Ўзбекистон | 17:11 / 28.08.2015
4501
2 дақиқада ўқилади

Тарихчи: Айрим одатлар туфайли юзкўрмас бўлиб кетаётган оилалар бор

Айрим урф-одатларда меъёрни билмаслик оқибатида юзкўрмас бўлиб кетаётган оилалар бугунги кунда кўплаб учрайди. Бу ҳақда тарихчи Дилшодбек Худойназаров “Оила даврасида” газетаси саҳифалари орқали айтиб ўтди.

Қизнинг келин бўлиб бошқа хонадонга кетганидан сўнг ушбу оилага келиннинг қариндошлари томонидан қирқ кун давомида овқат ташиш одати ҳақида гапирар экан, мутахассис ушбу анъананинг илдизларига тўхталиб ўтди.

“Бу билан аёлларнинг қанчалик пазанда, меҳмоннавоз, ўз ишига моҳир, дидли, ораста ҳамда қариндошлари билан муомала-муносабати ҳам намоён бўлади”, - таъкидлади у.
Шу билан бирга, тарихчининг фикрича, анъаналарда ортиқча дабдага йўл қўйиш, ихтиёрий одатларни мажбурийга айлантириш янги қуда тутинган оилалар ўртасидаги муносабатларнинг бузилишига олиб келган ҳолатлар ҳам кузатилган.

“Унутмаслик керакки, янги келиндан хабар олишга бориш ҳам, уникига нимадир кўтариб кириш ҳам мажбурий эмас, - сўзида давом этди Худойназаров. - Ҳатто, бу ҳолатда ортиқча дабдаба ва исрофгарчиликка йўл қўйиш, хонадон аъзоларига малол етказиш, буни ўзи учун мажбурият ёки обрўга айлантириб олиш тўғри эмас. Айрим оилалар бундай ихтиёрий олди-бердилар туфайли юз кўрмас бўлиб кетаётгани ҳам сир эмас. Бугунги кунда бундай одатларни ҳар икки томон ўзаро келишиб, зарурат бўлганда ихчам ва ҳеч кимга оғир келмайдиган қилиб ўтказишга тарғиб қилиняпти”.