БАА пойтахтида кўчмас мулк ижарасига янги солиқ жорий этилди
Глобал иқтисодий инқироз туфайли, Бирлашган Араб Амирликлари ҳукумати деярли ҳар ой маҳаллий ва хорижий фуқаролар учун янги-янги йиғин ва солиқлар жорий этмоқда. Бу сафар Дубай билан энг қиммат амирлик шаҳри мақоми учун курашга киришган Абу-Даби амирлигида янги солиқ тури пайдо бўлди, деб ёзмоқда National газетаси. Эндиликда БАА пойтахти маҳаллий бюджети ижарага олинган кўчмас мулк солиғи ҳисобига ҳам тўлдирилади.
Нашр маълумотларига кўра, солиқ миқдори ижара қийматининг 3 фоизини ташкил этиб, фақатгина хорижликлардан коммунал тўловлар билан бирга ҳар ойда бир маротаба олинади. Шу билан, пойтахтдаги хорижликлар истиқомат қилаётган ҳар икки хоналик хонадондан йилига камида 1,5 минг доллар йиғиб олиниши кутилмоқда.
Янги солиқ тўғрисида февраль ойидаёқ эълон қилинган бўлиб, унинг Дубайдагидан 2 фоизга камлиги эътиборга олинса, кўчмас мулк бозорига сезиларли салбий таъсир кўрсатмаслиги керак.
Аммо кўчмас мулк масалалари бўйича консалтинглик фирмаси Chestertons таҳлилчиларининг фикрича, "БААда кўчмас мулк ижараси учун нарх шундоқ ҳам юқори бўлган бир вақтда, янги солиқ хонадонни ижарага олиш масаласида ҳал қилувчи ўрин тутиши мумкин".
"Ҳар бир ҳаракат қаршиликни келтириб чиқаради, шундай экан, ижарачилар ижарага берувчилардан ушбу солиқ шартнома суммасига киритилишини талаб қилишлари аниқ, — дейди агентлик вакили Диклан Макнотон. — Биз шундоқ ҳам, кўплаб ижарачилар пойтахтдан кўчишини кутаётган бир вақтда, янги солиқ бу жараённи тезлаштиради, холос".
National нашри ўтказган сўровларга кўра, БАА фуқаролари ҳукуматнинг ушбу ташаббусига танқидий баҳо беришган. "Ойдан ойга яшаш тобора оғир ва қиммат бўлиб бормоқда, — деб қайд этган Абу-Даби фуқароси Ашраф. — Дастлаб автомобиль тўхташ жойи нархининг кўтарилиши, сўнгра аэропорт йиғинлари, энди эса ижара солиғи".
Абу-Даби ҳокимияти ижара солиғи билан деярли бир вақтда амирлик меҳмонхоналари хизматидан фойдаланганлик учун нархни 4 фоизга оширишга қарор қилди. Аслида, йирик анжуман ва фестиваллар ўтказилганда, БААдаги меҳмонхоналар мижозлари кунлик 150 долларлик қўшимча ҳақ тўлашга мажбур бўлишади.