар чақиради, аммо бу хулосалар тасдиқланиши учун қўшимча тадқиқотлар ўтказилиши керак.

Москва мэри Сергей Собяниннинг сўзларига кўра, Россия пойтахтида аниқланаётган ҳолатларнинг 90 фоизида беморлар айнан «дельта» билан шикастланган. Россия бош вазири ўринбосари Татьяна Голикова эса «дельта» штаммига чалиниш ёпиқ муассасаларда 60 фоиз, очиқ жойларда 40 фоизлик кўрсаткич қайд этмоқда.

Токиода Олимпиадага тайёргарлик давом этмоқда, атлетлардан бирида касаллик чиқди

Токиодаги Ёзги Олимпиада ва Паралимпия ўйинлари ташкилотчилари журналистларга Токио кўрфазида жойлашган Ҳаруми оролига қурилган олимпия қишлоғини таништиришди. 44 гектарлик майдонда вақтинчалик тиббий марказ ҳам ташкил этилган, бу ерда коронавирусни аниқлаш учун ПЦР-тестлари ўтказилади, шунингдек, алоҳида карантин хоналари мавжуд.

Ташкилотчилар очилиш маросимида иштирок этувчилар сонини 20 минггача ошириш имкониятларини кўриб чиқишмоқда.

«Киодо» агентлиги ўтказган сўровнома натижаларини тақдим этди, унга кўра, японияликларнинг 86 фоизга яқини Токио Олимпиадаси барибир ўтказиладиган бўлса, учинчи тўлқин юзага келишидан хавотирда эканини маълум қилган, 50 фоиздан ортиқ респондент эса ҳукумат Япониянинг тўққиз префектурасида жорий этилган фавқулодда ҳолат режимини барвақт бекор қилган деб ҳисоблайди.

Олимпиадага йўлланма олган спортчилар ўртасида илк касалланиш ҳолати қайд этилди. NHK телеканали хабар қилишича, Уганда миллий олимпия термасидаги атлетлардан бири, шу кунларда Токиодаги Нарита аэропортига келган спортчи топширган тест мусбат натижа берган, ҳолбуки жамоадаги барча спортчилар эмланган эди.

Мавзуга оид