Eр юзидаги ҳайвонларнинг 33 фоизи бутунлай йўқ бўлиб кетиш арафасида
30 апрель куни Кения пойтахти Найробида “қора бозор”да сотилаётган бир вақтда мусодара қилинган 105 тонна фил суяги ва бир тонна каркидон шохи ёқиб юборилди. Тадбир қимматбаҳо суяк ва шохларнинг қонунга зид равишда сотилишига қарши бўлган табиатни муҳофаза қилувчи ташкилотлар томонидан ўтказилди. Шу тариқа мавжуд муаммога кенг жамоатчилик эътиборини жалб қилишга уринилди. Мухбирларнинг хабар қилишича, ёқилган фил суякларининг баҳоси 100 миллион долларни, каркидон шохларининг нархи эса 80 миллион долларни ташкил қилган. Фил ва каркидонларни ҳимоя қилиш мақсадида ўтказилган тадбир муносабати билан мамлакат президенти Ухуру Кениатта баёнот бериб, Осиё мамлакатларида талаб ортиб бораётган фил суяги билан савдо-сотиқлар тўхтатилиши кераклигини эслатиб ўтди. Президентнинг сўзларига қараганда, браконьерлик халқаро уюшган жиноий гуруҳлар томонидан қўллаб-қувватланмоқда экан. Бу, ўз навбатида, коррупцияни келтириб чиқармоқда. Интерполнинг ёввойи табиатни муҳофаза қилиш бўлимининг йиллик бюджети 300 минг долларни ташкил қилиши ҳам муаммони бартараф этишга имкон бермаслиги кундек равшан. Экзотик ҳайвонларнинг ноқонуний савдоси кўплаб инсонларнинг ҳалок бўлишига ҳам сабаб бўлади. Ҳайвонларни ҳимоя қилиш халқаро жамғармаси (IFAW) маълумотларига кўра, қуролли браконьерлар томонидан Африкада ҳар йили юздан ортиқ егер ўлдирилади.
Бугунги кунда жаҳон мамлакатларининг хуқуқ-тартибот идоралари жиноятчиликнинг янги турлари, жумладан, ҳайвонат ва ўсимликлар дунёси билан боғлиқ янги жиноятлар пайдо бўлаётганидан бонг уришмоқда. Мутахассисларнинг фикрича, бу каби жиноятлар оқибатида каркидон ва филларнинг ҳаёти хавф остида қолган. Буюк Британиядаги табиатни муҳофаза қилувчи ташкилот вакилларининг фикрича, агар мавжуд муаммоларнинг олди олинмайдиган бўлса, у ҳолда орадан 20 йил ўтиб, ёввойи табиатда фил ва каркидонлардан асар ҳам қолмайди. Таҳлилчиларнинг фикрича, ҳар йили браконьерлар томонидан Африкада 35 минга яқин фил ва мингдан ортиқ каркидон ўлдирилади. Бунга жаҳон “қора бозори”да фил суяги ва каркидон шохига бўлган талабнинг ортиб бориши сабаб бўлмоқда. Шуни таъкидлаш керакки, ўтган асрнинг 70-йилларида Африка мамлакатларида 1 миллион 200 минг фил рўйхатга олинган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 400 мингтани ташкил қилади.
Фаоллар фил суяги ва каркидон шохидан маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналар ва бу маҳсулотлар билан савдо қилувчи дўконларнинг беркитилишини талаб қилишмоқда. Бундан ташқари, браконьерларга нисбатан жазо чоралари кучайтирилиши ва йўқолиб бораётган ҳайвонларни ҳимоя қилиш мақсадида жиддий тадбирларни амалга ошириш лозимлиги ҳам айтилади. Олимларнинг фикрича, фил ва каркидонларнинг йўқолиб кетиши табиатга ҳам жиддий зиён келтириши мумкин. Ёввойи табиатда каркидоннинг инсондан бошқа душмани йўқ. Экспертларнинг фикрича, браконьерлар шу қадар кўп филларни ўлдирмоқдаки, бу жониворлар кўпайишига имконият бўлмаяпти.
Кения Африка филлари бутунлай йўқ бўлиб кетган мамлакатлар қаторига кирган. Бурунди, Гамбия, Мавритания ва Свазилендда ҳам филлар бутунлай йўқ бўлиб кетди. Айни дамда филлар бир қатор мамлакатларда давлат муҳофазасига олинган.
Биргина Мозамбикда браконьерлик саноат даражасига чиқиб олди. Сўнгги 8-10 йил мобайнида бу мамлакатда браконьерларга нисбатан деярли жазо қўлланилмади. Шундан сўнг ҳукумат браконьерлик тўғрисидаги қонунга ўзгартиш киритишга қарор қилди. Бу қонун 2014 йил сўнггида кучга кирди. Унга кўра браконьерларга нисбатан 12 йиллик қамоқ жазоси қўлланилади. Унгача эса браконьерлар озгина жарима тўлашар ва уларнинг ўқ отар қуроли мусодара этиларди, холос.
