Тошкент вилояти ҳокимлигида маҳаллий вакиллик органлари фаолиятини ташкил этиш масалаларига бағишланган минтақавий семинар ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси томонидан ташкил этилган тадбирда сенаторлар, халқ депутатлари Сирдарё, Жиззах, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳри, ушбу ҳудудлардаги туман, шаҳар Кенгашлари депутатлари, ҳокимликлар ташкилий назорат гуруҳлари раҳбарлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Президентимиз томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси аҳолини ҳуқуқий ахборот билан таъминлашда янги босқични бошлаб бергани таъкидланди. Концепцияга мувофиқ, қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳукумат ва ижро тузилмаларининг қонунлар ижроси ҳамда устуворлигини таъминлашдаги масъулиятини янада оширди. Миллий қонунчилик базасининг изчил такомиллаштирилаётгани мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳаларини ривожлантириш, қонунлар ижросини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоялашда муҳим омил бўлаётир.
Тадбирда давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштириш соҳасида амалга оширилаётган ишлар, хусусан, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолиятининг сифат жиҳатдан ижобий томонга ўзгараётгани, жойлардаги долзарб ижтимоий-иқтисодий масалаларни аниқлаш ва ҳал этишда маҳаллий вакиллик органларининг роли ва аҳамияти ортаётгани қайд этилди.
2014 йилнинг 1 январидан кучга кирган Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодексида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар Кенгашларининг бюджет соҳасидаги ваколатлари аниқ белгилаб берилди. Мазкур кодексга мувофиқ маҳаллий Кенгашлар маҳаллий бюджетларни қабул қилиш билан бирга, уларнинг тегишли даврдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни ҳар чоракда кўриб чиқиш ваколатига ҳам эга бўлди.
2014 йил 16 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (32, 78, 93, 98, 103 ва 117-моддаларига)”ги қонунга мувофиқ, Конституциямизнинг 103-моддаси иккинчи қисм билан тўлдирилиб, вилоят, туман ва шаҳар ҳокими тегишли халқ депутатлари Кенгашига вилоят, туман, шаҳар ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисоботлар тақдим этиши, улар бўйича халқ депутатлари Кенгаши томонидан тегишли қарорлар қабул қилиниши конституциявий тарзда белгилаб қўйилди.
Семинарда маҳаллий вакиллик органлари фаолиятини ташкил этишнинг ҳуқуқий асослари, жумладан, кейинги йилларда қонунчиликка киритилган янги нормаларни амалга ошириш механизмлари муҳокама қилинди. Бу борадаги камчиликлар танқид қилинди. “Маҳаллий вакиллик органлари фаолиятини ташкил этишнинг ҳуқуқий асослари ва уларни амалга ошириш механизмлари: амалиёт, тажриба ва истиқболдаги вазифалар”, “Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари томонидан қабул қилинадиган қарорларга қўйиладиган талаблар: амалиёт, муаммолар ва уларнинг ечими”, “Маҳаллий вакиллик органлари ва оммавий ахборот воситаларининг ўзаро ҳамкорлигини кучайтиришнинг долзарб масалалари” каби мавзуларда маърузалар тингланди.
– Маҳаллий вакиллик органлари фаолиятини ташкил этишнинг ҳуқуқий асослари, жумладан, кейинги йилларда қонунчиликка киритилган янги нормаларни амалга ошириш механизмларини изчил татбиқ этиб бориш муҳим масаладир, – дейди Олий Мажлис Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Т.Мадумаров. – Таҳлилларга кўра, маҳаллий Кенгашларда қонуний ваколат ва имкониятлардан етарли даражада фойдаланилмаяпти. Жумладан, маҳаллий Кенгашлар сессияларида муҳокама этилиши кўзда тутилган масалаларни ўз вақтида мукаммал тарзда тайёрлашга эътибор қаратилмаяпти. Семинарда шу ва бошқа масалалар бўйича иштирокчиларнинг фикр-мулоҳазалари ўрганилди, камчиликларни бартараф этиш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган аниқ вазифалар белгилаб олинди.
И.Аввалбоев, ЎзА