Спорт | 17:17 / 09.03.2016
12425
6 дақиқада ўқилади

Россия спорт маликаларининг катта маш-машалари

Ҳар йили жаҳонда тинч ва осуда ўтадиган Халқаро хотин-қизлар байрами шов-шувли допинг мажоролари туфайли бу йил бошқача нишонланди. 2016 йилнинг 7 марти Россия спорт тарихига “қора кун” сифатида кирадиган бўлди. Айнан шу куни машҳур россиялик теннисчи Мария Шарапова, фигурачи Екатерина Боброва шов-шувлар марказига айланди.

Биринчи бўлиб, 2014 йил Сочида бўлиб ўтган қишки олимпиада ўйинлари ғолиби, фигурачи Екатерина Боброванинг организмида мельдоний борлиги аниқлангани ҳақида хабар тарқатилди. Эндиликда унинг Бостонда 28 мартдан 3 апрелгача бўлиб ўтадиган мусобақаларда иштирок этмаслиги аниқ. Аввалига бу ҳодисага унчалик ҳам катта аҳамият берилмаган эди. Чунки организмда допинг аниқланишининг ўзиёқ спортчининг ўзига чиқарилган хукми экани шубҳасиз. Бироқ 7 март куни кечқурун россиялик машҳур теннисчи Мария Шарапова январь ойида допинг синовидан ўтолмагани ҳақида хабар тарқатилди. Унинг ўзи Лос-Анжелесда бўлиб ўтган матбуот анжуманида катта хато қилганини, сўнгги 10 йил давомида тақиқлаган милдронат дорисини қабул қилиб келгани ва шу боис "Катта дубулға" турнирида қатнашиш учун допинг текширувидан ўтолмаганини тан олди, аммо спорт карьераси шундай якун топишини истамаётганини айтди.

— Мен катта хато қилдим, мухлисларим, тўрт ёшлигимдан шуғулланиб келган спорт олдида уятга қолдим. Лекин мен спортчилик карерамни бу шаклда тўхтатмоқчи эмасман ва менга теннисда қолишим учун яна бир имконият берилади, деб умид қиляпман, — деди Мария Шарапова.

Лос-Анжелесда ўтказилган матбуот анжуманида россиялик теннисчи милдронат дорисини 2006 йилдан буён ўз шифокори тавсиясига кўра қабул қилиб келгани, бу дорини 1 январдан WADA тақиқлагани ҳақда эса билмаганини айтди.

Шарапованинг бош ҳомийлари бўлмиш Германиянинг Porsche автомобиль компанияси ва АҚШнинг спорт кийимлари ишлаб чиқарувчи Nike компанияси допинг можароси атрофидаги текширув якунига етгунга қадар у билан ҳамкорликни вақтинча тўхтатган. Швейцариянинг “TAG Heuer” соат ишлаб чиқарувчи ширкати эса Мария Шарапова билан шартнома ўтган йилнинг охиригача бўлгани ва уни давом эттириш ниятида эмаслигини билдирди. Шунингдек, Evian, Cole Haan, Head, Samsung компаниялари ҳам россиялик теннисчининг хомийлари саналади. Ҳозирча бу компаниялар бирон баёнот билан чиқмади.

Таҳлилчиларнинг фикрича, Мария Шарапованинг теннисдан йиллик даромади 30 миллион АҚШ долларини ташкил қилган ва сўнгги 11 йил мобайнида у энг кўп даромад кўриб келган аёл спортчи бўлиб келаётганди.

8 мартдан бошлаб ахборот агентликларида ёмғирдан кейинги қўзиқориндек Семен Елистратов, Павел Кулижников, Александр Маркин каби спортчиларда ҳам допинг аниқлангани айтила бошланди.

Мельдоний ёки милдронат дориси, асосан, юрак хасталиклари ва асаб тизими билан боғлиқ касалликлар учун тавсия қилинади. Спортчилар уни руҳий мувозанат ва концентрацияни кучайтирувчи дори сифатида истеъмол қиладилар. Бу модда спортчилар орасида оммалашиши сабаб Жаҳон аксилдоппинг агентлиги (WADA) уни тақиқлаб қўйди. Бу борадаги қарор шу йилнинг 1 январ куни кучга кирди. Кельндаги лабораторияда ўтказилган тадқиқот натижаларига қараганда, танлаб олинган 8 минг 320 нафар спортчидан 182 нафарининг организмида мельдоний борлиги аниқланди. Германиялик журналист Хайо Зеппельтнинг айтишича, 2015 йилда 4 минг 316 нафар россиялик спортчининг 724 нафарида мельдоний борлиги ошкор бўлган.
Таҳлилчиларнинг фикрича, мельдонийни асосан Россия ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо бир қатор давлатларнинг спортчилари қабул қилади. Чунки уни Россиядан бошқа мамлакатларда хатто билмайдилар ҳам.
Бу дорини 1975 йилда латвиялик профессор Ивар Калвиньш яратаган. Профессор мазкур дорини допинг сифатида қабул қилинишига қарши чиқмоқда. Унинг сўзларига қараганда мельдоний ҳимоя препарати экан. Бироқ Жаҳон аксилдопинг агентлиги милдронатни жиддий допинг сирасига киритишга қарор қилди. Эндиликда организимида мельдоний аниқланган спортчилар тўрт йил давомида ўзлари шуғулланиб келган спорт туридан четлаштирилади. Агар худди Мария Шарапова сингари ўз айбига иқрор бўлиб, бошқа такрорланмаслигига ваъда берса у ҳолда бу муддат икки йилга қисқартирилади. Айрим ҳолларда эса муддат янада қисқартирилиши мумкин.
Мария Шарапова Халқаро теннис федерацияси билан ҳамкорлик қилишга қарор қилди ва шу сабабли ҳам ишлар босди-босди бўлгунга қадар мусобақалардан вақтинча четлатилди. Агар Мариянинг сўзлари исботланадиган бўлса, у ҳолда теннисчига ҳеч қандай хавф йўқ. Илк эшитувлар 23 март куни Лондонда бўлиб ўтади.

Семен Елистратов, Павел Кулижниковлар эса ўз айбларини тан олмади, балки эълон қилинган таҳлиллар ошкор этилишини талаб қилиб чиқишди. Эндиликда уларнинг қони такроран таҳлил қилинади. Бунинг учун ойлар кетади.

Нима учун Шарапова ва бошқа спортчилар мельдонийнинг тақиқланганини билишмаган, деган савол туғилади. Кузатувчилар бунинг учун спортчиларнинг шифокорлари жавоб бериши керак деган фикрни ўртага ташлашмоқда. Чунки тақиқлар анча аввал эълон қилинган эди. Масалан, Россия аксилдопинг агентлиги — РУСАДА ҳар йили 1 октябрда тақиқланган дорилар рўйхатини эълон қилиб боради.

Шарофиддин Тўлаганов