Иқтисодиёт | 08:41 / 27.02.2016
15407
2 дақиқада ўқилади

Иш ҳақи учун пул маблағларини беришни кечиктирган банклар жиддий жавобгарликка тортилади

Жиноят кодексига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга кўра, банкнинг мансабдор шахси ёки хизматчиси томонидан хўжалик юритувчи субъектлар ва бошқа ташкилотларга иш ҳақи, нафақалар, стипендиялар тўлаш учун пул маблағларини бериш асоссиз равишда кечиктирилса, жиноий жавобгарликка тортилади (ЖКнинг 1927–моддаси).

"Моддада жавобгарликка мулкчилик шаклидан қатъи назар фақат банкларнинг виждонсиз мансабдор шахслари ва хизматчилари тортилиши тўғридан-тўғри кўрсатилади", деб ёзади Uz24 нашри.

Асоссиз равишда кечиктириш деганда мазкур хўжалик юритувчи субъект олишга ҳуқуқи бўлган пул маблағлари банк кассасида мавжуд бўлганда пулларни қонунчиликка биноан белгиланган муддатларда бермасликни тушуниш лозим ҳисобланади.

Банк иқтисодий ёки бошқа (мисол учун, пул маблағларини инкасса қилиш бўйича прогноз кўрсаткичлар бажарилмаганлиги) сабабларга кўра, мазкур мажбуриятни бажаришга қодир бўлмаган тақдирда унинг мансабдор шахслари ва хизматчиларининг жавобгарлиги юз бермайди, чунки ушбу ҳолатда жиноий жавобгарлик юз беришининг асосий шарти, яъни айб мавжуд эмас.

Бундай жиноят учун жазонинг энг кўп миқдори – бир йил озодликдан маҳрум қилиш. Айбдорни фақат у олдин бир марта шундай ҳаракатлар учун маъмурий жавобгарликка тортилган тақдирдагина жиноий жавобгарликка тортиш мумкин.

Банк мижози банкнинг нима сабабдан иш ҳақи тўлаш учун пул маблағларини бермаётганлигини аниқлай олмаса, Марказий банк томонидан ташкил қилинган ишонч телефонларига (республика минтақаларидан: 8800-200-0044, Тошкент шаҳридан 200-0044,) мурожаат қилиши мумкин.