Ҳайит байрамидаги гўзал одатлар
Бизда “Қурбон ҳайити” ёки “Кичик ҳайит” деб номланадиган кун диний манбаларимизда “Ийд ал-Азҳа” деб юритилади. “Ийд” сўзи араб тилида “қайта-қайта такрорланиш”, “фойда-манфаат” маъноларини билдиради. Ҳайит куни ҳар йили такрор, қайта-қайта келгани ва бу кунда Аллоҳнинг неъматлари бандалари учун сероб бўлгани боис, учун уни “ийд” деб аташади. “ал-Азҳа” эса “қурбонлик қилиш”, деган маънони англатади.
Халқимиз қадимдан, Ислом дини билан мушарраф бўлган кундан бошлаб Қурбон ҳайитини тантанали равишда байрам қилиб нишонлаб келган. Ийд намозини ўқиш учун бутун шаҳар аҳли бир намозгоҳга йиғилган. Намоздан сўнг бева-бечоралар ҳолидан хабар олиш, фақиру камбағалларга моддий ёрдам кўрсатиш, болаларга ҳайитлик совғалари улашиш халқимиз ичида анъанага айланган.
Олимлар бу кунда қуйидаги амаллар энг чиройлилари, деб ҳисоблашган:
1. Ийд кечасини ибодат билан ўтказиш
Ийдга ўтар кечанинг ҳам ўзига яраша фазилати бор. Уни бутунлай ёки бир қисмини, хусусан, кечасининг учинчи қисмини Қуръон тиловати, зикр, тасбеҳ ва нафл намозлар билан бедор ўтказиш кўплаб яхшиликларга, улкан савобларга сабаб бўлади.
Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Ким икки ийд кечаларини Аллоҳдан савоб умидида қоим қилса, қалблар ўладиган кунда унинг қалби ўлмас”, – дедилар”.
Ибн Можа ва Тобароний ривоят қилган.
2. Ғусл қилиш
Ислом поклик дини. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бир ҳадисларида: “Поклик иймоннинг ярмидир”, деганлар. Мана шундай ибодатлар олдидан, кўпчилик тўпланадиган жойларга боришдан олдин ғусл қилиш динимизда алоҳида таъкидланган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фитр куни ғусл қилар эканлар.
3. Тишларни тозалаш
Тишни тоза тутишга Ислом диничалик эътибор берган бирорта дин ёки таълимот йўқ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар умматимга машаққат бўлишидан қўрқмаганимда, уларни ҳар намоз олдидан мисвок қилишга буюрган бўлар эдим”, деганлар. Шу боис ҳар намоз олдидан мисвок қилиш суннат амал ҳисобланади. Ҳайит намози учун эса, бу нарса янада муҳимдир.
4. Байрам учун ясаниш
Мусулмон киши ҳайитга энг яхши кийимларини кийиши, иложи бўлса, янгисини сотиб олиши мустаҳаб. Бу ҳам бўлса, Аллоҳ байрам қилиб берган кунни нишонлаш, уни қадрлаш рамзи ҳисобланади. Бу иш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан мерос бўлиб қолган амалдир.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ийдда ҳибара чопон кияр эдилар”.
“Ҳибара” – Яманнинг машҳур кийими.
Шу боис ийд учун энг яхши кийимларни кийиш мусулмонлар ичида кенг тарқалган. Саҳобаи киромлар ҳам ушбу суннатга доимо амал қилганлар. Халқимиз қадимдан ушбу суннатни гўзал тарзда амалга ошириб келган. Ҳайит арафаларида кийим-кечак бозорларимизда савдо-сотиқ қизғин авжига чиқиши ҳам шундан. Бу ишда Аллоҳ таоло берган неъматларга шукр қилиш бор.
5. Хушбўйлик суртиш
Бу ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан. У зот алайҳиссалом асли хушбўй эдилар. Шу билан бирга, доимо хушбўйлик суртиб юрар эдилар ва: “Менга дунёйингиздан хўшбўйлик маҳбуб кўрсатилди”, деб қўяр эдилар. Жамоатчилик жойга киришда хушбўйлик суртиб олиш юксак одоб намуларидан бири бўлиб, кўплаб ноқулайликларнинг олдини олади.
6. Ҳайит намозига чиқиш
Ийд намози ҳар бир балоғатга етган, соғ-саломат ва ўз юртида муқим бўлган мўмин-мусулмон эр кишига вожибдир. У, ҳайит кунги энг асосий, муҳим амал ҳисобланади. Ҳайит кунининг асосий фазилати ҳам Ийд намозини ўқиш билан рўёбга чиқади.
7. Қурбонлик қилиш
Қурбон ҳайитининг номидан ҳам маълумки, бу байрамда асосий амалга оширилиши лозим бўлган иш Аллоҳ йўлида жонлиқ сўйишдир. Қурбонлик қилиш ўз юртида муқим бўлган, айни вақтда закот нисобидаги мулкка эга бўлган ҳар бир мўмин¬мусулмон эркагу аёлга вожиб ҳисобланади. Унинг вақти ҳайит намози ўқилгандан сўнг бошланиб, учинчи ҳайит куни қуёш ботишидан олдин тугайди.
8. Хонадонда байрам қилиш
Ҳайит кунлари оила ичида ҳам байрам кайфиятини тиклаш керак. Уйга қилинадиган харажатларни одатдагидан яхшироқ қилиш лозим. Иложи бўлса, уларга совға ва махсус ҳадялар улашилса, янада аълодир. Бунда ҳадяларни қўни-қўшни ва бошқа мусулмонларга ҳам берилса, мақсадга мувофиқ бўлади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Ўзаро ҳадя беришинглар, бир-бирингизга муҳаббатингиз бўлади”, – деганлар”.
