Жаҳон | 15:30 / 11.03.2016
6765
7 дақиқада ўқилади

Унутиб бўлмайдиган хотиралар

Бугун Японияда маҳаллий вақт билан 14 дан 46 дақиқа ўтганда (Тошкент вақти билан 10.46 да) 2011 йилда юз берган зилзила ва цунами қурбонлари хотираси ёдга олинди. Мамлакатнинг барча шахарларида табиий хавфдан огохлантириш рамзи бўлган сирена овозлари янгради. Қурбонлар бир дақиқа сукут сақланган холда ёдга олинди. Тадбирлар мамлакат пойтахти Токиода император оила аъзолари, хукумат вакиллари ва парламент депутатлари иштирокида бошланди.

Бундан роппа роса беш йил аввал- 2011 йилнинг 11 март куни Япония шимолий-шарқида магнитудаси 9.0га тенг зилзила қайд қилинган эди. Кейинчалик бу ер қимирлашига Шарқий Япониядаги Буюк зилзила деган ном берилди. Олимларнинг фикрича, бу каби зилзилалар мазкур минтақада ҳар 600- 1000 йилда бир марта юз бериб туради. Зилзила оқибатида юзага келган цунами тўлқини шу кунгача кузатилган тўлқинлардан бир неча баробар юқори бўлиб, Тинч океани сохилларига катта зиён етказди. Зилзила эпицентри Токиодан 373 километр шимолий-шарқда 24 километр ер қаърида жойлашган эди. Цунами 561 квадрат километр худудни қамраб олди. Шундан 327 квадрат километри Мияги префектураси худудига тўғри келади. Цунами баландлиги Ивате префектурасидаги Мияко шаҳрида 40,5 метрга етди. Умумий хисобда цунами олтита префектурадаги 62 та шахар ва қишлоққа зиён етказди. Табиий офат оқибатида 15 минг 894 киши халок бўлди, 2 минг 562 киши бедарак йўқолди. Халок бўлганларнинг 93 фоизи цунами қурбонлари бўлгани айтилмоқда.

Олимларнинг айтишича зилзила оқибатида Япониянинг Хонсю ороли 2,5 метр шарқ томон силжиган. Цунами Япония иқтисодиёти, транспорт ва инфратузилмаларига салкам 17 триллион иен миқдорида зарар етказди. Бу 215 миллиард доллар демакдир. Бунга “Фукусима-1” атом электр станциясига сарфланган харажатлар кирмайди. 126 мингта бино бутунлай, 260 минг бино қисман вайрон бўлди. 13 минг квадрат километр ер зарарланди.

Инсонларнинг халок бўлиши ёки зиён кўришидан ташқари цунами “Фукусима-1” (Fukushima Daiichi) атом электр станциясида йирик фожеага сабаб бўлди. Бу каби ходиса 1986 йилги Чернобил Атом электр станциясида юз берган фожеадан кейинги энг йирик халокат экани тан олинган. Зилзила оқибатида АЭС ташқи электр таъминотидан узилиб қолди. АЭС цунами хавфидан мухофаза қилиниши кўзда тутилмагани ойдинлашди. Тўлқин дизель генераторларини сувга ботирди. Атом электр станциясида кузатилган халокатидан сўнг яқин атроф радиоактив зарарланди. Бу ўз навбатида одамларнинг хавфсиз жойларга бош олиб кетишиларига сабаб бўлди. Умумий ҳисобда 146 мингдан ортиқ киши хавфсиз жойга кўчирилди. Фожеага 5 йил бўлганига қарамай, 40 мингга яқинг аҳоли ҳамон ўз уйларига қайта олмаяпти. Уларнинг катта қисми мамлакатнинг бошқа худудларида яшаб қолишни афзал кўрмоқда.

2011 йилнинг декабрида Япония хукумати “Фукусима-1” АЭСи халокатларини бартараф этиш борасида 30 йилга мўлжалланган режа қабул қилди. Халокат талофатлари 40 йилдан кейингина бутунлай бартараф этилиши айтилмоқда.

Радиоактив суюқликлар океанга тушиб кетмаслигини олдини олиш мақсадида 2012-2015 йилларда сохилбўйларига узунлиги 780 метр келадиган химоя девори қурилди. 2016 йил бошида Қайта тиклаш масалалари бўйича вазирлик баёнот бериб сўнгги беш йилда радиация даражаси 65 фоизга қисқарганини маълум қилди.

“Фукусима-1” АЭСида юз берган фожеадан сўнг БМТ атом электр станциялари қурилишида янги меъёрлар жорий этилиши ва қурилиш ишлари шаффоф бўлиши лозимлигини таъкидлади. Бутун дунёдаги Атом электр станциялари текширувдан ўтказилади.

Фожеага беш йил тўлган бўлишига қарамай, талофатларни бартараф этиш ишлари хамон давом этмоқда. Хаёт бир маромда аста секин ўз изига тушиб бормоқда. Ўтган йили хукумат Нараха шағри аҳолиси учун жорий этилган эвакуация режимини бекор қилди. Бу шахар АЭСдан 20 километр узоқликда жойлашган. 7 минг 300га яқин кишининг уйларига қайтишлари учун рухсат берилди. Шу йилнинг апрел ойида эса Минамисома шаҳрига ҳам одамларнинг қайтишларига рухсат берилади. Минамисома аҳолиси 2011 йилнинг март ойига қадар 72 минг кишидан иборат эди. Бугунги кунда бу кўрсаткич 55 минг кишига камайди.

Зилзила ва цунамидан зиён кўрган Япония худудларида сайёхликнинг янги йўналиши йўлга қўйилди. Сайёхларга вайрон бўлган жойлар кўрсатилмоқда. Биргина Минами-Санрику шахарчасига сўнгги тўрт йилда 300 мингдан ортиқ сайёх ташриф буюрди. Бироқ вайрон бўлган худудларда туризмнинг ривожланишига қаршилар хам учраб турибди. Улар фожеадан фойда кўришни мақсад қилган туристик компания ва меҳмонхоналар фаолиятини танқид қилмоқда. Бироқ туризмнинг янги кўринишини қўллаб-қувватловчилар бу каби экскурсия ва сайёхатлар минтақа иқтисодини юксалтиришга ҳисса қўшишини айтишмоқда.

Зилзиланинг беш йиллиги муносабати билан бош вазир Синдзо Абэ оммавий ахборот воситалари вакиллари учун махсус матбуот анжумани ўтказди. У хукумат минтақани қайта қуриш ва фожеа талофатларини бартараф этиш йўлида барча ишларни амалга оширишини ваъда берди. Бош вазир сўнгги уч йилда 30 марта халокат минтақасига сафар қилганини таъкидлаб ўтди. Синдзо Абэ Фукусима ва Тохоку минтақасига кўпроқ сайёхлар келиши лозимлигини қайд қилди. “Тохоку тикланмас экан Япониянинг тикланишига имкон йўқ”, деди бош вазир. Минтақада туризмни ривожлантириш йўлида хукуматнинг махсус дастури йўлга қўйилишига ваъда берди. 9 март куни бош вазир девонхонасининг интернетдаги сайтида тўрт дақиқалик ролик намойиш этила бошланди. Вайронагарчиликлар ва уларни бартараф этиш жараёнлари акс этган ролик Синдзо Абэнинг “Унутиб бўлмайдиган хотиралар” деган сўзлари билан бошланади. Видеода қишлоқ хўжалиги ва балиқчилик аста-секин оёққа туриб бораётгани акс этган.

Сўнгги сўз ўрнида, NHK телеканали ўтказган ижтимоий сўров натижалари хақида маълумот берамиз. Унга кўра респондентларнинг 70 фоизи атом электр станциялари сони қисқартирилиши лозимлигини айтишган. 26 фоиз ахоли АЭСлар сони хозирги миқдорда қолишини айтган бўлса, атиги 3 фоизи янги АЭСлар қуриш кераклигини таъкидлашган.

Шарофиддин Тўлаганов