Терма жамоасида зафар қучолмаганлар ТОП-10
Сайёрамизда маҳоратли футболчилар кўп. Лекин уларнинг орасида узоқ йиллар давомида фаолият юритиб, ўз терма жамоаси таркибида бирорта ҳам совринни қўлга киритолмаганлари ҳам бор. Криштиану Роналду, Лионель Месси, Эйсебио сингари ўйинчилар шулар жумласидан. Гарчи мазкур футболчилар клуб миқёсида кўплаб муваффақиятларга эришган бўлишса-да, терма жамоа билан унчалик омадлари келмаган. "Интерфутбол" газетаси қуйидаги мақолада шундай буюк ўйинчилардан 10 нафари тўғрисида ҳикоя қилади.
1. Михаэль Баллак, Германия
Михаэль ҳақиқий «қарғиш теккан» футболчи. Унинг пешонасига финал баҳсларида ютқазиш ва совринларни қўлга киритмаслик ёзилган экан. Германия терма жамоаси Михаэль билан кўп маротаба зафар қучган. Аммо жаҳон миқёсидаги турнирларда бирорта ҳам совринни қўлга кирита олмаган.
Масалан, 2002 йилги жаҳон чемпионатида Германия терма жамоаси бразилияликларга қарши кечган ўйинда мағлубиятга учради (0:2) ва 6 йилдан сўнг Испания термаси билан бўлган ўйинда ҳам (0:1) Европа чемпионатининг бош совринини бой берди. Ўз ўрнида таъкидлаш жоизки, немислар Баллак билан икки маротаба финал баҳсларида ютқазишган. Япония ва Жанубий Кореяда бўлиб ўтган мундиал финалини Баллак дисквалификация туфайли ўтказиб юборганди. Евро-2008 турнирига жароҳатдан фориғ бўлган ҳолда борди, лекин испанияликларга қарши кечган ўйинда жамоасини мағлубиятдан қутқариб қололмади.
- Футболчилик фаолиятимдаги афсусланадиган нарсам - терма жамоамиз билан чемпионлик унвонини қўлга кирита олмаганим, - дейди Михаэль Баллак.
2. Роберто Баджо, Италия
Аслида Роберто Баджо жаҳон ёки Европанинг «Олтин тўп»ини олишга муносиб эди. Лекин кўпчилик унинг фақатгина ЖЧ-1994даги бразилияликларга қарши кечган финалдаги пенальтилар сериясида зарбадан адашганини ёдга олишади, холос. Ваҳоланки, АҚШда бўлиб ўтган ўша мундиалда Робертонинг бир ўзи Италия термасини финалга олиб чиққанди.
Баджо ўз вақтида фантастик футбол намойиш этган ҳужумчилардан эди.
Ўша машъум финалдан сўнг Баджога жаҳон кубоги эмас, балки терма жамоадаги жамоадошларининг кўз ёшлари «совға» бўлди. Роберто 1990 йилги мундиалда бронза медалини қўлга киритганди. Лекин у ўшанда бундан ортиғига ҳам қодир бўлган.
- Албатта, футболчилик фаолиятим ажойиб тарзда ўтди. Фақат тунда ухлаш вақтида совуқ қотаман - бунинг сабаби эса ҳамон 1994 йилги ЖЧдаги ўша машъум пенальтини эсимдан чиқара олмайман, - деб ўз сирини яширмади Баджо.
3. Оливер Кан, Германия
Йирик турнирларда зафар қуча олмаган яна бир буюк ўйинчи. Оливер Кан - Германия дарвозабонлар мактабининг ҳақиқий сиймоси. Ўз кучига ишонган, барча жабҳаларда кучли, асосийси, барқарор ва қийинчилик туғдирадиган зарбаларни қайтара оладиган кипер эди. Лекин терма жамоа таркибидаги 86та ўйин ҳам Оливер учун узоқ кутилган совринни тақдим этмади.
Гарчи у финал баҳсида Ривалдонинг зарбасидан сўнг даҳшатли хатога йўл қўйиб, Роналдога 2та гол уришга имконият яратиб берган бўлса-да, ЖЧ-2002да Канни энг яхши футболчи сифатида тан олишди. Боз устига, Кан - Европанинг 1996 йилги чемпиони ҳам. Бироқ бу Оливерни тинчлантира олмайди, негаки, ўша турнирда Германия терма жамоаси дарвозасини Андреас Кёпке қўриқлаганди.
4. Деннис Бергкамп
Ўз авлодининг ҳақиқий рамзларидан бири ва даҳо футболчи.
Унинг иқтидори ҳавас қиладиган даражада. Бундан ташқари, у ўз терма жамоасида ҳам худди клубида бўлган сингари ёрқин ўйин намо-йиш этган. Голландия термаси таркибида 79та ўйинда майдонга тушиб, 37та гол урган Денниснинг кўрсаткичлари ҳақиқатдан ҳам ажо-йиб. Бироқ унинг коллекциясида жаҳон ёки Европа чемпионлиги соврини йўқ. Бергкамп ўйнаган даврдаги кучли голландлар финалга йўл олишолмаганди.
5. Луиш Фигу, Португалия
Яқин ўтмишнинг мазкур таниқли ярим ҳимоячиси Португалия терма жамоасида ўйин ўтказиш бўйича рекордчи - 127та. Португалларнинг ҳужумлари айнан Фигуга боғлиқ эди. Бир сўз билан айтганда, у анча кучли ўйинчи бўлган. Луиш Испанияда фаолиятининг энг яхши дамларини ўтказди. «Барселона» ва «Реал» клублари таркибида Европа Чемпионлар Лигасида ҳам зафар қучди. Лекин Португалия термаси билан фақат Европа чемпионатининг финалигача етиб борди, холос.
2004 йилги Европа биринчилиги ғолиби бўлиш учун Фигу ва унинг жамоадошларида жуда ҳам қулай имконият юзага келганди. Бунинг учун турнир мезбонлари финалда Отто Рехагель устозлик қилаётган камтарона Греция терма жамоасини мағлубиятга учратишса кифоя эди. Аммо португаллар бунинг уддасидан чиқа олишмади.
6. Паоло Мальдини, Италия
Мальдини 26 йил тўп сурди. Бунинг устига, фақатгина бир клуб - «Милан»да. Италия терма жамоасининг собиқ сардори футболчилик фаолияти давомида кўплаб совринларни қўлга киритди. Улар орасида 5та ЕЧЛ кубоги ҳам бор.
Терма жамоалар ўртасидаги йирик турнирларда Мальдини иккита бронза ва шунча кумуш медалларни қўлга киритган. Аммо ўз терма жамоаси сафида олтин медални бўйнига тақиш унга насиб этмаган. Лекин Паоло Италия термасига ўзига ўхшаш буюк ҳимоячиларни издош сифатида қолдириб кетди.
7. Йохан Круифф, Голландия
Уч карра «Олтин тўп» эгаси. Голландия терма жамоасининг сиймоси. Футбол майдонидаги чин сеҳргар. Барча замонларнинг энг яхши футболчиси. Бу - Йохан Круиффга тегишли таърифлар. Аммо шунчалик маҳоратли бўлса-да, у терма жамоаси сафида бош совринни қўлга кирита олмаган. Голландиялик ярим ҳимоячининг хонасида 1974 йилги кумуш ва 1976 йилги бронза медаллари бор.
- Ҳалигача терма жамоамиз билан бирорта мусобақада ғолиб чиқа олмаганимни тушунолмайман. Ўша пайтдаги Голландия термаси буюк жамоа эди. Ўз даврининг энг буюк жамоаси. Лекин биз буни майдонда исботлай олмадик, - дейди Круифф.
8. Эйсебио, Португалия
Португалиянинг 11 карра чемпиони, Португалия кубогининг 5 карра соҳиби, 1961|1962 йиллар мавсумидаги Европа Чемпионлари кубоги ғолиби, Шимолий Америка футбол лигаси чемпиони. 434та ўйинда 424та гол муаллифи. Қисқача айтганда, ХХ асрнинг буюк футболчилардан бири бу - ўша машҳур Эйсебио. «Қора қоплон» ўйнаган вақтда Португалия терма жамоаси таркибидан унчалик кучли ўйинчилар жой олишмаганди. Эйсебио жамоадошларини ортидан эргаштириб, уларни бор кучлари билан ўйнашга ундарди. Шундай қилиб, Эйсебио жамоадошлари билан 1966 йилги мундиалнинг бронза медалларини қўлга киритади. Таъкидлаб ўтиш жоизки, португалияликлар 3-ўрин учун бўлган баҳсда собиқ иттифоқ терма жамоасини мағлубиятга учратишганди.
9. Криштиану Роналду, Португалия
Эйсебиога муносиб ўринбосар бўлган португалиялик маҳоратли ҳужумчи. Ҳақиқий «гол машинаси». «У ҳаттоки, менданда ҳам зўрроқ» деган эди Роналду ҳақида шахсан Эйсебионинг ўзи. Лекин ҳар икки португалиялик буюк ўйинчиларни аламли хотиралар ҳам боғлаб туради. Яъни терма жамоалар миқёсидаги йирик турнирларда зафар қучиш улар учун ёт.
Ваҳоланки, Криштиану 19 ёшидаёқ Европа чемпионига айланиши мумкин эди. Ҳа, ўша грекларга қарши ўтказилган 2004 йилги финал баҳси. Учрашувдан сўнг Роналду кўз ёшларини тия олмаганди. Афсуски, терма жамоада анчадан буён фаолият юритаётган бўлса-да, ҳалигача тузукроқ совринни қўлга кирита олмади. Нима ҳам дердик, Роналдуга бу борада омад ёр бўлишини тилаб қоламиз.
10. Лионель Месси, Аргентина
Албатта, мазкур рўйхатимиздан замонамизнинг энг яхши футболчиларининг жой олишгани ҳайратланарли ҳолат. Аммо фактлар ўжар бўлади. Лионель Месси Аргентина терма жамоасида «Барселона»даги каби ёрқин ўйин кўрсата олмагани учун кўп маротаба танқид қилинган. Ҳозирча, Месси Аргентина термаси билан йирик турнирларда зафар қучолмади. Ўтган йили Бразилияда ўтказилган мундиалда у кумуш медаль соҳибига айланди. Лекин мазкур соврин Месси учун камлик қилмасмикан?