Жаҳондаги каркидонларнинг 93 фоизи Жанубий Африка Республикасида яшайди. Мазкур мамлакатда авваллари бир йилда ўлдирилган каркидонлар бугунги кунда бир ҳафтада йўқ қилинмоқда. Браконьерлар жониворларни ўлдириб, фақат шохларини кесиб олишади. Вазият шу даражага етиб бордики, эндиликда ҳукумат Крюгер Миллий боғи чегараларини қўриқлашга мунтазам армия бўлинмаларини юборди. Шунингдек, егерлар сони ҳам кўпайтирилди. Кўрилаётган чора-тадбирлар натижаси ўлароқ ўлдирилаётган жониворлар сони билан бир қаторда қўлга олинган браконьерлар ҳам ортиб бормоқда.
Каркидон шохининг оғирлиги 15 килограммни ташкил қилиб, ҳар бир килограмм учун 65 минг доллар тўланади. Бу олтин нархидан ҳам қиммат деганидир. Каркидон шохидан, асосан, Шарқ табобати ва заргарлик маҳсулотларини ясашда фойдаланилади, шунингдек, Яқин Шарқ мамлакатларида пичоқ сопи ясалади. Бу, ўз навбатида, нафақат тирик фил ва каркидонга, балки музейларга қўйилган экспонатларга ҳам қизиқишни кучайтириб юборди. Европол маълумотларига кўра, 16 мамлакатдаги табиат музейларига халқаро жиноий гуруҳ камида 58 марта ўғирликка тушган. Тўғри Европа мамлакатлари қўл қовуштириб ўтирганлари йўқ. Масалан, Францияда фил суяги ва каркидон шохидан ясалган буюмларнинг аукционга қўйилиши тақиқланди. Европадаги бир қатор музейларда каркидон шохлари беркитиб қўйилмоқда. Берндаги Табиат Музейидаги олтита каркидон шохи ёғоч шох билан алмаштириб қўйилди.
БМТ маълумотларига кўра, ўсимлик ва ҳайвонларнинг ноқонуний савдо айланмаси бир йилда 8–10 миллиард долларни ташкил қилади. Экзотик ҳайвонлар савдоси даромад топиш бўйича ноқонуний гиёҳванд моддалар, қурол-яроғ ва одам савдосидан кейинги тўртинчи ўринда туради. Браконьерлар нафақат фил ва каркидонлар ҳисобига, балки Амазонка ҳавзасида яшовчи ноёб паррандалар ҳисобига ҳам кун кечиради. Бразилиядаги бир дона ноёб ва чиройли тўтининг баҳоси 90 минг долларга тенг эканлигидан кўп нарсани англаш мумкин. Экзотик ҳайвонлар контрабандаси билан шуғулланувчи жиноий гуруҳлар маҳаллий полиция, ҳарбий, ярим ҳарбий ташкилотлар ва исёнкорлар билан тил бириктираётганидан ҳам асло кўз юмиб бўлмайди. Таҳлилчиларнинг фикрича, ҳайвонлар контрабандасидан топилган маблағлар айрим минтақаларда фуқоролар уруши ва террорчиларни молиялашга сарфланмоқда.
Бу иллатга қарши халқаро шартномалар қабул қилинаётган, ҳукумат ва ноҳукумат ташкилотлари кўраётган чора-тадбирларга қарамай ҳайвонлар қимматбаҳо териси, суяги ва гўшти учун овланишда давом этмоқда. Фил суягининг ноқонуний савдоси эса бир йилда 165 миллион доллардан 188 миллион долларга чиқади. Каркидон шохлари савдоси эса 63 миллион доллардан 192 миллион долларни ташкил қилиши айтилади. Браконьерларнинг айби билан ҳайвонат ва ўсимликлар дунёсининг айрим турлари йўқ бўлиб кетиш ёқасига келиб қолди. Дарҳақиқат, сайёрамиздаги биохилма-хиллик кун сайин қисқариб бормоқда. Олимларнинг фикрича, инсоният тарихидаги бу галги ҳайвонат дунёсининг йўқ бўлиб кетиши ҳисоб бўйича олтинчиси экан. Бундан авалги беш марта биохилма-хилликнинг йўқолиши оқибатида қандай фожеалар юз берганини тахмин қилиш мумкин. Энг фожеали томони шундаки, бу гал биохилма-хиллик инсонларнинг айби билан йўқолмоқда. Уч авлод кўз ўнгида ҳайвонларнинг оммавий қирилиши юз беради.
1500 йилдан шу кунга қадар саноат ривожланиши ва атроф-муҳитнинг ифлосланиши туфайли ёввойи табиатда ҳайвонларнинг 320 дан ортиқ тури йўқ бўлиб кетган. Ҳайвонот ва ўсимликлар дунёсининг камайиб кетиши иқлим ўзгаришларига салбий таъсир кўрсатишини асло ёддан чиқариш керак эмас. Стэндфорд университети олими, биолог Родольфо Дирцонинг сўзларига қараганда, бугунги кунда ер юзидаги ҳайвонларнинг 16 фоизидан 33 фоизи бутунлай йўқ бўлиб кетиш арафасида турган экан. Буларнинг ҳаммаси биз инсонларнинг айби билан бўлаётганини ёддан чиқармайлик. Инсон бўлиб келдик, инсон бўлайлик. Ер нафақат биз инсонларнинг, балки катта ва кичик, йиртқич ва мулойим, хунук ва чиройли ҳайвонларнинг ҳам уйи эканини унутмайлик. Нима бўлганда ҳам жониворларнинг ҳар бири ўзига хос бўлиб уларни сақлаб қолиш табиатдаги мувозанатни сақлаб туришга хизмат қилади.
Шарофидин Тўлаганов