Жаҳон | 09:42 / 26.04.2016
4530
2 дақиқада ўқилади

Чернобиль АЭС фалокатига 30 йил тўлди

Дунё атом энергетикаси тарихидаги энг йирик фожиа Чернобиль атом электростанциядаги аварияга 30 йил тўлди. 1986 йил 26 апрелга ўтар кечаси ЧАЭС тўртинчи блокида турбогенератор синови ўтказилаётган эди. Шу мақсадда реакторни тўхтатиш режалаштирилган, бундан аввал, авария ҳолатида ишга тушадиган фавқулодда совутиш тизими режага мувофиқ ўчирилганди. Аммо, реакторни хавфсиз тўхтатиш имкони бўлмади ва энергоблокда содир бўлган портлаш ёнғинга олиб келди.

Портлаш натижасида бутунлай вайрон бўлган реактордан атроф-муҳитга катта миқдорда радиоактив моддалар тарқалди. Хусусан, уран, плутоний, йод-131, цезий-134, цезий-137, стронций-90 моддалари АЭС ҳудудидан бир неча ўн километрга етиб борди.

Фожиа сабаблари борасида бир неча тахминлар мавжуд. АЭС ходимларининг турбогенератор синовида жиддий хатога йўл қўйгани ёки "реакторнинг қурилиш чоғида нуқсонларга эга бўлгани" шундай сабаблар сирасига киради.

Ҳалокатдан сўнг, АЭС атрофи бўйлаб 30 километрлик ҳудуддан 115 мингга яқин киши мажбурий равишда кўчирилди, 5 млн гектарга яқин ер қишлоқ хўжалиги ҳисобидан чиқарилди, юзлаб кичик аҳоли пунктлари оғир техникалар ёрдамида кўмиб ташланди.