Жаҳон | 17:29 / 18.04.2016
1551
3 дақиқада ўқилади

OilPrice: Саудия Арабистони Доҳа музокараларини чиппакка чиқарди

Энергетика соҳасига ихтисослашган OilPrice интернет-нашрининг ёзишича, Саудия Арабистонининг нефть қазиб олиш даражасини музлатиш бўйича Доҳада бўлиб ўтган музокараларда ўзини ғалати тутишини изоҳлаш мушкул.

Экспертлар ОПЕК мамлакатлари ва Россия, нефть қазиб олишни музлатиш хусусида бирон жиддий келишувга эришилишини шубҳа остига қўйган бўлсаларда, музокара қатнашчилари рамзий бўлсада қандайдир битимсиз тарқалишмайди, деб ҳисоблашганди.

Саудиянинг Эронсиз, ҳеч қандай битимни имзоламасликни таъкидлаганини, қуруқ таҳдиддан бошқа нарса эмас, деб баҳолашганди.

"Нефть нархининг ҳозирги даражада пасайиб кетишига йўл қўйган ОПЕК ташкилоти ўзига бўлган ишончни яна бир марта суиистеъмол қилишга ҳаққи йўқ эди, аммо, бу ҳол яна бир карра юз берди", дейилади мақолада.

Сўнгги лаҳзада Саудия Арабистони ўз фикрида қатъий туриб, Эронсиз ҳеч қандай битимни имзоламаслигини таъкидлади. Албатта, Теҳронга нисбатан санкциялар яқингинада бекор қилинган, шу боис мамлакат нефть қазиб олишни кунига 4 млн баррелга етказишни мақсад қилганини тушиниш мумкин. Шу жиҳатдан Саудия сиёсатини изоҳлаб бўлмайди.

"Саудия Арабистони аввалбошданоқ нефть қазиб олишни музлатишни хоҳламаган экан, унда нега Доҳа учрашувида қатнашишга рози бўлди?" — деган савол билан мурожаат этишади мақола муаллифлари.

Айтиш мумкинки, балки Саудия томони дастлаб келишувни имзолаш ниятида бўлган, аммо ҳал қилувчи паллада уларнинг Эронга нисбатан азалий рақиблиги устун келган.

"Саудия Арабистонининг келишувни чиппакка чиқаргани, Эрон билан зиддияти, унинг нефть сиёсатига нақадар жиддий таъсир кўрсатаётганининг исботидир", —дейди АҚШ Колумбия Университети глобал энергетика сиёсати маркази директори Жейсон Бордофф.

Яна бир тахминга кўра, Доҳада қандай сиёсат мақбуллиги борасида Саудия раҳбариятининг ўзида якдил фикрнинг мавжуд бўлмаганлигидир. Хусусан, Эронсиз ҳеч қандай келишувни имзоламаслик тарафдори иккинчи валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон ва музокаралар арафасида Ар-Риёднинг битимни имзолашини таъкидлаган нефть вазири Али ал-Наимий ўртасида аниқ хулоса бўлмаган. Сўнгги лаҳзаларда эса, Саудия нефть вазири фикридан қайтишга мажбур бўлди.

18 апрель куни Доҳа музокаралари омадсиз якунлангач, жаҳон бозорида нефть нархи кескин пасайиб кетди. ОПЕК аъзолари эса, келгуси сафар июнь ойида Венада учрашади. Агар улар келишувга эриша олишса, унга ташкилотга аъзо бўлмаган Россия каби давлатлар ҳам қўшилиши мумкин бўлади.