Жамият | 19:06 / 02.05.2016
48598
9 дақиқада ўқилади

Шаҳобиддин Холиқов: "Укам Ҳусниддиннинг “Ўзбекистон” қўшиғини бошқалар айтишини тақиқлайман!"

“Ўлган муҳаббат”, “Хаёл”, “Севги”, “Севги қўшиғи”, “Сарсон муҳаббат”, “Фиғонким”, “Кел-кел”, “Ширин”, “Ўзбекистон”, “Соғинч” каби машҳур қўшиқлар муаллифи ушбу машҳур қўшиқлар муаллифи, уларни маромига етказиб куйлаган ширали ва жозибали овоз соҳиби Ҳусниддин Холиқовни ёдга олдик... 

Шаҳобиддин Холиқов (акаси, продюсер): —  Хонандаларнинг овозини компьютер дастури орқали тайёрлаш бўйича Ўзбекистонда биринчи мутахассис Ҳусниддин бўлган. Кушен исмли йигит жаҳон стандартларига мос келадиган студия очган эди. Укам ўша студияда оператор бўлиб, “Ялла” гуруҳи қўшиқлари мусиқасини ёзиб, бошқа кўплаб санъаткорлар билан ҳам ҳамкорликда ишларди. Укам Муҳриддин Холиқов ижодининг етмиш фоиз мусиқаси ҳам Ҳусниддинга тегишли эди. Қаерда бўлмасин, укаларим бирга эди. “Сумалакдан тош топдим” Ҳусниддинниг дебьют қўшиғи эмас. Илк маротаба у раҳматлик шоир Зоҳиджон Обидовнинг “Нозлана-нозлана” қўшиғини куйлаб, клипи билан эфирга узатган эди. Бу клип 1989 йилда Ўзбекистонда яратилган илк клип бўлган. 
Қўшалоқ дард  оғирлик қилди...

—  Ҳусниддин 90-йилларнинг охирларидаёқ соғлиғини йўқота бошлаганди. Кўпчиликка сир эмас, у спортнинг каратэ тури билан ҳам шуғулланарди. Илгари бизда бу спорт унчалик яхши ривожланмаган, шуғулланиш тақиқлаб қўйилганди. Ўша пайтда укам биздан яширинча Белорусга бориб жангга тушган ва умуртқанинг мияга уланган қисмидан жароҳат олган. Бунинг таъсири йиллар ўтганидан сўнг сезилди. Аввал ўнг қўли ишламай, кейинчалик бу оёқларига ҳам таъсир кўрсатди. Укам мусиқа чалишни тўхтатиб қўйди, бош оғриғидан қийналди. Муҳриддиннинг ўлими эса уни янада чўктириб қўйди... Билмадим... (бироз сукут сақлаб) балки бу ҳам Худонинг бир синовидир?

Оз умр кўргани, боис репертуарида унча кўп қўшиқ яратилмади. Қўшиқлари нари борса 35 тадан ортади. Бугунги кунда унинг ижодига яқин йўналишда Шохруҳхон, Улуғбек Раҳматуллаев, Жасур Умиров, Умар Шамсиев, Умид Шаҳобов каби санъаткорлар ижод қилиб келмоқда. Агар укам ҳаёт бўлганида бугун унинг шогирдлари кўп бўлиши мумкин эди...

Ҳусниддин аслида 13 ёшлигидаёқ машҳурликка даъвогарлик қилиб, “Ойижоним яхшилар” номли қўшиғи билан илк маротаба Камолиддин Раҳимов, Ортиқ Отажонов, Шерали Жўраевлар каби грампластинка чиқарган эди.

Ўша пайтда грамплатинкага чиқиш маъсулият талаб қилар, фақат катта ҳофизларгина бунга лойиқ топиларди.

Ушалмаган катта армони...

— Ҳусниддин мусиқа соҳасида нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон талабларига мос бўлган бастакор эди, десам муболаға бўлмайди. Глиэрда ўқиб юрган пайтларидаёқ жаҳон классикаси, асосан, Бах, Бетховенлар ижоди билан танишиб, ўрганиб чиққан эди. Майкл Жексоннинг қўшиқларини мароқ билан тингларди. Ўзбек мусиқаларини эса маромига етказиб чала оларди. Қирқ ёшга тўлганида укам "Энди вақти етди, мақом билан шуғулланаман”, деб тор, соз чалиш билан шуғуллана бошлади. Мақом йўлларини ўрганиб, куйлаб, шу йўналишга ҳам ўзининг оз бўлса-да, ҳиссасини қўшмоқчи эди. Афсуски, бу катта армон бўлиб қолди... 
“Ўзбекистон” қўшиғига тегманг, у ягона!

— Ҳусниддининг нафақат “Сумалакдан тош топдим”, балки бошқа жуда кўплаб қўшиқларини бугунги кунда ёш санъаткорлар қайта куйлаш учун сўрашяпти. Мен уларга “Ўзбекистон” қўшиғига тегманг, бошқа исталган қўшиқни куйланг, деб рухсат бераман. Бир синглимиз бир маротаба “Ўзбекистон” қўшиғини куйлаб чиқди, барибир тилга тушмади. Чунки ўз вақтида Ҳусниддин ушбу қўшиқни маромига етказиб куйлаб, кўплаб тингловчи ва санъаткорлар томонидан тан олинган эди. Шу боис бу қўшиқ ҳам, унинг ижрочиси ҳам ягона бўлиб қолади. Бошқа кимдир уни куйлаб, эфирга узатишини тақиқлайман!

Санъат дунёсидан ташқарида...

