Мобил мухбир: "Хиёнат гирдоби" - ўзбек киноижодкорларининг тўғридан-тўғри кўчирмачилиги
Яқинда ўзбек киноижодкорлари томонидан содир этилган тўғридан-тўғри кўчирмачиликни пайқаб қолдим ва фикрларимни мақола қилиб, Kun.uz сайтида албатта оммага тақдим қилиш керак, зора бу бошқа ижодкорлар учун сабоқ бўлса, деган қарорга келдим! Аслида бундай воқеалар шоу-бизнес ва киноматография соҳасида учраб туради, лекин бу жуда қўпол ўғрилик, яъни, умуман, тўғридан-тўғри кўчирилган! Ўғри бўл, қароқчи бўл, инсоф билан бўл, дейди доно халқимиз, лекин ушбу фильм ижодкорлари бу мақолни билишмайди шекилли.
Гап Ўзбекистонда 2013 йилда суратга олинган "Хиёнат гирдоби" фильми ва Буюк Британия ҳамда АҚШ ҳамкорлигида 2005 йилда суратга олинган (Женнифер Энистон ва Клайв Овен) “Хиёнат баҳоси” ("Derailed") картинаси устида кетмоқда. Ўзбек "киноижодкорлари" бирга-бир кўчирибди бу ғояни, фақат ўзбекча нусхада кино қаҳрамонлари қизчаси касал бўлиб, шаҳардан ҳавоси тоза Бўстонлиқ туманига кўчиб ўтишади. Шаҳар четида яшаш ва шаҳарда ишлаш эса чет элларда оддий ҳол.
Аввалига ушбу "Хиёнат гирдоби" киносини кўриб, яхши ишлабди, деб ўйлаган эдим. Нафақат мен балки бошқалар ҳам шундай фикрда экан. Ҳақиқатдан ҳам ўзгача кинофильм. Ўзбек кино ижодкорларининг бундай фильмини анчадан бери кўрмаган эдим. Реаллаштирилган ҳолатда ишланибди.
Ёлғон, алдов йўли билан эркакларни хиёнат гирдобига тушириб кетаётган бундай аёллар ҳозирги ҳаётда, афсуски, кўпайиб бормоқда.
Д.Усманов