Байҳақий ва бошқлар ривоят қилган.
9. Қариндош-уруғ, қўни-қўшни, бева-бечораларга хурсандчилик улашиш
Ҳайит муносабати билан устоз ва олим кишиларни зиёрат қилиш ҳам жуда катта савобли ишлардан ҳисобланади. Шунингдек, бемор кўриш, йўқсил, қамбағаллар ҳолидан хабар олиш, уларнинг ҳам ҳайитни нишонлашларига кўмаклашиш айни савоб иш бўлади.
Ҳайит кунлари сила раҳм қилиш, қариндош-уруғ, қуда-андаларни зиёрат қилиш ҳар қачонгидан ҳам кўра таъкидланган бўлиб, савоби кўпроқ бўлади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Кимни ризқини кенгайтирилиши ва ажалини ортга сурилиши масрур қилса, қариндошларига силаи рақм қилсин”, – дедилар”.
Учовлари ривоят қилишган.
Шунингдек, узоқлашиб кетган қариндошлар билан, айрим аразлашган дўст-яқинлар билан ҳайит баҳонасида алоқаларни тиклаш, ярашиб олиш лозим.
10. Болажонларга ҳайитлик бериш
Болаларга муносиб ҳадя ва совғалар улашилса, айни мақсадга мувофиқ бўлади. Фарзандлар йил давомида ҳайитни эслаб юрсин, уни орзиқиб кутсин, унинг буюклигини ҳис қила билсин, ана шунда яхши бўлади. Бу каби ишлар болалар онгида миллий-диний қадриятларимизга нисбатан эҳтиром туйғусининг шаклланишига, уларнинг Ватан ва миллатга ҳақиқий садоқатли инсонлар бўлиб тарбия топишида муҳим аҳамият касб этади.
Уламолар қуйидаги амалларни ҳайит куни қилиб бўлмайди, деб ҳисоблашган:
1. Рўза тутиш
Ҳайит куни байрам бўлгани, ҳамма мусулмонлар турли услуб ва амаллар билан бу кунни нишонлаши эътиборидан, бу кунда рўза тутишдан қайтарилган. Қурбон ҳайити куни ва ундан кейинги уч кунда рўза тутиш макруҳ ҳисобланади, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан қайтарганлар.
Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки куннинг – Фитр куни ва Наҳр куни рўзасидан қайтардилар”.
Муслим ривоят қилган.
2. Гуноҳ иш қилиш
Ҳайит куни қилинган яхши амалларнинг савоби кўп бўлгани каби, бу кунда қилинган гуноҳларнинг жавоби ҳам қаттиқ бўлади. Шу боис ҳайит экан деб, бўлар-бўлмас ишларни қилиб, шундай улуғ кунда гуноҳга ўтиб кетмаслик керак.
Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу: “Аллоҳ таолога осийлик қилмаган ҳар бир кунимиз биз учун ҳайитдир”, деган эканлар.
4. Ҳайит кунлари аёлларнинг қабристонларга бориши
Динимизда айнан ҳайит куни қабристонга бориш ҳақида кўрсатмалар йўқ.
Қабр зиёратига Ислом нуқтаи назаридан қараладиган бўлса, аввало, қабрни ибрат учун, охиратни эслаш мақсадида зиёрат қилиниши лозимлиги таъкидланади. Шу боис динимизда қабрларни зиёрат қилиш маълум кун ё соатга белгиланган эмас. Балки тез-тез, хусусан, қалб ғафлати ортганини сезган чоғда қабристонларни зиёрат қилиш тавсия этилади.
5. Ҳайит кунларини азага айлантириб олиш
Икки ийд кунлари мўмин-мусулмонларнинг энг улуғ байрамлари ҳисобланади. Диний манбаъларимизда бу кунларни хурсандчилик, шодлик руҳида, байрам кайфиятида ўтказилиши кераклиги таъкидланган. Аммо ҳайит кунлари фотиҳахонлик қилиш ҳақида кўрсатмалар йўқ. Бугунги кунда бу одат азадорларга ҳам кўплаб қийнчиликлар туғдираётгани ҳеч кимга сир эмас. Баъзан бу нарса азадорларнинг ярасини янгилаш, машаққатлари устига яна машаққат туғдиради. Шунинг учун ҳам уламоларимиз уч кундан кейин таъзия билдириш узоқдаги кишилар учун, бошқаларнинг мазкур муддатдан кейин таъзия билдириши мусийбатни янгилаш бўлади, бу эса мусийбат аҳлига оғир келади, кўзланган мақсадга зид иш бўлади, деб айтганлар.
Қурбон ҳайити байрамини мазкур одобларга риоя қилган ҳолда ўтказсак, ушбу улуғ кунни муносиб нишонлаган бўламиз, кўплаб яхшиликларга, ажру савобларга эга бўламиз, халқимиз орасида эзгулик, меҳр-оқибат бардавом бўлишига ҳисса қўшган бўламиз, энг муҳими, ушбу кунларни бизга байрам қилиб берган Роббимизнинг розилигига мушарраф бўламиз. Мана шу ҳақиқатни утутмаслигимиз лозим.
XABARDOR.UZ / Интернет материаллари асосида Сарвар Анвар ўғли тайёрлади