Укам ҳаётда мўмин-қобил, бировнинг кўнглини оғритиб қўйишдан чўчийдиган инсон эди. Муҳриддин эса бироз бошқачароқ, дангал, чўрткесар эди. Ҳусниддиннинг оилада уч нафар қизи, бир ўғли бор. Насиб этса, Ҳусниддиннинг ёлғиз ўғли Аслиддин отасининг изидан бормоқчи.
Оилавий эсдалик бўлиб қолди...

Тўлқиной Қорабоева (опаси): — Укам Ҳусниддин беш ёшидан саҳнага чиққан эди. Мактабдаги бўладиган тадбирлар, Тошкентнинг кўпгина тўйлари ўша кезларда укамсиз ўтмасди. Ҳаётда жуда ҳам камтарин, камгап бола эди. “Сумалакдан тош топдим” қўшиғига клип тасвирга олинаётган пайтда қизларим, Шаҳобиддин акамнинг қизлари, Озодбек Назарбековнинг аёли Назокат, укамнинг аёли Дилноза, барчамиз жам бўлиб суратга тушган эдик. Бу оиламиз учун ҳам эсдалик бўлиб қолди.

Билдирилган ишонч унинг ёшидан катта эди...

— Ёдимда, укам, онам ва мен Ригадаги Дубулти ёзувчилар дачасида ҳордиқ чиқаргандик. У ерда фақат ёзувчилар, мусиқачилар, композиторлар, сиёсий шарҳловчилар дам оларди. Бир куни биз дача кинотеатрида фильм томоша қилганимиздан сўнг бир шоира аёл қизи пианино чалиб беришини айтди ва ўтирганлардан кетиб қолмасликларини илтимос қилди. Ҳалиги қиз пианинони хато қилмасдан, яхши чалди. Аммо ҳақиқий санъаткор юракдан чалиши керак-да. Шунда мен онамга Ҳусниддин ҳам чалсин, дедим. Онам раҳматлик зукко, билимдон, ҳар бир сўзни топиб, кифтини кифтига келтириб гапирадиган аёл эди. Онам ўрнидан туриб, “Энди менинг кенжатойим ҳам ўз  ҳунарини кўрсатади”, дедилар. Ҳамма нимани қойиллатар экан, деб ҳайрон. Шунда Ҳусниддин Бетховеннинг “Элизе”сини чала бошлади. Зал сув қуйгандек жим-жит, барча мусиқани диққат билан тингларди. Укам чалишдан тўхтаганида эса ҳамма ўрнидан туриб қарсак чалиб юборди.
 
Ижод соҳасидагилар олқишини олиш, улар қалбига кириш жуда мушкул. Лекин укам бунинг уддасидан чиқа олганди. Ўшанда унга жуда кўп яхши таклифлар бўлди. Ҳатто зал директори шахсан ўзи келиб, 14 яшарлик укамга хоҳлаган вақтда кириб машқ қилиши учун кинотеатр зали калитини берди. Кичкина болага шунча катта ишонч билдирилганди... У шундай ажойиб истеъдод эгаси эди. Афсус, орзулари армон бўлди. Соғлиғи панд бериб қўйди.

Тунни тонгга уларди...

Фарангиз Холиқова (қизи): — “Сумалакдан тош топдим” қўшиғи яратилган пайтда мен энди дунёга келган чақалоқ бўлганман. Шу боис қўшиқ яралиш жараёнига бевосита гувоҳ бўлмаганман. Аммо бу қўшиқ дадамнинг репертуаридаги энг омадли қўшиқлардан бири бўлган, дейиш мумкин. Ушбу қўшиқни кейинчалик иккита опам замонавий тарзда куйлаб чиқишди.  Ҳозир дадам куйлаган нусхасини ҳам, опаларимнинг хонишларини ҳам тез-тез тинглаб тураман. Қўл телефонимда қўшиқ эшитадиган бўлсам, биринчи бўлиб дадамнинг ашулаларидан бошлайман. Дадамнинг қўшиқлари менга эскидек туюлмайди. Агар ҳаёт бўлганларида, ҳозир ўша ашулаларини айтганларида бугун ҳам хит даражага чиққан бўларди, назаримда.

Дадам ижод қилишни яхши кўрар, тунни қўшиқлар ёзиб тонгга уларди.

Оилада яхши ота, биз фарзандларига дўст, жуда ҳам болажон ва меҳрибон инсон бўлган. Бу қиз бола, деб ҳеч қачон ажратмаган. Опам билан соатлаб мусиқа чалиб ўтиришарди. Қисқа қилиб айтганда, дадамнинг истеъдодини Аллоҳ юқтирган эди.

Қисқача маълумот: 
•  1963 йил 24 декабрь Наманган шаҳрида туғилган.
•  1980 йилда Глиэр номли мусика мактабини тамомлаган.
•  1980 йилда ҳужжатларини Ўзбекистон Давлат Консерваториясининг миллий чолғучилик факультетига топширган. (Ҳусниддин Холиқовнинг яқинларига кўра, ўқитувчиларнинг биридан қаттиқ хафа бўлиб, ўқишни ташлашга мажбур бўлган)
•  1996-1997 йилларда “Пушен” студиясида фаолият юритган. 90-йилларда “9999” аудио-студиясини ташкил этиб, уни бошқарган.

P/S: Шахсан ўзим ушбу суҳбатни оққа кўчириш жараёнида Ҳусниддин Холиқов севиб чалган Бетховеннинг “Элизе” сини тингладим. Ана шуда эса қалби санъатга чанқоқ бўлган илоҳий истеъдод эгасининг бугун орамизда йўқлиги беихтиёр қалбимни ўртаб юборди. Аммо у  ўзи яратган мусиқа оҳангларида, ёқимли хонишларида, қолаверса, биз каби тингловчилари хотирасида  мангу  барҳаётлигини ўйлаб,  кўнглим таскин топди...

Моҳичеҳра Эшмирзаева