Жаҳон | 10:22 / 29.04.2016
9201
5 дақиқада ўқилади

Smart Cities — инсониятнинг янги макони

Таҳлилчиларнинг фикрича, 2050 йилга бориб ер юзи  аҳолисининг 70 фоизи шаҳарларда истиқомат қилади. Бу, ўз навбатида, мегаполисларда бир қатор муаммоларни яратади. Яъни аҳоли зич яшай бошлайди, кўчаларда юриш мураккаблашади, ресурслардан самарали фойдаланишнинг имкони бўлмайди. Шу сабабли ҳам бир қатор мамлакатларда замонавий шаҳар инфратузилмаларини яратиш лойиҳалари устида иш олиб борилмоқда. Сўнгги вақтларда тилимизга «Ақлли шаҳар» атамаси кириб келди. 20 асрда пайдо бўлган бу ибора 21 асрда ҳаётга кенг татбиқ этилмоқда. Ер юзида замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминлаган шаҳарлар пайдо бўлмоқда. Бу лойиҳа Smart City (Ақлли шаҳар) деб номланмоқда. Айни дамда ақлли шаҳарлар сони 400дан ошиб кетди.

Smart Cities — бу шаҳарсозликнинг янги кўринишидир. Ақлли шаҳар маъносини берувчи Smart Cities келажакда экологик тоза ва иқтисодий тараққий этган, шу билан бирга, аҳоли бандлиги таъминланган маконни англатади.

Smart Cities нима учун керак? Бу саволга урбанизация, иқтисодий тараққиёт ва экологик тахдидлар омил бўлгани билан жавоб қайтариш мумкин. Шаҳар аҳолисининг кўпайиб бораётгани шаҳарларда экологик тоза технологиялардан оқилона фойдаланишни тақозо қилмоқда. Маълумки, мамлакатлар ялпи ички махсулотининг катта қисми шаҳарлар ҳиссасига тўғри келади. 2025 йилга бориб жаҳондаги 600 та йирик шаҳар жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 60 фоизини беради. Шу шаҳарларнинг 30таси эса 2010 йилдан 2020 йилгача ялпи ишлаб чиқаришни 20 фоизга оширади. Урбанизация жараёнларининг ортиб бораётгани эса шаҳар эклогиясига босим ўтказмоқда. Ҳавога чиқарилаётган углекисли газларнинг 70 фоизи шаҳар хиссасига тўғри келиши айтилади. Бу жаҳонда ишлаб чиқариладиган энергиянинг 80 фоизи шаҳарларда истеъмол қилинишини англатади.

Таҳлилчиларнинг фикрича, “Ақлли шаҳар”да оқилона бошқарув ва оқилона хаёт таъминланиши керак. Яъни иқтисод ҳам, аҳолининг сафарбарлиги ҳам, турмуш тарзи хам ақлли бўлиши керак. Бу каби талаблар ҳозирча озгина шаҳарларга жорий этилмоқда.

Ақлли шаҳар деганда кўпчиликнинг хаёлига биринчи галда Европа ва Шимолий Америка келиши аниқ. Ҳақиқатан ҳам ҳозирча шундай. Ақлли шаҳарлар рўйхатига Вена, Барселона, Амстердам, Нью-Йорк киритилган. Осиё мамлакатлари ҳам четда тургани йўқ. Бирлашган Араб Амирликларидаги Дубай, Хитойнинг Шанхай ва Гонконг, Жанубий Кореянинг Сеул, Сингапур пойтахти, Австралиянинг Балларат шаҳарларини ҳам «Ақлли шаҳар»лар рўйхатига киритиш мумкин. Ақлли шаҳарлар рўйхатини тузишда ягона талаб йўқ. Ҳар бир шаҳар ўзича ақлли шаҳар сифатида кўрилади.

Мисол тариқасида, Австрия пойтахи Венани олиб кўрадиган бўлсак, бу шаҳарда кўплаб муаммолар бартараф этилган. Бош лойиҳага кўра бу шаҳарда жамоат транспорти жуда ҳам тараққий этган. Вена турар-жой биноларнинг самара бераётганидан фахрланса арзийди. Бу ерда бинолар энергия ишлатишдан кўра ишлаб чиқариши билан ажралиб туради. 2020 йилга бориб Венада 300 минг квадрат метр қуёш коллекторлари ўрнатилади. Шунингдек, шаҳар атрофида ақлли йўлдош шаҳарчалар қурилиши режалаштирилган. Асперн деб номлануви мазкур ҳудудда шаҳарсозликнинг энг замонавий кўринишлари ўз аксини топади. Бу ерда коммуникация тизимида деярли муаммолар бўлмайди. Шаҳардаги муаммоларни уйдан ташқарига чиқмай туриб ҳал қилиш имкониятлари яратилади. Бу шаҳарда навбатда туриш нима экани билинмайди. Дам олиш имкониятлари эса янада кенгаяди.

Ақлли шаҳар деганда «билимлар шаҳрини», «рақамлар шаҳрини», кибернетика шаҳрини, экологик шаҳарни тушуниш керак. Ақлли шаҳарнинг оддий шаҳарлардан фарқи фуқороларнинг ўзаро мулоқотида ҳам билинади. Оддий шаҳарларда Ахборот коммуникация технологиялари ақлли шаҳардагидек одамлар ҳаётига кириб бормаган. Бир сўз билан айтганда ақлли шаҳарлар инсон фаровонлигига йўналтирилади.

Ақлли шаҳарда ишсизлик бўлмайди. Социолог ва иқтисодчилар ишлаб чиқариш автоматлашгани боис иш ўринлари қисқаришидан хавотирга тушмоқда. Бироқ hi-tech сохасида ишловчи мутахассисларга талаб ортишидан хам асло кўз юмиб бўлмайди. Бундан ташқари ижтимоий сохаларда, соғлиқни сақлаш тизимида, таълим ва хизмат кўрсатиш тармоғида ишлайдиганларга хам талаб камаймаслигини ёддан чиқариш керак эмас.

Шарофиддин   Тўлаганов.