Light | 19:21 / 13.05.2016
42351
4 дақиқада ўқилади

Ўзингизни текшириб кўринг: Сизда юрак хуружи хавфи борми?

Сизда миокард инфаркти хавфи қай даражада? Буни бир неча хавф-хатар омиллари ёрдамида баҳолаш мумкин. Уларни назорат қилинадиган ва назорат қилинмайдиган хавф омилларига ажратилади. Улар орқали инсон бу касалликка мойиллиги қай даражадалигини билиб олиши мумкин.

Ёқимсиз томони шундаки, аксарият хавф-хатар омиллари кўпчиликка хос. Ёқимли томони эса - уларнинг баъзиларини назорат қилиш ўзимизнинг қўлимизда эканлиги. 

Шундай қилиб, юрак хуружи хавфи омилларини иккита асосий гуруҳга бўлиш мумкин - биз ҳукмрон бўлмаган ва назорат қила олмайдиган ҳамда назорат қила оладиган ҳолатлар. 

Назорат қилинмайдиган хавф омиллари
Уларга биринчи навбатда ёш, жинс ва ген билан боғлиқ омиллар киради. Бундай вазиятда қўлимиздан ҳеч нарса келмайди. Шунингдек, назорат қилинмайдиган омилларга қуйидагилар киради:

Ирсият. Агар яқин қариндошларингиздан бири юрак касаллигига эрта йўлиққан бўлса, хавотир олишингизга асос бор. "Эрта" деганда нима назарда тутилади? Бу ерда эркаклар 50 ёшгача ҳамда аёллар 60 ёшгача бўлган даврда юрак касалликларига чалиниши назарда тутилган. 

Ёшингизга баҳо беринг, агар 55 ёшдан ошган эркак ёки 65 ёшдан ўтган аёл бўлсангиз, сизда ҳам хавотирга ўрин бор.

Шунингдек, агар сизнинг сурункали касаллигингиз бўлса, айниқса буйрак касалликлари. 

Юқорида қайд этилган назорат қилинмайдиган омиллар орасида ўзингизда учрайдиган ҳолатни кўрган бўлсангиз, қуйида келадиган иккинчи гуруҳдаги омилларни камайтиришга ва йўқ қилишга максимал даражада ҳаракат қилишингиз зарур. 

Назорат қилинадиган хавф омиллари
Қуйида келтирилган ҳолатларга алоҳида диққат қилинса, юрак хуружи хавфини сезиларли камайтиради:

Чекиш. Бу ҳар қандай ёшда кучли хавф омили ҳисобланади. 

Гипертония. Юқори қон босими юрак хуружи ҳамда инсультга олиб келувчи асосий хавф омилидир. Гипертония 55 ёшдан катта кишиларда тез-тез учраб туради, шу боис қон босимингизда ўзгаришлар сезмасангиз ҳам, ҳар йили шифокор текширувидан ўтиб, соғлиғингизни назорат қилиб боринг. 

Холестерин ва триглицеридларнинг юқори даражаси. Улар хавф ошиши билан тўғридан-тўғри боғлиқ. 

Семизлик. Ортиқча вазн, айниқса бел ва қорин соҳасидаги "ғилдирак" вақтидан илгари "бу дунёни тарк этиш" эҳтимолини оширади.

Диабет. Тиббиёт картасида "диабет" ташхиси қўйилаётган кишилар сони кун сайин ортиб бормоқда. Бу аксарият ҳолатларда ортиқча вазн билан боғлиқ. Диабет, хусусан, қанд касаллиги ва метаболик бузилишлар атеросклероз ривожланишини тезлаштиради. Бунинг натижасида - юрак хуружини ҳам.

Жисмоний машқларнинг камлиги. Жисмоний машқлар билан шуғулланувчи кишилар кардиологга камроқ мурожаат қилиши илм-фан аҳли томонидан кўп марта исботланган.

Метаболик синдром. Бу диабетдан олдинги ҳолат ва у ҳам маълум бир маънода юрак касалликлари хавфини оширади.

С-реактив оқсилининг (гликопротеин) ошиши. Бу нисбатан янги хавф омили. Бу оқсилнинг кўпайиб кетиши тананинг фаол яллиғланишига олиб келади, бу эса ўз ўрнида қон томирларига салбий таъсир кўрсатади. 

Руҳий стресс. У юрак хуружи билан узвий боғланган.

Спиртли ичимликларни суиистеъмол қилиш

Аёллар учун яна иккита қўшимча омил:
Бир вақтнинг ўзида ҳомиладорликдан сақловчи дори воситаларини қабул қилиш ва чекиш. Бу айниқса 35 ёшдан ошган аёлларда юрак хуружи хавфини туғдиради. Агар чекишдан воз кечилса, хавф ортда қолади. 

Ҳомиладорлик давридаги қийинчиликлар. Ҳомиладорлик пайтида юрак хуружи - жуда камёб ҳодиса, бироқ учраб туради. 40 ёшдан ўтган аёллар ҳомиладорлигида бу ҳолатга дуч келиш мумкин.