Жаҳон | 22:45 / 07.03.2016
4987
3 дақиқада ўқилади

Эдвард Сноуден Карл фон Осецкий мукофоти соҳиби бўлди

АҚШ махсус хизматларининг собиқ ходими Эдвард Сноуден 7 мартда Норвегиянинг ПЕН-клуби мукофоти совриндори деб эълон қилинди. Бу мукофот сўз эркинлигини ҳимоя қилишга қўшган улкан ҳисса учун берилади. 1994 йилда таъсис этилган нуфузли мукофот Гитлер тузуми танқидчиси ва антифашист, 80 йил аввал тинчлик учун Нобель мукофотини олган Карл фон Осецкий номи билан аталади. Бу ҳақда халқаро ПЕН-клубининг норвег бўлими берган хабарда айтилмоқда.

ПЕН-клуб (инглизча "poet" (шоир), "essayist" (эссечи), «novelist» (романчи) сўзларининг бош ҳарфларидан тузилган ва қўшилганда "PEN" – ручка маъносини беради) – халқаро ноҳукумат ташкилот бўлиб, турли адабиёт жанрларида ижод қилувчи профессионал ёзувчилар, шоирлар ва журналистларни бирлаштиради.

"Эдвард Сноуден замонамиз Осецкийси. У давлатлар томонидан ўз фуқаролари ва бошқа давлатлар фуқароларига нисбатан амалга ошириладиган катта кўламдаги жосусликнинг мавжудлиги борасида кўплаб саволлар туғдирган далилни ошкор этди. Бу мукофот ҳукуматларнинг фуқароларнинг шахсий ҳаётига тажовуз қилиши сир сақланган маълумотни жамоатчиликка тақдим қилган фош қилувчининг шахсий қаҳрамонлигининг тан олиниши ҳисобланади", дейилмоқда ҳужжатда.

Ташкилот Сноуден ушбу мукофотни ноябрда бўлиб ўтадиган расмий тақдимот маросимида шахсан ўзи олиши учун барча имконияти бор нарсани амалга оширишга ваъда бермоқда ва агар Сноуден Ослога келса, Норвегия ҳукуматини уни АҚШга топширилмаслигига кафолат беришга чақирмоқда.

"1936 йилдаги тинчлик учун Нобель мукофоти берилганда Карл фон Осецкий учун аталган курси бўш бўлган, чунки немис ҳукумати унга Ослога бориш ҳуқуқини беришни рад этганди", деб эсланмоқда ПЕН-клубда.

Бироқ Сноуденнинг Ослого келишининг эҳтимоли жуда кичик. Чунки Норвегия адлия вазирлиги аввалроқ унга қандайдир кафолатлар беришдан бош тортган.

Немис журналисти Карл фон Осецкий 1931 йилда Германиянинг ҳарбий режалари фош қилинган мақолани чоп этгани учун турмага қамалган. Осецкий 1935 йилнинг тинчлик учун Нобель мукофоти совриндори деб эълон қилинган. 1938 йилда Осецкий силдан шифохонада вафот этган.