Ўзбекистон | 15:01 / 30.04.2016
15495
7 дақиқада ўқилади

ЎзМУда оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш мавзуида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида “Соғлом она ва бола йили”га бағишланган илмий анжуманлар, маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Навбатдаги анжуман “Ўзбекистон жамиятини модернизациялаш шароитида оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш” мавзуидаги республика илмий-амалий конференцияси бўлди.

ЎзМУ Ахборот хизматидан хабар беришларича, анжуманда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Халқ таълими вазирлиги, республика болалар ижтимоий мослашув Маркази, Ўзбекистон SOS Болалар шаҳарчаси Ассоциацияси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат Бошқарув Академияси вакиллари, Ўзбекистон Миллий университети Ижтимоий фанлар факультети профессор-ўқитувчилари, ёш тадқиққотчилар ва талабалар иштирок этдилар.

– Президентимиз Ислом Каримов таклифи билан 2016 йил мамлакатимизда – “Соғлом она ва бола йили” деб эълон қилинди,– деди анжуманин кириш сўзи билан очган ЎзМУ биринчи проректори Файзулла Агзамов– Ўтган йиллар давомида миллат генофондини яхшилаш, оилада тиббий маданиятни юксалтириш, аҳолининг турмуш фаровонлигини ва узоқ умр кўриш даражасини ошириш мақсадида соғлом авлод туғилиши ва унинг тарбияси учун қулай шарт-шароитлар яратишга доир чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, изчил ишлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда 1998 йил Оила йили, 2000 йил Соғлом авлод йили, 2001 йил Она ва бола йили, 2008 йил Ёшлар йили, 2012 йил Мустаҳкам оила йили, 2014 йил Соғлом бола йили, деб эълон қилингани ҳамда шу муносабат билан тегишли давлат дастурларининг бажарилгани бу борадаги эзгу ишларга мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилмоқда. “Соғлом она – соғлом бола” концепцияси халқаро миқёсда ҳам кенг эътироф этилмоқда. Ушбу концепциянинг изчил амалга оширилаётгани туфайли Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Мингйиллик ривожланиш мақсадларига тўлиқ эришди. “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурида алоҳида қайд этилганидек: «Она ва бола соғлом бўлса, оила бахтли, оила бахтли бўлса, жамият мустаҳкам бўлади». Бу ҳаётбахш ғоя илмий жамоатчилигимиз учун сермазмун мавзуга айланган. Бугунги “Ўзбекистон жамиятини модернизациялаш шароитида оналар ва болаларни ижтимоий ҳимоялаш” мавзусидаги республика илмий-амалий конференциясида мана шу ғояга асосланган маърузалар, таклифлар, фикрлар асосида тегишли хулосалар чиқарилади. Бу борадаги ишлар ва янги ташаббусларни амалга оширишни изчил давом эттириш, шубҳасиз, мамлакатимизда шаклланган оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини янада мустаҳкамлаш, баркамол авлодни тарбиялашга хизмат қилади, деган умиддамиз.

ЎзМУ Ижтимоий фанлар факультети декани Алишер Мўминов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Алия Юнусова, республика болалар ижтимоий мослашув Маркази директории Васила Алимова ва бошқалар давлатимиз раҳбари Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда мустақиллик йилларида оналик ва болаликни муҳофаза қилиш масаласи давлат ижтимоий сиёсатининг стратегик йўналишларидан бири этиб белгиланганини ва бу борада амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар самарасини алоҳида таъкидладилар.

Айтиш жоизки, 2016 йил 9 февралда Президентимиз Ислом Каримов томонидан тасдиқланган “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурида оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, хотин-қизлар манфаатларини таъминлаш, кучли, барқарор ва фаровон давлат негизи сифатида оила институтини мустаҳкамлашга йўналтирилган қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий базани янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Ўзбекистондаги кенг кўламли демократик ислоҳотлар жараёнида аёллар ҳуқуқи ва манфаатларини таъминлаш, оналик ва болаликни тиббий-ижтимоий муҳофазаси масалаларига доимий равишда эътибор қаратиб келинмоқда. Шу тариқа аёллар соғлигини муҳофаза қилиш чоралари, тиббий хизмат қамровини кенгайтириш, оилада соғлом фарзандни дунёга келтириш ва тарбиялашни таъминлаш бўйича тизимли равишда қадама-қадам чоралар амалга оширилмоқда. Ушбу соҳада белгиланган дастурларнинг ўз вақтида амалга оширилиши туфайли оналар ҳамда болаларнинг ўлими ва касалланиши сони сезиларли даражада камайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Мурувват уйлари, бошқа давлат ва нодавлат таълим муассасаларида тарбияланаётган ногирон болаларга кундузи қараш марказлари (гуруҳлари)ни ташкил этиш кўзда тутилган қарорини қабул қилиш режалаштирилмоқда.

Маърузаларда қайд этилганидек, Ўзбекистонда оналик ва болаликни ижтимоий ҳимоя қилишни самарали таъминлашга қаратилган эътиборни яққол намойиш этади. Бир вақтни ўзида мамлакатнинг чуқур ижтимоий-иқтисодий трансформация доирасида оналик ва болалик ижтимоий институтларини ислоҳоти соҳасидаги амалга оширилаётган ўзгаришларининг муҳим йўналишини назарий англаш заруратини келтириб чиқаради, соҳанинг амалдаги давлат сиёсати механизмларини илмий жиҳатдан кўриб чиқиш ва шу асосда унинг кейинги ривожланиш концепцияси бўйича ўз таклифларини киритиш керак.

Бу борада Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Ижтимоий фанлар факультетининг “Социология ва ижтимоий иш” кафедраси профессор-ўқитувчилари томонидан олиб борилаётган илмий тадқиқотлар муҳим аҳамият касб этади. Чунончи, “Ўзбекистон жамиятини модернизациялаш шароитида оила ва болаларни муҳофаза қилиш тизимидаги ижтимоий ҳамкорлик" лойиҳаси доирасида оила, оналик ва болаликни ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида ижтимоий ҳамкорликнинг асосий жиҳатлари ўрганилмоқда. Мазкур лойиҳа доирасида амалга оширилаётган ишлар ўз самарасини кўрсатмоқда.

Анжуман иштирокчилари “Оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш тизимидаги ижтимоий ҳамкорликнинг долзарб масалалари”, “Ота-оналар қаромиғисиз қолган болалар ҳақида институтционал ғамхўрлик тизимини модернизациялашда ижтимоий ҳамкорлик”, “Алоҳида эҳтиёжманд болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва жамиятга интеграциялаш”, “Оналик ва болаликни ижтимоий ҳимоя қилиш – ижтимоий иш йўналиши сифатида” деб номланган шўъбаларда “Она ва болаларни ижтимоий химоялаш борасида қонун ижодкорлиги”, “Республика болалар ижтимоий мослашув маркази – мажмуавий амалий кўрсатиш маскани”, “Бола ҳуқуқларини таъминлашда давлат ташкилотлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ижтимоий шерикликнинг ўрни”, “Детские Деревни Узбекистана в обеспечении альтернативной семейной опеке детям, оставшимся без попечения родителей и профилактике социального сиротства”, “Качество подготовки по социальной работе как фактор профессионализации”, “Ижтимоий хизмат тушунчасининг илмий талқини ва таснифи” мавзуидаги маърузаларни катта қизиқиш билан тингладилар.

Конференция ишида бу борада тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.