Жаҳон | 11:13 / 10.05.2016
9043
3 дақиқада ўқилади

ОАВ: Пентагоннинг фикрича Россия ва Хитой АҚШга фазода ҳужум қилиш салоҳиятини кучайтирмоқда

The Washington Post нашрининг АҚШ мудофаа вазирлиги вакилларидан иқтибос келтиришича, Россия ва Хитой ишлаб чиқараётган технологиялар АҚШга фазода ҳужум қилиш имконини беради. 

"Пентагон вакилларининг баёнот беришларича, АҚШнинг Ироқ ва Афғонистондан қўли бўшамаётган бир вақтда, Россия ва Хитой Қўшма Штатларга фазода ҳужум қилиш имкониятини кучайтирмоқда. Ҳозирда Россия, Хитой ва бошқа давлатлар АҚШнинг космосда барпо этган миллий хавфсизлик инфратузилмасини барбод этиш имконини берадиган технологиялар ишлаб чиқаётгани мудофаа вазирлиги вакилларининг хавотирига сабаб бўляпти", деб ёзади газета.

Газета шунингдек, АҚШ давлат котибининг қурол-яроғлар назорати, келишувларга риоя этиш ва текширув масалалари бўйича ўринбосари Фрэнк Роузнинг сўзларини келтиради. 

"Мен Хитой ва Россиянинг космик мудофаага қарши мудофаа тизимлари кучайишидан ташвишдаман. Аммо, АҚШ ўзаро зиддиятлар фазовий минтақаларга ҳам кўчишига қаршилик қилишга уринмоқда. Бизнинг дипломатик стратегиямиз ҳам ушбу мақсадни кўзлайди. Космос можаролари ҳеч кимнинг манфаатларига жавоб бермайди".

The Washington Post нашрининг ёзишича, Пентагон Хитойнинг яқинда ўтказган ракета синовларидан хавотирда. Ўшанда расмий Пекин фазодаги ишдан чиққан сунъий йўлдошларни ракеталар ёрдамида йўқ қилган эди. Шундай ракеталардан бири эса, "юқори аниқликдаги авиабомбалар ва рақибни кузатишга оид АҚШ миллий хавфсизлигининг муҳим сунъий йўлдошлари яқинида портлаганди".

ХХР синовлари "Пентагон ва Америка разведкаси учун ўзига хос сигнал бўлди. Эндиликда, мудофаа маҳкамаси АҚШ ҳарбий кучлари космик қўмондонлиги раҳбари генерал Жон Хайтеннинг таъбири билан айтганда "фазодаги энг қадрли кўчмас мулк" учун миллиардлаб доллар сарфлашга қарор қилмоқда.

Нашрнинг ёзишича, ҳозирда "Пентагон Space Fence (фазовий тўсиқ) номли махсус тизимни ишлаб чиқмоқда. У космик чиқиндилар даражасини назорат қилиш имконини оширади".

Жорий йилда АҚШ мудофаа вазирлиги космик дастурлари учун 22 млрд доллар сарфлайди. Бундан ташқари фазовий тадқиқотлар учун 5 млрд доллар ажратган.