“Ахборот” дастурида Савицкий музейидан 581,625 млн сўмлик 5та сурат ўғирлангани маълум қилинди
2 сентябрь куни Ўзбекистон телеканали орқали эфирга узатилувчи “Ахборот” информацион дастурида Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида жойлашган Игорь Савицкий номидаги санъат музейидан бешта суратнинг йўқолгани ҳолати бўйича жиноий иш қўзғатилгани хабар қилинди.
Дастурда хабар берилишича, 28 август куни Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати музейдаги бешта суратнинг йўқолгани ҳолати бўйича жиноий иш қўзғатган. Мазкур суратларнинг йўқолгани мутахассислар томонидан музейнинг 85 мингдан ортиқ тасвирий ишлари ичидан 800дан зиёди ультрабинафша нурланиш текширувидан ўтказилганидан сўнг аниқланган.
“Таҳлил натижалари шуни кўрсатдики, музейда Ганнинг “Дам олишда”, Кашиннинг “Овулда”, Сафроновнинг “Шляпадаги аёл портрети”, Турусовнинг “Узумзор”, Караханнинг “Лола тераётган аёллар” картиналари ўрнига бутунлай бошқа ижод намуналари сақланаётган экан”, дейилади сюжетда.
Маданият ва спорт ишлари вазирлиги Бадиий экспертиза бошқармасининг экспонатларни баҳолаш комиссияси қарорига кўра, кўрсатиб ўтилган суратларнинг умумий қиймати 581,625 млн сўмни ташкил этади.
Бундан олдинроқ, Савицкий музейи директори Мариника Бабаназарованинг ишдан бўшатилгани ҳақида хабар берилганди.
Шундан сўнг, музей ходимлари бунга норозилик хати ёзишган.
Бироз ўтиб, Ўзбекистон Маданият ва спорт вазирлиги Бабаназарова пенсия ёшидалиги туфайли вазифасидан озод қилингани ҳақида маълум қилган.
Шунингдек, Мариника Бабаназарова ўзининг фейсбукдаги саҳифасида Ўзбекистон Маданият ва спорт вазири Баҳодир Аҳмедов номига мурожаатини эълон қилиб, ўзининг ноҳақ ва асоссиз равишда ишдан бўшатилгани ҳақида баён қилганди.
Маълумот учун, Мариника Бабаназарова ушбу музей директори сифатида 1984 йилдан буён ишлаб келган.
Қайд этиш жоизки, Савицкий музейи ЮНЕСКО ҳамкорлигида ташкил этилган "Хоразм олтин ҳалқаси" туристик йўналишидаги объектлар сирасига кирган. Музей 2011 йилда Ўзбекистондаги энг кўп сайёҳлар ташриф буюрадиган музейлардан бири сифатида «Сайёҳлар эътиборини қозонган музей» мукофоти билан тақдирланганди.