Онамиз – омонатимиз
Ижтимоий тармоқларнинг бирида оналар тўғрисида таъсирли ҳикоя ўқиб қолдим. Унинг муаллифи, ёзилган санаси, қайси мамлакатда бўлиб ўтгани, тўқимами ёки бўлган воқеами – номаълум. Бироқ оналарни эъзозлаш, уларнинг қадрига етишга ундайдиган, кишини ўйга толдирар экан:
“Эрталаб чой ичиб ўтиргандим. Аёлим келиб, ёнимга ўтирди. Пиёлага чой қуйиб узатаркан, аста гап бошлади:
- Дадаси, бугун бошқа бир аёлни кечки овқатга таклиф қилишингизни истайман.
Чайнаб турган ноним тиқилиб қолаёзди.
-Тинчликми, онаси? Қанақа аёл билан кечки овқатга бораман, кўрганлар нима дейди, эсингни едингми? - дедим ўзимни ўнглаб.
- Мен сизни қаттиқ севаман, хаммадан қизғонаман, лекин аниқ биламанки, у аёл сизни мендан-да ортиқ севади, ва сиз билан бир сония бўлсада бирга суҳбат қуриб, дийдорингизга тўйишни истайди. Бу инсон сизнинг онангиз, - деди аёлим.
Чуқур ўйга толиб қолдим. “Мана 19 йилдирки, онам дадамсиз, биргина укам билан қишлоқда яшайди. Учта бола ва аёлимни яхши кийинтириб, яхши боқаман, деб бирор марта онамга тузукроқ эътибор бермабман. “Ўғил бўлмай кет, тур ўрнингдан”, дея ўзимни ўзим койиб ўрнимдан турдим. Телефонимни олиб онамга қўнғироқ қилдим.
Онам гўшакни кўтарибоқ: “Тинчликми, болам, нима бўлди, бунча барвақт телефон қилдинг”, - деб қолдилар.
- Онажон, хавотирланманг. Фақат ёмон нарса бўлиши керакми, саҳарлаб қўнғироқ қилишим учун? Сизни соғиндим, - дедим нафасим қисилиб.
Онам қулоқларига ишонмадилар шекилли. Чунки бу гапни анча йиллардан бери биринчи марта айтишим эди.
- Болам, гапларинг ёқмаяпти. Худди ўлимидан олдин васият қиладиганларга ўхшаб гапирма! Нима бўлди? - дея яна сўрадилар.
- Ҳеч нарса эмас, онажон. Майлими, бугун кечга сизни бирор ресторанга кечки овқатга таклиф қилсам? Иккаламиз шу оқшомни бирга ўтказсак?
- Бир оз жим қолдилар-да, “Жон-жон дейман, болам” - дедилар-да пиқиллаб йиғлаб юбордилар.
Кечқурун машинамга миниб, онамнинг уйи томон кетарканман, худди узоқ кутган севгилиси билан учрашув олдидан ҳаяжонга тушиб қоладиган ошиқдек, балки ундан ҳам баттар ҳолга тушиб, юрагим тез-тез ура бошлади.
Етиб келиб тўхтаганимда ҳаво совуқ бўлишига қарамай, онам дарвоза олдида кутиб турардилар.
- Онажон, нега чиқиб олдингиз? Келиб ўзим олиб чиқардим, совуқда музлабсиз-ку?
Онам келиб пешонамдан ўпиб, сўрашдилар-да, “Болам, юрагим тоқат қилмай чиқиб олдим”, - дедилар.
Онам худди учрашувга чиққандек ясаниб олгандилар. Ҳолатларини кўриб дам кулгим келарди, дам ўзимни ёмон кўрардим: “Нега шу пайтгача онангни бир марта бўлса-да шундай хурсанд қилмадинг”, - деб.
Машинага ўтирар эканлар, “Дугоналаримга бугун ўғлим мени ресторанга таклиф қилди, десам ҳаммасининг менга ҳаваси келди”, - дедилар.
