Жамият | 11:44 / 25.05.2016
8884
3 дақиқада ўқилади

“Пойтахт” бизнес маркази ёнидаги бекатда ўйиб қўйилган чуқурликка 9 яшар болакай тушиб кетишига бир бахя қолди

Иш вақти тугаганидан сўнг уйга қайтаётиб, ҳар галгидек бекатда уйимга олиб борувчи маршрутни кута бошладим. Мени уйга олиб борувчи маршрут тўхтайдиган жой “Мустақиллик” майдони, “Пойтахт” номли баланд бизнес маркази иморати ёнида жойлашган.  Ҳозир мен тўхталмоқчи бўлган мавзу сиз суратда кўриб турган, мана бу чуқурлик тўғрисида...

Соат 19:40 лар чамаси бекатга келиб тўхтаган автобусга йўловчилар чиқиб олди. Суратда юзи тўсилган болакай эса уйига олиб борувчи автобусни кутиб,  ушбу бекатда биринчи маротаба турган бўлса керак, ҳайдовчидан  бормоқчи бўлган манзили томондан автобуснинг ўтиши ўтмаслигини сўраб қайтгач, ҳаёл билан бекатдаги чуқурликка орқа ўгириб келаётиб унга тушиб кетишига бир баҳя қолди.  Яхшиямки, ўз вақтида ўгирилгани, акс ҳолда жуссаси кичкина, озғиндан келган бола чуқурликка тушиб кетган, уёқ буёғи лат ейиши мумкин эди... 

Бола қоқилиб кетмаганидан хурсанд бўлиб, ўриндиққа бориб ўтиргач бир зум чуқурликка қараб ўйланиб қолди...  

Ачинарлиси, ушбу ҳолат биринчи маротаба такрорланаётгани йўқ. Очиғи, ўзим ҳам бир маротаба шу чуқурликка тушиб кетишимга бир баҳя қолган. Ҳар гал иш вақти тугаганидан сўнг уйга қайтаётиб, чуқурликка термилиб қоламан. Нима мақсадда ўйиб қўйилган ўзи? Наҳотки атрофини темир терсак билан беркитиш ёки темир панжара билан ёпиб қўйишнинг иложи бўлмаса? Тасаввур қилинг, тўрт беш яшар бола шу чуқурликка тушиб кетса ёки ёши улуғ бирор қария қоқилиб кетса... шўрликнинг  бирор аъзоси лат емай қолишига ким кафолат беради?  Қайсидир мақсадда олиб ташланган чуқурлик юзидаги панжара нега аввалги ҳолидек беркитиб қўйилмади? 

Ушбу саволлар билан Тошкент шаҳар йўл қурилиш ва таъмирлаш хизмати идорасига сим қоқдим. Қўнғироқларимиз жавобсиз қолгач,  Тошкент шаҳар йўл қурилиши бошқармасида фаолият юритиб келаётган, лавозимини сир тутган Т.Алиев исмли шахс биз назарда тутаётган чуқурлик айнан қаерда жойлашганини сўраб билиб олди ва туман йўлни таъмирлаш хизмати билан шуғулланувчи йигитларга айтиб қўйишини, бу масала ўз вақтида ҳал бўлишига ваъда берди. 

Демак, натижасини кутамиз. 

Зеро, соҳа мутахассислари бир оз ўз ишига маъсулиятлироқ бўлишса, ўйлаймизки, бу билан кўринишидан кичикдек туюлаётган масаланинг катта ёқимсиз ҳолатга айланишининг олди олинган бўларди...

Моҳичеҳра Эшмирзаева