Жаҳон | 21:49 / 21.04.2016
2617
3 дақиқада ўқилади

Шаҳзода ибн Салмон: "20 йилдан кейин биз асосан нефтга боғлиқ бўлмаган давлат бўламиз"

25 апрелда Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад ибн Салмон ал-Сауд ўринбосари мамлакат ривожланишининг узоқ муддатли концепцияси – иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларнинг катта режасини тақдим қилмоқчи, деб хабар бермоқда Bloomberg Businessweek нашри. Нашрнинг 31 ёшида ўз қўлларида ҳукуматнинг барча таянчларини мужассамлаштирган инсонга бағишланган сонидаги материалда валиаҳд шаҳзода Муҳаммад ибн Салмон иқтисодни ислоҳ қилаётгани, унинг нефтдан боғлиқлигини камайтираётгани айтилган. Материал шаҳзода берган иккита интервью натижалари асосида тайёрланган.

Апрель бошида Bloomberg шаҳзода Салмоннинг нефть қазиб олиш ҳажмини музлатиш бўйича фикрини келтириб ўтганди. У нефть ҳажмини музлатиш бўйича мажбуриятларни барча давлатлар, жумладан Эрон ҳам бажариши кераклиги ҳақида қатъий позицияни эгаллаган. Шунга қарамай нефть бозори иштирокчилари нархнинг ошишига ўйнаб, келишувга эришилишига ишонишган. Financial Times’нинг ёзишича, ўтган якшанба куни Доҳада ўтган музокараларни айнан шаҳзода Салмон барбод қилди. Ваҳоланки, қироллик оиласининг ҳукмрон аъзолари нефть вазирлиги фаолиятига аралашмайдилар. Бу вазирликни вазир Али ал-Наимий бошқаради. Шаҳзода Доҳага вазирга телефон қилиб, Саудия Арабистони делегациясига орқага қайтишни буюрган. Саудия Арабистонининг нефть сиёсати батамом шаҳзода Салмоннинг қўлига ўтди, деган хулосага келган FT.

2015 йилда Саудия Арабистони тахтига янги қирол – Салмон ибн Абдулазиз ал-Сауд ўтиргандан кейин, унинг ўғли Муҳаммад ибн Салмон бирданига бир нечта лавозим олди. Ҳозирда шаҳзода Saudi Aramco давлат нефть компанияси, миллий инвестицион фонд ишини назорат қилади, мудофаа вазирлигини бошқаради, иқтисодий сиёсатнинг ўтказилишига жавоб беради. Ғарбий дипломатлар шаҳзодани "Жаноб Бари" деб аташади.

Шаҳзода тақдим қилмоқчи бўлган режа дунёдаги энг йирик суверен инвестицион фондни яратиш ва Saudi Aramco’нинг "5 фоиздан камроқ акциясини" биржага жойлаштиришни ўз ичига олади. Жамғарма мамлакатнинг нефтга боғлиқлигини камайтириш учун нефть билан боғлиқ бўлмаган активларга инвестиция киритади. "Ўзгаришлар оқибатида нефть эмас, балки техник инвестициялар Саудия Арабистони ҳукуматининг даромадлари манбаи бўлади. 20 йилдан кейин биз асосан нефтдан боғлиқ бўлмаган иқтисодиёт ва давлат бўламиз", деб айтган шаҳзода.

Нефть савдосидан олинадиган даромад қироллик бюджетининг 90 фоизини ташкил қилади, нефть савдоси давлат экспортининг деярли ягона банди ҳисобланади. Нефть ҳисобига мамлакат ялпи ички маҳсулотининг ярмидан кўпи тўғри келади.