Жаҳон | 10:55 / 29.08.2015
7300
2 дақиқада ўқилади

Марсда яшаб қолиш лойиҳасига старт берилди

Олти киши бир йил давомида диаметри 11, баландлиги 6 метр бўлган гумбаз ичида тоза ҳаво ва одатий таомлардан маҳрум ҳолда яшашни бошлади.

“Француз астробиологи, немис физиги ҳамда тўрт америкалик — учувчи, архитектор, шифокор ва тупроқшунос кўнгилли равишда бир йил давомида ташқи муҳитдан узилган ҳолда яшайди. Улар 12 ой давомида Гавайи оролидаги Мауна-Лоа тоғининг шимолий нишабига жойлаштирилган диаметри 11, баландлиги 6 метр бўлган гумбаз ичида турли тадқиқотларни олиб боришади”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, тадқиқотнинг ҳар бир иштирокчисига минимал шароит яратилган хона ажратилган бўлиб, улар 365 кун давомида кукунсимон пишлоқ ва консерваланган тунец балиғи билан кун кечиришади. Гумбаздаги ҳаёт тарзи Марсдаги шароитларга максимал даражада яқинлаштирилган. Тадқиқот иштирокчиларига, шунингдек, интернетдан чекланган миқдорда фойдаланишга рухсат берилди.

Одамлар гумбаз ташқарисига фақатгина махсус скафандрларда чиқишлари мумкин. Мауна-Лоа тоғларида ўсимликлар деярли ўсмагани, ҳайвонлар бутунлай учрамаслиги сабабли атроф Марс сатҳига жуда ўхшаш.

Тадқиқот қатнашчиларидан бири Шейн Гиффорднинг ўз блогида ёзишича, ушбу олти нафар киши ўз хоҳишига кўра дунё чегараларини тарк этиб, уни бутунлай ўзгартиришни истайди.

Архитектор Тристан Бессингвейт эса Ер ва ташқи оламлардаги мураккаб шароитларда одамлар яшаши учун имкониятларни ошириш бўйича архитектуравий усулларни тадқиқ қилишини маълум қилган.
“Марс миссияси”нинг асосий вазифаси эса инсонларнинг узоқ давр мобайнида тоза ҳаво ва одатий озуқаларсиз яшай олиш-олмаслигини ўрганишдан иборат.