АҚШ олимлари демократик тинчлик назариясини инкор қилди
Америкалик сиёсатшунослар демократик тинчлик назариясини амалиётга татбиқ этиш имконияти йўқлигини тан олдилар. Тадқиқот натижаларидан маълум бўлишича, бутун дунёда демократия ўрнатилган тақдирда ҳам демократик давлатлар ўртасида уруш келиб чиқиши мумкин. Тадқиқот натижалари Proceedings of the National Academy of Sciences журналида чоп этилди.
Тадқиқот Огайо университетида ўтказилди. Унинг асосий хулосаси шундан иборатки, демократик режимлар ўртасида тинчликни сақлашда демократик қадриятлар эмас, балки савдо-иқтисодий алоқалар ва халқаро ҳукуматлараро ташкилотларга аъзолик ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Уларнинг сафига “олтин миллиард” давлатлари (АҚШ, Канада, Япония, ЕИ, Исроил ва Жанубий Корея) киради.
Ўз тадқиқотларида олимлар 1948 йилдан 2000 йилгача бўлган ҳарбий ихтилофларнинг тенденцияларини таҳлил қилиб чиқишди ва шу асосда ўз моделларини яратишди. У илгари бўлган ихтилофларни таърифлаб, шу асосда кейинги ўн йилликда содир бўлиши мумкин ихтилофларни башорат қилади.
Немис файласуфи Иммануил Кант 1795 йили ёзилган “Абадий тинчлик сари” номли ишида мамлакатлар орасида урушлар келиб чиқмаслиги учун 3 шартга амал қилиш кераклигини таъкидлаб ўтган эди – демократик режимларнинг тарқалиши, ривожланган савдо-иқтисодий алоқаларнинг бўлиши ва халқаро ташкилотларга аъзо бўлиш. Бу фалсафа тадқиқот учун асос бўлиб хизмат қилди.
Олимлар бу омилларнинг турли давлатлар ўртасидаги ихтилофларнинг келиб чиқиш тенденцияларида қай даражада акс этишини ўрганишди. Шу асосда ихтилофларга биринчи галда охирги икки омил кўпроқ таъсир ўтказиши ҳақидаги хулосага келинди.