21 асрнинг “Йўқотилаётган авлоди”
Табиат инжиқликлари, экологик ҳалокатлар, техноген фожиалар, урушлар, қуролли тўқнашувлар, ядро хавфи, сиёсий қарама-қаршиликлар, гиёҳвандлик, ОИТ. Булар 21 аср кўзгусидаги муаммолардир. Инсониятнинг яна бир фожиаси - ёшлар орасидаги муаммолар ҳам долзарб масала ҳисобланади.
Таҳлилчиларнинг сўзларига қараганда, бугунги кунда Ер юзида 15 ёшдан 24 ёшгача бўлганлар сони бир миллиарддан ошиб кетган. Улар сайёра аҳолисининг 20 фоизидан кўпроғини ташкил қилади. Ёшларнинг 85 фоизи ривожланган мамлакатларда истиқомат қилади. Айни дамда ёшларнинг 10 миллионга яқини ОИТСга чалинган. Инсониятнинг бутун тарихи давомида ҳозирги авлод ўқимишли экани тан олинса-да, 113 миллион нафар бола мактабга бормайди. Замонавий дунёда 130 миллион ўсмирнинг саводсиз экани тан олинади.
Европа Иттифоқи мамлакатларида кексалар сони ортиб бораётганига қарамай, “кўҳна қитъа” ҳамон “ёшлар қитъаси” сифатида қайд этилади. Сўнгги вақтларда таълим олишдан бебаҳра, иш топа олмаётган ёшлар ҳақида кўп гапирилмоқда. Германия канцлери Ангела Меркель 2013 йилда The Guardian нашрига берган интервьюсида ёшлар ўртасидаги ишсизликни “Европадаги энг долзарб муаммоси” сифатида таърифлаганди. У Европа мамлакатларининг ҳукуматлари “Йўқотилган авлод” пайдо бўлишига йўл қўймаслик мақсадида Германия тажрибасидан фойдаланиши лозимлигини таъкидлаганди. Германия тажрибаси шундан иборатки, бу мамлакатда талабалар бир вақтининг ўзида таълим олади ва иш билан машғул бўлади. “Йўқотилган авлод” (французча Génération perdue, инглизча Lost Generation) — Биринчи ва Иккинчи жаҳон урушлари оралиғида пайдо бўлган ибора бўлиб, бир қатор ёзувчиларнинг ижодида ўз аксини топган. “Йўқотилган авлод” деганда 18 ёшида урушга кетиб, одамларни ўлдиришга жалб қилинганлар тушунилган. Урушдан кейин улар одатий ҳаётга мослашишлари қийин кечган. Уларнинг кўпчилиги ўз жонига қасд қилган бўлса, бошқалари ақлдан озган эди. Ибора муаллифи Гертруде Стайн экани айтилади. 1930-31 йилларда Эрих Мария Ремарк “Қайтиш” (“Der Weg zurück”) деб номланган роман ёзади. Унда Биринчи жаҳон урушидан қайтган аскарнинг ҳаёти қаламга олинган. “Уч ўртоқ” романида эса йўқотилган авлод тақдири ҳақида ҳикоя қилади. Таҳлилчиларнинг фикрича, Биринчи жаҳон уруши тугаганига салкам бир аср бўлди. Аммо бугунги ёшларни ҳам ўша давр аскарларининг ҳаётига қиёслаётганлар бор. 21 асрнинг “йўқотилган авлоди” пайдо бўлишига ишсизлик сабаб бўлаётгани тан олинади.
Маълум бўлишича, Европада 25 ёшгача бўлган 5 миллиондан ортиқ ишсиз бор. Ёшларнинг иш билан таъминланмагани Европа келажагини хавф остида қолдириши мумкин. Ривожланаётган мамлакатларда ёшлар норасмий равишда ишлайди. Ёшлар оз иш ҳақига бўлса-да ишлашга рози бўлади. Камбоджа ва Перу яширин иқтисодиётида ёшларнинг 80 фоизи банд. Иқтисодчиларнинг фикрича, ёшлар қанчалик кўп ноқонуний меҳнат билан банд бўлар экан, мамлакат иқтисоди қийин аҳволда қолаверади. Жаҳондаги ишсизлик муаммоси хавфли ҳолат бўлиб, бу нафақат иқтисод учун, балки ижтимоий ҳаётда ҳам фожиаларга сабаб бўлади.
