Жаҳон | 21:04 / 20.04.2016
15621
7 дақиқада ўқилади

90 ёшни қаршилаётган Елизавета II ҳаёти суратларда

21 апрель куни Буюк Британия қироличаси ўзининг 90 йиллик юбилейини нишонлайди.

2016 йил 12—15 май кунларида эса индзор қалъасининг Хоум-паркида бир ярим соат давом этадиган тантанали маросим бўлиб ўтади.

Press Association қироличанинг турли йилларда ва турли жойларда туширилган суратларидан фотожамланма тузди.

Қиролича 1926 йилнинг 21 апрелида, Лондон шаҳрида дунёга келган. У Йорк герцоги Альберт ва леди Елизавета Боуз-Лайон оиласидаги биринчи фарзанд бўлган.

Кичик Елизаветани яқин қариндошлар Лилибет деб чақиришган. Унинг амакиваччаси Маргарет Родснинг айтишича, у кичиклигиданоқ "ақлли ва қулоқли ҳамда ҳаётдан ҳамиша хурсанд қизалоқ" бўлган.

Бу суратда малика 1936 йилда оиласи билан Қироллик турнири вақтида ҳарбийлар билан қўл сиқишмоқда.

1940 йил. 14 ёшли Елизавета "Болалар вақти" радиодастурида меҳмон бўлган. У Иккинчи Жаҳон уруши бошлангач, Буюк Британиядан АҚШ, Канада ва океанортининг бошқа мамлакатларига эвакуация қилинган тенгдошларига ҳамда бошқа кичик болаларга мурожаат қилиб, ўз тилакларини билдирган. Бу бўлажак қироличанинг илк марта овози ёзиб олиниши эди.

Қироллик оиласига Иккинчи жаҳон уруши вақтида хавфсизлик зарурати туфайли Британиядан Канада кўчиш таклиф этилади. Лекин қирол ва қиролича бунга кўнмайди. Болалар Виндзор қалъасига келтирилади. "Биз 5 йил таътилда бўлдик", дейишади кейин улар. Урушнинг охирги йилларида улғайган Елизавета ҳарбий либос кияди ва ATS ҳарбий корпусига (кўмакчи аёллар гуруҳи) киради. У 3 ҳафта давомида ҳарбий техника билан танишади.

1947 йилнинг 20 ноябри. У ўзининг узоқ қариндоши, грециялик герцог Филипга турмушга чиқади. Никоҳ Вестминстер аббатлигида ўтказилган.

Унинг илк фарзанди Чарльз 1948 йилда туғилган. 1950 йилда иккинчи фарзанд Анна дунёга келган.

Елизавета ва Филип ўз фарзандлари билан Лондондаги Кларенс-ҳаусда яшашарди. Унинг отаси саратон туфайли вафот этган. Бу 1952 йилнинг январида, малика Кенияда бўлган вақтда рўй берган. Отасининг меросхўри сифатида қироличага айланган Елизавета дарҳол Лондонга қайтган.

Унинг қироллик тожини кийиш маросими 1953 йилда юз берган ва телевидение орқали трансляция қилинган. Миллионлаб кишилар илк марта монархнинг қасамёд қилишини илк марта экран орқали томоша қилишган.

Бу фотосурат 1957 йилда туширилган. Қиролича Сандринҳэм саройидаги кутубхонада. У бу ерда, Рождество муносабати билан дунё халқларига мурожаат қилган. Унинг қўлида "Зиёратчининг Осмон салтанатига саёҳати" номли китоб. У ўз нутқида шу китобдан бир неча парча ўқиган.

1963 йил. Қиролича ҳарбий параддан Букингем саройига қайтмоқда. Елизавета 1987 йилгача ҳар йили отда ўзининг туғилган куни муносабати билан ўтказиладиган Trooping the Сolour маросимига от миниб борган (1955 йил бундан мустасно, ўша йили темирйўлчиларнинг иш ташлаш уюштириши туфайли маросим ўтказилмаган). Қиролича 1987 йилдан бошлаб файтонда сайр қила бошлади.

1966 йил. Англия терма жамоаси Ғарбий Германия терма жамоаси устидан ЖЧ финалида, Уэмбли ўйингоҳида кечган учрашувда 4:2 ҳисобида устун келгач, терма жамоа сардори Бобби Мур қироличадан Жюли Риме мукофотини қабул қилди.

1969 йилда қиролича Елизавета II ўз ўғли, шаҳзода Чарльзни тахт вориси сифатида расман эълон қилди. Уэльс герцоги мақомида бўлган валиаҳдга тож кийдириш маросими Карнарвон қалъасида ўтказилган. Аслида у 9 ёшида валиаҳд бўлган, қиролича маросимни кейинроқ, у буни англайдиган ёшга етганида ўтказишга қарор қилган.

