Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси допинг борасидаги барча ўзгаришлардан хабардор эканлигини маълум қилди
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Бутунжаҳон аксилдопинг агентлиги (WADA) 2016 йил арафасида тақиқланган воситалар рўйхатига киритган барча ўзгаришлардан хабардор бўлган ва бу ҳақда барча федерациялар ва спортчиларни хабардор қилган, деб таъкидлаб ўтди Sputnik мухбирига қўмитадаги манба.
Манбанинг айтишича, WADA ҳар йили тақиқланган воситалар рўйхатига киритилган янги моддалар номини чоп этиши анъанага айланган. 2016 йилда бу рўйхат 30 та янги ном билан тўлдирилган, улардан бири мельдоний моддаси бўлган.
"Ўзбекистон МОҚ у ёки бу модда допинг ҳисобланишини муҳокама қилишга ҳуқуқи йўқ. Агар бу модда WADA рўйхатига киритилган бўлса, у тақиқловда бўлади ва спортчилар бу моддани бошқа истеъмол қила олмайдилар. Бу борада бошқа фикрлар бўлиши мумкин эмас, Олимпия ҳаракатида иштирок этувчи барча спорт федерацияси ва қўмиталари бу умумқабул қилинган талабга риоя қилиши керак", деб таъкидлаб ўтди манба.
Ўзбекистон спорт федерациялари, улар орқали спортчилар ва спорт шифокорлари янги ўзгаришлар ҳақида хабардор этилганлар, шунинг учун МОҚ янги допинг можаролардан ҳайиқмаяпти. Бу ишонч ўзбек спортчилари билан бир қатор халқаро мусобақаларда юз берган можаролардан кейин чиқарилган тўғри хулосалар билан мустаҳкамланган.
Ўзбекистон Лондон Олимпиадасида спортчилар томонидан тақиқланган воситалар қабул қилиш муаммосига дуч келган. Ўша Олимпиадада эркин кураш бўйича бронза медалини қўлга киритган Сослан Тигиев ижобий допинг намуна деб медалдан маҳрум этилганди. Шунингдек, тақиқланган воситаларни қабул қилганлик учун гимнастикачи Луиза Галиулина ва дзюдочи Абдулла Тангриев мусобақалардан четлатилганди.
Шу воқеалардан кейин Ўзбекистон аксилдопинг хизмати салоҳиятини мустаҳкамлаш, жумладан Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази яратиш ҳақида қарор қабул қилинган. Айнан шу марказ бугунги кунда спортчиларнинг малакали даволаниши, реабилитацияси ва тайёргарлиги ҳамда аксилдопинг назорат учун жавоб берувчи ягона ташкилотга айланди.
Агар марказда бирор спортчида Мария Шарапова каби кимнингдир айби билан ёки ноқонуний тарзда қабул қилинган тақиқланган модда аниқланса, унинг мураббийи ва спорт шифокори бу ҳақда огоҳлантирилади. Бундан ташқари, спортчига тақиқланган модданинг организмдан чиқарилиши учун кўмак кўрсатилади.
Ўзбекистонда бир йилда камида икки марта Ўзбекистон терма жамоалари аъзолари ва уларнинг энг яқин захираларини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш махсус тизими ташкил этилган. Шарапова ҳолатидагидек шифокорлар допинг воситалар рўйхатидаги ўзгаришларни билмаган ҳолатларга дуч келмаслик мақсадида спорт шифокорлари малакасини ошириш тизими яратилган. Малакасини оширган шифокорлар юқори малакали спортчилар билан ишлашга ҳуқуқ берувчи лицензия оладилар.