АҚШдаги ёшлар орасида эса гиёҳвандлар, жиноятчилар, ишсизлар, ирқчилар сони ортиб бораётганидан хавотирлар пайдо бўлди. Center for American Progress тадқиқот ташкилоти хулосаларига кўра, айни дамда 10 миллиондан ортиқ ёш америкалик иш топишга қийналмоқда.
Халқаро Меҳнат ташкилоти эълон қилган ҳисоботга қараганда, 2013 йилда 15 ёшдан 24 ёшгача бўлган 74,5 миллион ёшлар ишсиз эди. Бу 2012 йилга нисбатан бир миллионга кўп демакдир. Ёшлар орасидаги глобал ишсизлик 13,1 фоизни ташкил қилади. Бу катталар ўртасидаги кўрсаткичдан уч баробар кўп эканини кўрсатиб турибди. Мутахассисларнинг фикрича, бу рақам 2018 йилгача янада ошади. Халқаро Меҳнат ташкилоти ҳисоботига кўра, Яқин Шарқ ва Шимолий Африка, шунингдек, Лотин Америкаси, Кариб ҳавзаси ва жанубий Европада бу борадаги кўрсаткич анча юқори экани айтилади. Кузатувчиларнинг фикрича, иқтисоди ривожланган мамлакатларда истиқомат қилаётган ёшлар 2008 йилда кузатилган глобал инқирознинг асосий жабрдийдасига айланишди. Вазиятни таҳлил қилган Иқтисодий Ҳамкорлик ва Тараққиёт ташкилоти бу ҳолатни ёшлар ўртасидаги инқироз деб атади. Ташкилот ҳисоботига кўра, 2007 йилнинг март ойида Испанияда ёшлар ўртасидаги ишсизлик 17,4 фоизни ташкил қилган бўлса, 2012 йилнинг март ойида бу рақам 51 фоизга чиқди. Франция, Буюк Британия, Швеция, Польша, Ирландия ва Италияда ҳар беш нафар ёшнинг бири ҳамон иш қидириш билан овора.
Инқирознинг яна бир сабаби ривожланган давлатларда иш берувчилар ёши катталарни эмас балки ёшларни ишдан бўшатишни афзал кўришади.
Иқтисоди тараққий этган мамлакатларда ҳам ёшлар иш билан таъминланмаётган экан, ривожланиш йўлига ўтган мамлакатларда ёшларни иш билан таъминлаш бош оғриғи саналади. “Туяни шамол учирса, эчкини осмонда кўр” дейишади-ку! Бу мамлакатларда мактаб ва коллежларни битириб, меҳнат бозорида пайдо бўлган ёшларни иш билан таъминлашга улгуриб бўлмаяпти. Ёшлар ўртасида ишсизлар сони бўйича Африка қитъаси етакчилик қилади. Либерия, Малави ва Тогода 25 ёшгача бўлган ёшларнинг 70 фоизидан кўпроғи ишсизликни “ўзига касб қилиб олган”. Бу каби муаммони иқтисоди тараққий этган Хитой ва Ҳиндистон ҳам бартараф эта олмаяпти.
Иқтисодчиларнинг фикрича, ҳозирги ёш авлод келажакда ота-оналаридан кўра ёмонроқ яшашлари мумкин. Уларнинг келажаги порлоқ эмаслигидан огоҳлантирилмоқда. The Guardian газетаси ўтказган ижтимоий сўров натижаларига қараганда, ёшлар иш берувчилар томонидан доимий равишда рад жавобларини эшитишдан норози эканликларини айтишган.
Ёшлар ўртасида яна бир иллат пайдо бўлган. 21 аср илм-фан ва техника, тараққиёт асри. Замонавий дунёни компьютер, мобил телефони, нанотехнологиялар маҳсулотларисиз тассаввур қилиб бўлмайди. Айни шу сабабли ёшларнинг дунёқараши тубдан ўзгариб кетди. Бугунги ёшлар мансаб пиллапояларидан кўтарилишни эмас, балки ўз вақтини бекорга сарфлаётгандек бўлмоқда. Улар кунларини ижтимоий тармоқларда, виртуал оламда ўтказишни афзал кўришмоқда. Интернетга мубтало бўлиш 21 асрнинг бедаво касаллигидир. Реал ҳаётдан виртуал маконга ўтаётганлар кўпайиб бораётгани ташвишлидир. Шунингдек, оиласини ташлаб, спиртли маҳсулотлар ва гиёҳвандликка мубтало бўлаётганларнинг келажагини порлоқ деб бўлмайди. Кузатувчиларнинг фикрича, 21 асрда ёшлар орасида маънавият ортга кетмоқда.
