Риэлторнинг хизмат ҳақи қонун йўли билан белгилаб қўйилганми?
2011 йилда “Риэлторлик фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни кучга кирди. Ушбу ҳужжат айнан ноқонуний маклерлар фаолиятига чек қўйиш мақсадида чиқарилди. Бу ҳақда “Бекажон” нашри ёзмоқда.
Шунга қарамай, уй олди-сотдисида маклер (ноқонуний даллол)лар ҳали-ҳамон иштирок этяпти. Жаҳон амалиётининг кўрсатишича, кўчмас мулк билан боғлиқ масалаларни лицензия олган риэлторлик ташкилотлари орқали ҳал этиш нафақат янада самарали ва фойдали, айни вақтда хавфсиз усул ҳамдир.
Риэлтор малака сертификатига ва лицензияга эга бўлган, якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи жисмоний шахсдир. Риэлтор ўзини таништириши шарт.
Бугунги кунда кўчмас мулкни сотмоқчи бўлган буюртмачига риэлтор уй неча пулга сотилса, ўша қийматнинг 2-3 фоизини хизмат ҳақи сифатида олади. Баъзи риэлторлар ушбу хизмат ҳақининг ичига уй ҳужжатларини йиғиб беришни ўз зиммасига олади. Риэлторнинг ҳар қандай фаолияти, албатта, ҳужжатлаштирилади, шартномалар қонуний равишда имзоланади.