Иқтисодиёт | 16:38 / 03.05.2016
3722
2 дақиқада ўқилади

2016 йилнинг 1-чорагида Ўзбекистонда ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми 732 млн долларни ташкил этди

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Давлат статистика қўмитаси Ўзбекистон Республикасини 2016 йилнинг биринчи чорагида ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларини эълон қилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Унга кўра, 2016 йилнинг 1-чорагида Ўзбекистонда ўзлаштирилган хорижий инвестициялар ҳажми 732 млн долларни ташкил этди, шундан 563 млн долларлик қисми тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобланади.

Ўзлаштирилган хорижий инвестициялар ҳажми 2015 йилнинг биринчи чорагига нисбатан 14,4 фоиз ўсди.

Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан иқтисодиётнинг стратегик тармоқларида йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун ўзлаштирилган маблағлар ҳажми 14,3 фоизга кўпайди.

Хомашё ва ярим фабрикатларни чуқур қайта ишлаш асосида рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича юқори технологияли замонавий ишлаб чиқаришларни фойдаланишга топширишни жадаллаштириш борасида кўрилган чора-тадбирлар натижасида инвестициялар ҳажми 8,5 фоиз ўсди. Жорий йилнинг биринчи чорагида ўзлаштирилган капитал қўйилмалар таркибида марказлаштирилмаган инвестициялар нисбатан катта ҳажмни (умумий ҳажмнинг 80,7 фоизи) ташкил этди. Шунинг 34,2 фоизи хўжалик субъектларининг ўз маблағларидир.

Жорий йил бошидан буён Инвестиция дастури доирасида 368 янги инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бошланди, умумий қиймати 76,4 миллион долларлик 12 йирик ишлаб чиқариш қувватлари фойдаланишга топширилди. Хусусан, «Мейлисой кони қурилиши», «Жиззах пластмасса» акциядорлик жамиятида полиэтилен плёнка ва қувурлар, «Ангрен» махсус индустриал зонасида чарм-галантерея буюмлари, «Жиззах» махсус индустриал зонасида шиша толасидан иссиқлик изоляция буюмлари, кенг турдаги электр қурилма ва электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш шулар жумласидандир. Шунингдек, «Бухородонмаҳсулотлари» ва «Навоийдонмаҳсулотлари» акциядорлик жамиятлари тегирмонларида энергия тежайдиган ускуналар ўрнатиш ҳисобидан техник қайта жиҳозланди ва бошқа қатор лойиҳалар амалга оширилди.