Жаҳондаги ёшлар ўртасидаги ўлимлар таҳлил қилинар экан, ўлимларнинг учдан бир қисми ўз жонига қасд қилувчилар ҳиссасига тўғри келиши маълум бўлди. Бу хақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълум қилди. Ривожланган мамлакатларда истиқомат қилувчи ёшларнинг руҳий ҳолати деярли бир хил экани айтилади. Руҳшуносларнинг айтишича, оилада ота-оналарининг жанжали болаларнинг руҳиятига салбий таъсир кўрсатар экан. Айни шу ҳолат уларнинг ўз жонига қасд қилишига сабаб бўлади. Тадқиқотчилар оилада жанжаллар камайган тақдирдагина, ёшларнинг ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кескин қисқаришини айтишади.
Сўнгги вақтларда ўқишни, ишлашни хоҳламайдиган ёшлар кўпайиб бораётгани ҳақида мақолалар кўпаймоқда. Бу ёшлар ишсизлар, жиноятчилар ва гиёҳвандлар сафини тўлдираётгани аянчли. Бугунги кунда жаҳон ёшларининг аксарияти нима қилишларини билмасликлари аниқ бўлган. Уларнинг кўпчилиги мактабни битиришлари биланоқ “бурчак”ка бориб тамаки чекиш ва спиртли ичимликлар истеъмол қилишга берилиб кетади. Бошқалари эса эрталабдан кечгача кўчаларда санғиб юришади. Жуда камдан- камларигина фойдали ишлар билан шуғулланади. Ўзлари билиб-билмай террорчилар, экстремистлар сафига қўшилаётган ёшларни тўхтатиб қолиш кескин чора-тадбирлар кўриш заруратга айланган.
Шу ўринда эрта турмуш қуриш ҳам глобал муаммолардан бири сифатида кўрилмоқда. Ғарб мамлакатларида эрта никоҳдан ўтиш абортларнинг кўпайишига, бу ўз навбатида, аёлларнинг саломатлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Ёшларни иш билан таъминлаш глобал муаммога айланган. Шу сабабли ҳам бу муаммони ҳал қилиш борасида ҳамма оёққа туриши талаб этилади. Manpower рекрутинг компанияси раҳбари Жеффри Жоррес таъкидлаганидек, ҳукуматлар ишсизлик билан боғлиқ муаммога қарши курашда таслим бўлишига ҳақли эмас. Акс ҳолда ёшларнинг ишсизлиги кейинги ўн йилликлар учун ҳақиқий эпидемияга айланади.
Ёшлар бизнинг келажагимиз. Агар мамлакатда ёшлар билан боғлиқ муаммолар бор экан, бу мамлакатнинг келажаги бўлмайди. Кечаги ва бугунги кун билан эмас, балки эртанги кун учун хам яшаш керак. Бунинг учун келажак авлод борасида қайғуриш керак. Уларга барча имкониятларни яратиб бериш зарур.
Ўзбекистон президентининг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида мамлакатида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда ёшларнинг фаол иштирокини таъминлаш, юксак маънавиятли, мустақил ва эркин фикрлайдиган, замонавий илм-фан ютуқларини пухта ўзлаштирган ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни вояга етказишга қаратилган ёшларга оид давлат сиёсатини изчил амалга ошириш мақсадлари ифода этилган.
Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида навқирон авлодни жисмонан соғлом, маънан етук инсонлар этиб тарбиялаш, ёшларнинг истеъдод ва салоҳиятини юзага чиқариш, интилиш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ёшларни миллий менталитетга ёт турли таҳдидлардан ҳимоя қилиш, ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат ва миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш бугунги глобаллашув замонида тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шарофиддин Тўлаганов