Жаҳон | 14:42 / 25.04.2016
1705
3 дақиқада ўқилади

Туркия ракеталарга қарши ўз мудофаа тизимини ишлаб чиқмоқчи

Туркия ракета ҳужумига қарши ўз тизимини ишлаб чиқади, деб баёнот берган мамлакат мудофаа саноати департаменти раҳбари ўринбосари Исмоил Демир. Аммо унинг фаолияти НАТО тизимлари билан мувофиқлаштирилади.

Мулозимнинг сўзларига кўра, ўтган йилнинг ноябрь ойида Анқара ракеталарга қарши мудофаа (РҚМ) тизими таркибий қисмларини ишлаб чиқиш бўйича тендерни расман бекор қилган эди. 3,4 млрд. долларлик лойиҳанинг бекор қилинишига, Анқаранинг ўз РҚМ тизимини яратиш истаги сабаб бўлганди.

Демирнинг таъкидлашича, Туркия мудофаа маҳсулотлари ва уларнинг таркибий қисмларини 100 фоиз ўзида ишлаб чиқишга эришиш ниятида.

"Гарчи Туркия ўз мудофаа саноатини анча кеч бошлаган бўлсада, ҳозирда мудофаа саноати 15 миллиард доллар ҳажмида маҳсулот ишлаб чиқармоқда, соҳада 35 мингдан ортиқ инсон меҳнат қилмоқда".

Ҳозирги кунда Туркия 1,67 миллиард долларлик мудофаа маҳсулотларини экспорт қилади. Расмий Анқара келаси 7 йил мобайнида бу рақамни 25 млрд. долларга етказиш ниятида.

Айтиш жоизки, Европада РҚМ тизимларини барпо этиш ташаббуси АҚШга тегишли. Айни шу масала, рус-америка муносабатларидаги оғриқли нуқталардан бири ҳам ҳисобланади. Расмий Вашингтон вакиллари, Европа РҚМ тизими Россия ва унинг стратегик салоҳиятига қарши қаратилмаганини, ушбу соҳада ҳамкорлик қилиш барча томонга бирдек фойдали эканини таъкидлаб  келади. НАТО, ўз навбатида, Россияни Ғарбнинг сўзига ишонишга чақиради. Аммо расмий Москва Ғарбнинг қуруқ сўзига ишонишдан кўра, хавфсизлик борасидаги кафолат ҳуқуқий жиҳатдан қоғозда қайд этилса, мақсадга мувофиқ бўлишини айтиб келади. 

Европа РҚМ тизими 2018 йилга келиб тўлиқ якунланади. Унинг илк босқичида, шарқий Европанинг бир неча давлатларида ракеталарга қарши қуролларни жойлаштириш белгиланган. Вашингтон маъмуриятининг уқдиришича, Шимолий Корея ва Эрон ядро дастурлари Европа хавфсизлигига раҳна солувчи асосий омиллардир. Уларнинг иккисига ҳам, ракета қуролларини ишлаб чиқишга йўл қўймаслик мақсадида бир неча маротаба санкциялар жорий қилинган эди.