Коинотдаги митти бўлак ХКСдаги ойнага шикаст етказди
Европа коинот агентлиги (ESA) Халқаро коинот станцияси модулларидан бирининг иллюминаторидаги ойнада бир сантиметрлик дарз қаердан пайдо бўлганига аниқлик киритди. Ҳозирда станцияда бўлган фазогир Тимоти Пикнинг фикрича, бу дарзнинг пайдо бўлишига қум заррасидек келадиган коинот чиқиндиси сабаб бўлган. Бу ҳақда ESA сайтида маълум қилинди.
Зарба ХКСнинг модулида жойлашган томоша гумбазининг 7 та иллюминаторидан бирига тўғри келган. Бўёқ ёки металл заррача бўлиши мумкин бўлган кичик ўлчамдаги коинот чиқиндиси 4 қатламли ойнаванд панелни тешиб ўта олмаган. Бу ҳолат станциядаги фазогирларнинг ҳаёти ва ишига таъсир қилмади.
ХКС экипаж аъзоларини коинот чиқиндисидан ҳимоя қилиш учун метеоритларга қарши панеллар ва махсус элементлар билан жиҳозланган, улар станцияга коинот объектлари билан тўқнашишдан қочишга имкон беради.
Шу билан бирга, бир сантиметрлик коинот чиниқдиси станцияга жиддий зарар етказиши, 10 сантиметрлик бўлак эса уни парчалаб юбориши мумкин.
Баъзида станциянинг чиқинди билан тўқнашиш эҳтимоли шунчалик ҳақиқатга яқин бўладики, фазогирларни эвакуация қилишга тўғри келади. Охирги марта бундай ҳолат 2015 йил июнида юз берганди.