Жамият | 18:28 / 05.04.2016
3255
4 дақиқада ўқилади

Самарқандда йирик уюшган жиноий гуруҳ устидан ҳукм ўқилди

Россия Федерацияси фуқаролари Александр Чернецов ва Андрей Маркелов Ўзбекистонда ноқонуний бизнес билан шуғулланиб, мўмай даромад орттирмоқчи бўлишди. Бу ҳақда “Даракчи” нашри ёзмоқда.

Улар мамлакатимизнинг собиқ фуқароси айни пайтда Россия Федерацияси фуқароси бўлган Фрейман исмли кимсанинг тавсиясига кўра, ўз гуруҳларига самарқандлик Елена Тиринани ҳам жалб қилишади.

Е.Тиринанинг бевосита раҳбарлиги остида ноқонуний халқаро алоқа каналлари ташкил этиш бўйича бизнес йўлга қўйилди. Бунинг учун улар юртимизга қонунга хилоф равишда олиб кирилган махсус технологиялар ва қурилмалардан фойдаланишган.
Узун ташланган арқон ва унга илинганлар

Гуруҳдаги асосий шахс Владимир Даузе Е.Тиринанинг топшириғига асосан мазкур техникаларни ўрнатиш, дастурлаш ва техник хизмат кўрсатиш билан шуғулланган. Техникаларни жойларга, ўз эгасига етказиб бериш Александр Абдураҳимовнинг чекига тушган.

Гуруҳнинг яна бир аъзоси “Фортуна благородия”МЧЖ муассиси Камилла Басманова “маркетинг тадқиқотлари ўтказиш, савдо фаолияти ва консалтинг хизматлари кўрсатиш” ниқоби остида Ўзбекистондаги интернет провайдерлари билан сохта шартномалар тузган.

Жиноий гуруҳга “Ўзбекистон темир йўллари” ДАТК ходимлари Даврон Якубов ва Хайриддин Насриддинов ҳам қўшилади. Улар тақиқланган товарларни Тошкентга, А.Абдураҳимовга етказиб туришган.

Ўзбекистон бўйлаб “бўй кўрсатган” вакиллар

Жиноий гуруҳнинг фаолияти республика бўйлаб тарқалди: Хоразм воҳасида Тимур Матрасулов, Нукусда Александр Пак, Бухорода ота-бола Имомовлар жиноятчиларга қўшилишди.
Жиноий гуруҳнинг яна бир аъзоси Мария Хван сохта абонент ҳужжатларини тайёрлаган, сохта уланишларни расмийлаштирган. Шу тариқа расмийлаштирилган сим-карталар сони 2117 тага етган.

Йирик ҳисобдаги пул жўнатмалари

Е.Тирина ушбу сим-карталардан ноқонуний равишда фойдаланиш мақсадида Россиядан А.Чернецов ҳамда А.Маркелов томонидан юборилган маблағнинг бир қисмига гўёки кўрсатилган консалтинг хизматлари ва фойдаланилган тўловларни амалга оширган. Шу тариқа А.Чернецов ва Меркелов гуруҳи ҳамда уларнинг яқинлари номидан жиноий фаолиятни амалга ошириш мақсадида Western Union халқаро пул ўтказмалари тизими орқали уюшган жиноий гуруҳ аъзолари учун 548,580 АҚШ доллари миқдорида пул жўнатилган.

Бу жиноий тўдага сохта ҳужжатлар тайёрлаш ва молиявий найрангларни ўрганиб олган Verbatim илмий-ишлаб чиқариш ва савдо корхонаси директори Зафар Умаров ва унинг ҳисобчиси Лия Коган ҳам кириб келди. Е.Тиринанинг тавсиясига кўра, улар интернет тармоғи VPN IP — телефони орқали телекоммуникация хизматлари кўрсатиш юзасидан East Telekom МЧЖ қўшма корхонаси билан сохта шартнома имзолашган.
Тергов давомида жиноий гуруҳ аъзолари 15 та фирма орқали пуллар нақдлаштирилгани ва сохта ҳужжатлар расмийлаштирилгани маълум бўлди.

Ҳукм

Суд мажлиси давомида жиноятчилар ўз айбларини тан олишди ва пушаймонлик билдиришди. Одил суд уч нафар аёл — Е.Тирина, К.Басманова ва Л.Коганга нисбатан “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 23 йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги қарорига асосан, уларга нисбатан қўзғатилган жиноят иши ҳаракатдан тўхтатилди. Амнистия актига асосан, Verbatim корхонаси директори З.Умаров энг кам иш ҳақининг 320 баравари миқдорида жаримага тортилди.

В.Даузе, А.Абдураҳимов, Т.Матрасулов, ота-бола Имомовлар ҳам Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг бир қатор моддаларига биноан айбдор деб топилди. Уларнинг ҳар бири ойлик иш ҳақининг 20 фоизини ушлаб қолиш шарти билан ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилинди.