Ўзбекистон | 12:46 / 17.02.2023
9824
1 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда қиз боланинг шахсий фотоларини тарқатиш билан қўрқитиб, 5 минг доллар талаб қилган шахс ушланди

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) ва 141-1-моддаси (шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Фото: Прокуратура департаменти

Шаҳрисабз туманида шахсий фотосуратларини ижтимоий тармоқларда тарқатиб юбориш билан қўрқитиб қиз боладан пул талаб қилган шахс ушланган. Бу ҳақда Бош прокуратура департаменти хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, фуқаролардан бири қиз бола билан гаплашиб юриб, унинг шахсий фотосуратларини қўлга киритган. Сўнг уларни ижтимоий тармоқларда тарқатиш билан қўрқитиб, қиздан 5 минг доллар талаб қилган.

Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ҳамда Шаҳрисабз шаҳар ИИБ томонидан қизнинг мурожаатига асосан тезкор тадбир ўтказилган.

Тадбирда йигит қиздан талаб қилган 5 минг доллардан 1 000 доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) ва 141-1-моддаси (шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид