Наврўз инсониятнинг энг қадимий байрамларидан бири бўлиб бир неча минг йиллардан бери ўзбекнинг ўзлигини намоён этиб келаётган қадриятидир.

Маълумки, Наврўз Шарқ халқларининг баҳор байрами сифатида минг йиллар мобайнида инсонийлик, меҳр-мурувват, меҳнатсеварлик, сабр-тоқат каби қадриятларни намоён этган холда нишонланади.

Бу байрам инсоният ўзлигини илк бор ёрқин намоён эта олгани билан ҳам аҳамиятлидир. Наврўз байрами 21 мартдан бошланиб бир неча кунлаб давом этган. 2009 йилнинг 30 сентябрь куни Наврўз ЮНЕСКО томонидан инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйҳатига киритилган эди. Қарор Ташкилотнинг номоддий меросни сақлаш ҳукуматлароро қўмитасининг 24 нафар аъзоси томонидан тасдиқланди. 2010 йилнинг 19 февраль куни БМТ Бош Ассамблеясининг 64-сессияси 21 мартни “Халқаро Наврўз куни” сифатида нишонлаш тўғрисидаги қарорни бир овоздан қабул қилди. Қабул қилинган резолюцияда мазкур байрам маданиятлароро мулоқот ва ўзаро тушинишни раҳбатлантириши таъкидланади. Шу тариқа Наврўз бирор бир миллат ёки маданиятнинг байрами сифатида эмас, балки бутун инсоният меросининг бир қисми сифатида нишонланмоқда.

Эндиликда сайёрамизда истиқомат қилувчи ҳар бир инсон халқаро байрамнинг тўлақонли иштирокчисига айланадиган бўлди. Наврўз яхши қўшничилик, хамкорлик, маданиятлароро мулоқотларни раҳбатлантиришга хизмат қилиши шубҳасиз.

Бу байрам эндиликда халқаро хамкорликни ривожлантиришда муҳим рол ўйнашига ҳеч ким шубҳа қилмаяпти. БМТ Бош Ассамблеяси қабул қилган резолюцияда Наврўз кенг нишонланадиган давлатларнинг байрам билан боғлиқ аньана, маданиятини сақлаш ва ривожлантириш борасидаги хатти-ҳаракатлари юксак баҳоланади. Эндиликда, БМТ томонидан қабул қилинган қарорга кўра, Наврўз нишонланадиган мамлакатлар байрам билан боғлиқ аньана ва унинг келиб чиқиш тарихини ўрганиб, бу меросни халқаро миқёсда кенг тарғиб қилишлари керак бўлади.

Бош Ассамблея БМТнинг барча аъзо давлатларига мурожжат қилиб, Наврўз ҳақида ахборот беришни кучайтириш, шу билан бирга зарурат туғилганда БМТ ва халқаро ҳамжамиятнинг ихтисослашган тузилмалари, фонд ва дастурлари ҳамда халқаро ва минтақавий ташкилотлар, нохукумат ташкилотлари томонидан ҳар йили Наврўз тантаналарини ташкиллаштириши юзасидан маслаҳат берди.

“Наврўз”нинг қачон ва қандай вужудга келганлигини аниқ кўрсатиш қийин. Шундай бўлсада, ишонч билан айтиш мумкинки, бу байрам доно ва зукко кишилар томонидан кашф қилинган. Чунки “Наврўз” коинот ва табиат қонуниятлари, яъни қуёшнинг ҳамал буржига кириши, кеча ва кундузнинг узая бошлаши, табиатда жонланиш юз бериши, баҳорнинг келиши билан боғлиқ тарзда илмий асосланиб белгиланган. Бу эса ҳар қандай жамиятда “йил боши” (қачон келишидан қатъи назар) Наврўзни табиат байрами сифатида нишонлаш учун асос бўлган. Аслида Наврўз ибтидоий жамоа даврида одамлар деҳқончиликка янги иш мавсуми бошлашдан олдин ўтказадиган баҳор байрами сифатида шаклланган. Замонлар ўтиши билан бу байрам такомиллашиб, унга мос кун аниқланган. У “йил боши” сифатида белгиланиб, унга “Наврўз” (яъни, “Янги кун”) деган ном берилган, деб тахмин қилиш мумкин.