Фан-техника | 19:06 / 20.11.2015
4542
2 дақиқада ўқилади

Panasonic реал вақтда нутқни учта тилга таржима қилувчи мегафонни тақдим қилди

Panasonic компанияси аэропорт ва вокзаллар ходимлари учун реал вақтда нутқни учта тилга таржима қилувчи мегафонни тақдим қилди. Бу ҳақда RocketNews24 нашри маълум қилди.

Panasonic қурилмаси Megahonyaku деган ном (япончадан “мегафон” ва “таржима” сўзларидан олинган) олди. Агар унда япон тилида бирор гап айтилса, у хитойча, инглизча ва корейсчада ҳам янграйди (бирорта тилни танлаш мумкин ёки кетма-кет учтасини эшиттириш имкони мавжуд). Қурилма оддий мегафон сифатида ҳам ишлатилиши мумкин.

Қурилма Токиодаги Нарита халқаро аэропортида синовдан ўтказилади. Gizmodo нашрининг таъкидлашича, агар қурилмага яна кўпроқ тиллар қўшилса, унда у бутун дунё бўйлаб оммавийлашиб кетиши мумкин. Боз устига аэропортлар ходимлари машинавий таржима қилувчи дастурлар яхши эплай оладиган жуда оддий жумлаларни ишлатишади.

Megahonyaku мегафони турли ноодатий ҳолатларда катта ёрдам бериши мумкин. Ҳозирча қурилма ишлатишда қанчалик қулайлиги номаълумлигича қолмоқда, бироқ биринчи синов натижалари таржима сифати смартфонлар учун машҳур таржима дастурлариникига яқинлигини кўрсатди.

Бу япон аэропортларида техника билан ўтказилаётган биринчи тажриба эмас. Аввалроқ Токиодаги Haneda International аэропорти йўловчиларга юкларни ташишга ёрдам берувчи ва фойдали маълумотлар тақдим қилувчи роботни ўз хизматига олган эди.