Бирлашган Миллатлар ташкилотининг Аҳоли пунктлари бўйича Дастури (UN Habitat) Ҳисобот эълон қилди. Унга кўра, 2030 йилга бориб ер юзи аҳолисининг учдан икки қисми жаҳон Ялпи Ички маҳсулотининг 80 фоизи тўғри келадиган шаҳарларда истиқомат қилади. Ҳужжатга кўра, бугунги кунда сайёрамиз аҳолисининг бешдан бир қисми глобал ялпи ички маҳсулотнинг 60 фоизи тўғри келадиган 600 та шаҳарда истиқомат қилаётган экан. Бу борада аҳолиси бир миллион кишидан кам бўлган катта ва кичик шаҳарлар тез ривожланаётган урбанистик марказлар сифатида кўрилган. Бу каби шаҳарларда ер юзи аҳолисининг 59 фоизи истиқомат қилади. Урбанизация — деганда қишлоқ аҳолисининг яхши ҳаёт илинжи ва иш қидириб шаҳарларга оқиб келиши тушинилади.

Ҳисобот муаллифларнининг фикрича, аҳолининг шаҳарларга келиб жойлашиш жараёнлари яқин 14 йил ичида Барқарор ривожланиш мақсадларининг рўёбга чиқиши имкониятларини яратиб беради. Шу билан бирга шаҳарларга аҳолининг жойлашуви назоратдан чиққудек бўлса, ёки режадан чиқиб кетса, у ҳолда одамлар ўртасида тенгсизлик келиб чиқади. Шаҳарларда харобалар кўпаяди ва иқлим ўзгаришларига олиб келади. Таҳлилчиларнинг фикрича, ўтган асрга нисбатан 21 асрда аҳоли ўртасида тенгсизлик ортиб бормоқда. АҚШ Аҳолини рўйхатга олиш Бюроси маълумотларига кўра, ер шари аҳолисининг сони шу йилнинг 1 январида 7 миллиард 300 миллион кишини ташкил қилган. Ер юзи аҳолиси илк бор 1804 йилда бир миллиард кишидан ошиб кетган эди. Икки миллиардлик статистика 1927 йилда қайд қилинди. Орадан 33 йил ўтиб, яъни 1960 йилда уч миллиардлик довондан ўтилди. 1974 йилда ер юзида тўрт миллиардан ортиқ киши истиқомат қиларди. 1987 йилда бу рақам беш миллиардга чиқди. Олтинчи миллиард 1999 йилда қайд қилинди. 2011 йилнинг октябрь ойида ер юзида яшовчилар сони етти миллиард кишига етди. 2030 йилга бориб сайёрамизда яшовчилар сони 8 миллиардан ошиб кетиши кутилмоқда.

Катта ва кичик шаҳарлар ўзгараётган жаҳон иқтисодиётининг марказларига айланиб бормоқда. Қишлоқлардан иш излаб келувчилар ҳисобига шаҳарлар кенгаймоқда. Инсоният тарихида илк бор жаҳон аҳолисининг катта қисми шаҳарларда истиқомат қилиши билан боғлиқ ҳодиса қайд қилинмоқда. Агар 1800 йилда шаҳарларда дунё аҳолисининг атиги 2 фоизигина шаҳарларда истиқомат қилгани ҳисобга олинадиган бўлса, бугунги кунда ер шари аҳолисининг 3 миллиард 900 миллиони шаҳарларда яшаши айтилар экан, бу жуда катта рақам эканини ойдинлашади. Шуни таъкидлаш керакки, 1950 йилда жаҳон аҳолисининг 30 фоизи ўзларини шахарликлар деб ҳисоблашарди. БМТ маълумотларига кўра, 2014 йилда ер шари аҳолисининг 54 фоизи шаҳарларда яшаган. Ҳар куни дунё шаҳарларига ўртача 180 мингга яқин киши келади.