Суратда қиролича Виндзордаги отлар пойгаси вақтида, Виржиния-Уотер қишлоғида ўзининг севимли корги итлари (Уэльс зоти) билан. Қироличанинг жами 30та шундай ити бўлган. Кўпчилиги унинг илк ити Сьюзан лақаблисидан тарқаган. Ҳозирда унда фақат иккита ит бор (Ҳолли ва Уиллоу) ва у бошқа ит сақлаб олмоқчи эмас.

1977 йилда қиролича ўз ҳукмдорлигининг 25 йиллиги муносабати билан Буюк Британия бўйлаб сафар қилади. У сафар давомида 36та графликка ташриф буюради. У шунингдек, дунё бўйлаб 56 минг миль масофани (90 минг километрдан ортиқ) босиб ўтади.

Қиролича Елизавета II Жерси оролидаги Ле Пети Кателеда ўтган зотдор сигирлар кўргазмасида иштирок этмоқда. Унга ҳукмдорлиги даврида турли зотдор жониворларни совға қилишган: Германиядан канарейка, Бразилиядан ягуар ва танбал, Сейшел оролларидан 2та қора сув қундузи ҳамда Камерундан Жамбо номли фил. Уларнинг барчаси Лондон ҳайвонот боғига топширилган.

Қиролича баъзида фотографлик қиларди. У бу суратда 1982 йили, Тувалуга ташрифи вақтида. Унинг қўлида Rollei фотоаппарати.

Оилавий фотосурат. Она қиролича, қиролича Елизавета II, шаҳзода Уильям, шаҳзода Ҳарри, Уэльс шаҳзодаси ва маликаси. 1984 йил Ҳаррининг чўқинтириш маросимидан сўнг. Қироличада 8 набира ва 5 эвара бор.

Қиролича Елизавета II ва Эдинбург герцоги 1986 йилги Хитойга ташриф вақтида Буюк Хитой деворида. Бунгача ҳеч қайси британиялик монарх Хитойга ташриф уюштирмаганди.

1991 йил. Қиролича Елизавета II Нидерландия бош вазири Рууд Любберсни Букингэм саройидаги Мусиқа залида бўш столга таклиф этмоқда.

Қиролича Елизавета II Виндзор қўрғонида 1992 йили рўй берган ёнғиндан кейин. Бу йилни у "annus horribilis" (даҳшатли йил) деб атаган. Ўша йили малика Анна биринчи турмушидан ажрашади. Шунингдек, герцог ва герцогиня Йоркскийлар ҳамда Уэльслар оиласи ҳам ажрашган.

Бу ноодатий фотосуратда қиролича инструктор, лейтенант Жорж Ҳарви ҳамроҳлигида, Бислидаги мерганлар уюшмасида SA80 автоматидан ўқ узмоқда.

Уэльс маликаси Диананинг ўлимидан кейин, унинг ўлими ҳақида расмий таъзия билдирмагани учун қироллик оиласи танқид қилинди. Қироличани лоқайдлик ва жамоатчилик фикри билан ҳисоблашмасликда айблашади.

1999 йилда олинган бу суратда қиролича Глазгода, Сьюзан Маккэрроннинг уйида чойхўрлик қилмоқда. Унинг оддий фуқаро уйига ташрифи шахсий ташриф бўлган. Елизавета II сутли лекин шакарсиз "Эрл Грей" чойини маъқул қўрган.

Уэльс шаҳзодаси Камилла Паркер-Боулз билан никоҳидан кейин Виндзорни тарк этмоқда. Қиролича Елизавета II никоҳнинг диний маросим қисмида иштирок этган, кечки базмга келмаган.

Қиролича Елизавета II ва герцог Эдинбургский ўз тўйларига 60 йил тўлиши муносабати билан Ҳэмпширдаги Бродлендс мулкида. Айнан шу ердан улар 1947 йилнинг ноябрида асал ойига жўнаб кетишганди.

Қиролича Букингэм саройи саҳнасида шаҳзода Чарльз билан. Камилла ва поп-юлдузлар унинг тахтга чиқишига юбилей сана тўлиши муносабати билан концерт уюштирган.

2015 йилнинг 9 сентябрида Елизавета II мамлакат тарихида энг узоқ ҳукм сурган монархга айланди - 23 226 кун, 16 соату 30 дақиқа: у тахтни 63 йил, етти ой ва икки кун бошқарган қиролича Виктория рекордини янгилаганди. Бу кунда у Шотландияда бўлган. У шаҳзода Филип билан поездда сафар қилиб, Эдинбург яқинидаги Твидбэнк қишлоғига борган ва янги темир йўл линияси очилишида иштирок этган.