Жамият | 19:58 / 12.05.2016
6992
2 дақиқада ўқилади

Индонезия ҳукумати зўрлаш ва номусга тегиш жиноятларини содир этганларга нисбатан жазо чораларини кучайтирмоқчи

Индонезия ҳукумати зўрлаш ва номусга тегиш жиноятларини содир этганларни кимёвий усул билан "бичиш" ва қатл этиш жазосини қўллаш таклифини илгари сурмоқда, деб хабар қилмоқда ABC News.

Апрель ойида 14 ёшли қизнинг гуруҳли зўрланиб ҳаётдан кўз юмиши сабаб жамиятда вужудга келган норозилик кайфияти Жиноят кодекси меъёрларини қайта кўриб чиқишга асос бўлган. 

Шу ҳафтада 7 нафар ўсмир ушбу жиноятда айбдор деб топилиб, 10 йиллик қамоқ жазосига маҳкум этилди. 

Айтиш жоизки, мамлакат аёлларига нисбатан жинсий зўравонлик кенг тарқалган: кунига бу ерда 35та шундай жиноят рўйхатга олинади. Бироқ айни ушбу ҳодиса, жинсий тажовузларни содир этганлар учун жазони кескинлаштириш борасида мамлакат ҳукуматига туртки бўлди. 

Инсон ҳуқуқлари ва адлия вазири Ясон Лаоли умрбод қамоқ жазоси тайинлаш фикрини илгари сурган, мабодо жабрланувчи ҳаётдан кўз юмган бўлса, ўлим жазоси тайинланиши лозим. Сўнгги жазо чораси зўрланган аёл ногирон бўлиб қолган ҳолатга ҳам тегишли. 

Мамлакат президенти Жоко Видодо эса, кимёвий усул билан "бичиш" жазосини маъқуллаган. Давлат раҳбари, жинсий тажовуз болаларга нисбатан содир этилган бўлса, жазони ҳам кучайтириш лозимлигини қайд этган.
Жиноят кодексига киритилган ўзгартишлар 12 майдан бошлаб кучга кириши мумкин. Бунинг учун Индонезия президентининг фармони бўлса кифоя. 

Бироқ ҳуқуқ ҳимоячилари бу каби ташаббусларга бирмунча хавфсираш билан ёндошмоқда. Хусусан, ҳуқуқшунос Харис Азхарнинг фикрича, инсон ҳуқуқлари жиҳатидан олиб қараганда жинсий зўравонликка қарши курашнинг бундай кескин кўриниши ваҳшийликдир.