ЖССТ ҳавоси энг ифлосланган шаҳарлар рўйхатини тақдим қилди
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳавоси энг ифлосланган шаҳарлар номини маълум қилди. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Энг ифлос ҳаво Эроннинг Забол шаҳрида бўлиб, бу ерда деярли бутун ёз ойлари қум бўронлари ҳукм суради. 2- ва 3-ўринни Ҳиндистоннинг Гвалиор ва Аллоҳобод, 4- ва 5-ўринни Саудия Арабистонининг Ар-Риёд ва Ал-Жубайла шаҳарлари эгаллади. Улар ортидан Ҳиндистоннинг Патна ва Райпур шаҳарлари келмоқда. 2015 йилда рўйхатга бошчилик қилган Ҳиндистон пойтахти Нью-Деҳли янги рўйхатда 11-ўринни эгаллади.
ЖССТ бу рейтинг тўлиқ бўлмаслиги, чунки унга вазият анча оғирроқ бўлган аҳоли пунктлари киритилмаган бўлиши мумкинлигини истисно қилмади. Ҳанузгача дунё бўйлаб кўплаб шаҳарларда ҳаво сифатини назорат қилиш тизими мавжуд эмас ва у ердаги ифлосланиш даражасини баҳолашнинг имкони йўқ.
ЖССТ маълумотларига кўра, ифлосланган ҳавога эга шаҳарларда аксарият ўпка саратони ва инфарктлар қайд этилади. Ҳар йили номақбул экологик вазиятга эга аҳоли пунктларида яшашга мажбур бўлган 7 млн дан кўпроқ одам вафот этади. Атроф-муҳитнинг ифлосланишига асосий сабаблар биринчи навбатда дизель двигателли автомобиллар чиқинди газлари, баланд биноларни иситиш ва совитиш тизимлари, ўз вақтида олиб чиқиб кетилмаган чиқиндилар, иссиқлик электр станцияларидан чиқадиган кўмир чанги ҳисобланади.