Шаҳар марказидаги шинамгина ресторанга кирдик. Кирар эканмиз, онам қўлимдан ушлаб олиб, виқор билан, худди шаҳарнинг биринчи рақамли хонимидек юриб борардилар. Кўзларидаги қувончни яширишнинг имкони йўқ эди. Столга ўтирар эканмиз, менюни олиб ўқидим. Онам анча кўздан қолибдилар, фақат катта ҳарфларни кўра олдилар холос.
- Сен болалигингда ўқишни билмасдинг, менюни мен ўқирдим, сен эса эркаланиб бирор нарса танлагунингча анча вақт ўтарди, энди эса сенинг навбатинг келибди, - дедилар онам узоқ ўтмишни эслаб.
Суҳбат қуриб узоқ ўтирдик. Вақт алламаҳал бўлганини ҳам сезмабмиз. Қалбимда қандайдир ширин хотиралар, нотаниш илиқлик жўш ура бошлади. Қанчалар ажойиб кеча бўлди. “Шундай аёлни нега шу пайтгача бир марта бўлса-да ресторанга таклиф қилмабман? Бу шунчалар ажойиб экан-ку”, - дея ўзимни ўзим тергай бошладим. Онамни уйларига қўяр эканман, “Болам, сен билан яна ўша ерга боришни истайман”, - дедилар.
- Бажонидил, онажон, унда келаётган ҳафтада борамиз, - дедим.
- Лекин бу сафар ман тўлайман рестораннинг пулини, - дедилар қайсарлик билан.
- Майли, онажон, сиз нима десангиз шу, - дедим.
Уйга қайтганимда аёлимга раҳмат айтдим, ахир у менга ажойиб бир оқшомни ўтказишда катта ёрдам берди-да.
Орадан икки кун ўтмай саҳарда укам телефон қилиб, “Ака, тез келинг, онамнинг юраклари хуруж қилди”, - деб қолди.
Онамни тирик кўриш насиб қилмади. Боргунимча жонлари узилибди. Маъракалардан кейин укам бир конверт тутқазди, онам бериб қўйган эканлар. Очдим. У ерда бир парча қоғозга хат қолдирибдилар:
“Болам, ваъда қилганимдек, аввалдан бориб ресторанга икки кишилик кечки овқатни ҳисоблатиб, пулини тўлаб келдим. Тўлов қоғози ҳам шу ерда. Балки ўша кунгача мен етиб бормасман. Лекин сен албатта аёлингни олиб ўша ерга боргин. Иккаламиз ўтирган жойда”...
Ҳикоя сўнгида кўзларимга ёш қалқди. Қани эди бу қадар таъсирли ҳикояларни ўз онасининг қадрияга етмаётганлар ўқиса, уларнинг қадр-қимматини жойига қўйса. Гарчи бу дунёда оналарни эъзозламайдиган миллат бўлмаса ҳам, айрим кишилар борки, уларга бу ҳақда ҳар куни бонг уриб туриш лозимдек.
Буни қарангки, бош қомусимиздаги бир модда ҳам айнан ана шундай кишиларга мўлжалланган экан: “Вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар” (66-модда). Бу моддани ўзимча ҳаммага ҳам тааллуқли эмас, деб тушундим. Уни қалби эзгуликдан маҳрум, адашганлар ёки унутганлар учун эслатма, огоҳлантириш деб қабул қилиш мумкин, назаримда. Чунки яхшиларга яхшилик қил, деб айтишнинг ҳожати йўқ. Улар ҳеч бир ишни яхшилик деб бажармайди – уларнинг ҳаёт тарзи эзгуликка қурилган. Аммо гуруч курмаксиз бўлмаганидек, айрим кимсалар борки, ҳар куни, ҳар дақиқада уларга мунис ва мўътабар зот бўлмиш оналарга яхшилик қилиш лозимлигини эслатиб туриш зарур. Зеро оналаримиз – омонатларимиз.
Қуйида эътиборингизга ҳавола этилаётган монолог ҳам оналарнинг қадрига етиш лозимлигини яна бир бор ёдга солади.